Меню
Қашқадарё
ИСЛОҲОТЛАР САМАРАЛАРИ НАМОЙИШИ
"Ким эдигу ким бўлдик?" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган фотокўргазмада ижодкорнинг мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, маданият ва спорт, ёинки барча соҳалар ривожини ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоятдаги ижросини ёрқин тасвирларда акс эттирган юздан ортиқ фотолари намойиш қилинди. Эътиборлиси уларда жойлар, иншоотлар, корхона ва ишлаб чиқариш субъектларининг кечаги қиёфаси ва бугуни қиёсий тақдим этилгани истиқлолнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида теран хулоса чиқариш имконини беради. Шунингдек, кўргазмадан вилоятнинг истиқлолгача бўлган даврдаги ҳаётини ифодалаган фотосуратлар ҳам ўрин олдики, улар кенг жамоатчилик вакилларини беэътибор қолдирмади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қурбон Эгамбердиев, фахрий журналист Бўри Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Садриддин Салимов ва бошқалар Муродулла Комиловнинг ижод йўли, унинг фотосуратларидаги табиийлик ва таъсирчанлик ҳақида гапирар экан, кўргазмада намо-йиш этилаётган ишлар нафақат истиқлол йилларидаги тадрижий ривожланишни акс эттиргани, балки ёшлар учун катта тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан ҳам эътиборга молик эканини таъкидлашди.
- Кўргазмадан жуда катта завқ ва илҳом олдим, - дейди Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими раҳбари Азамат Сатторов. - Ундаги фотосуратлар ҳеч бир сўз ишлатмай туриб, вилоятимизнинг кечаси ва бугуни ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Суратларда одамларнинг ўй-ташвиши, орзу-истаги, қувончи шу даражада ёрқин акс этганки, менга қолса, кўргазмани фотоконтраст деб номлаган бўлардим.
Фотокўргазма давом этмоқда.
Толиб ТЕМИРОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.