Меню

Қашқадарё

13.04.2021 1617

Ишсизлик нафақаси тўлаш тартиби ўзгарди

Россияда ишсизлик бўйича тўланадиган энг юқори нафақа тайинлашнинг янги тартиби кучга кирди.

Тегишли ҳукумат қарорида қайд этилишича, ўзгариш ишсиз фуқароларнинг алоҳида тоифалари, жумладан, корхонанинг тугатилиши ёки штатлар қисқартирилиши сабаб бўшатилганлар, шунингдек, бола туғиши муносабати билан таътилда ўтирган аёлларга татбиқ этилади.

Ҳужжат билан ишсизлик бўйича дастлабки уч ойда 12 минг 130 рубль (1 рубль=137-138 сўм), кейинги уч ойда эса 5 минг рубль миқдорида тўланадиган энг юқори нафақа даражаси жорий қилинмоқда. 

Шу пайтгача мамлакатда энг юқори нафақа фуқаро ишсиз сифатида рўйхатдан ўтган илк кундан бошлаб тайинланарди. Ўзгариш биринчи навбатда ишини корхонанинг тугатилиши ёки штатлар қисқартирилиши сабаб йўқотганларга дахлдор. Уларга дастлабки уч ойда ишсизлик нафақаси эмас, эски иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Бироқ, шундан сўнг амалдаги тартибга кўра улар энди энг юқори миқдорда ишсизлик нафақаси ололмайди. Чунки шу тарзда улар ишсиз сифатида тан олинган кундан бошланган дастлабки уч ой ўтиб кетади.

Эътиборлиси, янги тартиб ишсиз қолган ҳомиладор аёлларни қатъий ҳимоялашни назарда тутади. Агар энг юқори ишсизлик нафақаси тайинлашнинг дастлабки уч ойи ҳомиладорлик ва туғиш таътилига боғлиқ вақтинча ишсизлик тўлови олиш ҳуқуқи билан тўғри келиб қолса, ишсизлик нафақаси тўлови муддати кейинроққа сурилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!