Меню

Қашқадарё

18.04.2024 3275

Ишсиз дадани, ишсиз эрни ким ҳам яхши кўрарди?

Сараланган сатрлар

Қуйида сўз юритиладиган икки асарни бирлаштириб турадиган жиҳат - инсоннинг қисмат қаршисидаги ожизлиги. Ҳар икки асар ҳам ўзбек тилига яқин йилларда ўгирилди. Турк адиби Ўрхон Камолнинг "Етмиш иккинчи камера" асари ва Америка ёзувчиси   Эрнест Хемингуэйнинг "Тўқчилик ва йўқчилик" асарлари ўзбек китобхонларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Ўрхон Камолнинг асл исм-шарифи Маҳмуд Рашид Ўғутчи бўлиб, Биринчи жаҳон уруши бошланган йили Туркиянинг Жайхон шаҳарчасида туғилган. Отаси сиёсий айб билан ҳибсга олинган. Қамоқдан қайтиб, Лубнон деган юртга оиласи билан кўчиб кетади. Рашид ўқишни ташлаб, тирикчилик ташвишлари билан андармон бўлади. 1932 йилда Ватанига қайтади ва тўқимачилик фабрикасида, ресторан югурдаги бўлиб, пахта омборида, новвойхонада ишлайди, кўмир сотиш билан шуғулланади.

Ҳарбий хизматни ўташ чоғида қони қайноқ йигит тилига эрк бергани учун қамоқ жазосига ҳукм этилади. Қамоқда унинг ҳаётида ўзгариш юз беради: дунёга машҳур ижодкор Нозим Ҳикмат билан шу ерда учрашади ва ижодкор сифатида шаклланади. Бу ерда "Телефон", "Нон, совун ва муҳаббат", "Уйқу", "Собиқ назоратчи" каби асарларни ёзиб тугатади.

1951 йилда Ўрхон Камол китобхонлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра мамлакатдаги энг машҳур ёзувчи деб тан олинади. Шундай бўлса-да, ҳаминқадар ҳаёт кечиради. 150 дан зиёд ҳикоя, 30 та роман ёзади.

Эътиборли жиҳати, "Етмиш иккинчи камера" асарини йўқчиликдан, болалари оч-юпун, қаҳратон қиш бўрони эсиб, ёғоч деворлар инграган, аямажуз тунда бошлаб, эрта тонггача ёзиб тугатади. Қўлёзмани бирор таҳририятга бериб, болалари учун гўшт, нон сотиб олишдан умид қилиб, таҳририятларга борганда, "Ёзганларингиз ҳеч нарсага ярамайди. Ушланг қўлёзмангизни!" деган жавобга дуч келади. Асарни чоп этишга олиб қолган нашр берган қалам ҳақи эса рўзғор учун зарур нарсалар олдида урвоқ ҳам бўлмайди. Газетада "Етмиш иккинчи камера" асари чоп этиларкан, "Ушбу қисса билан турк адабиёти ҳамиша фахрланади" деган эътироф бор эди...

Ўрхон Камол пул тежаш учун доим пиёда юрган, ўзини мақташни, кўз-кўз қилишни ёқтирмаган. Ва ҳаётдан сира нолимаган. 

Иқтисодий инқироз инсонлар феъл-атворига қай даражада таъсир қилади? Умуман, инсонийлик чегараси қаерда бошланадию, қаерда тугайди?

Флорида штатида яшовчи оддий балиқчи Ҳарри Морган ҳаёти йил фасллари каби ўзгаришларга бой. Хемингуэйнинг 1937 йилда ёзилган "Тўқчилик ва йўқчилик" романи шу ҳақда.

Роман муаллифнинг бошқа асарларидан услуб жиҳатидан фарқ қилади. Кейинги битикларга пойдевор вазифасини ўтаган фикрлар ҳам талайгина.

"ЕТМИШ ИККИНЧИ КАМЕРА"

Югурдак бўлиш осонмас. Оғамиз ўрнидан турмоқчи бўлса, сен аллақачон тик оёқда бўлишинг керак.

*  *  *

Бойнинг ошини бойнинг кўппаги қизғанибди.

*  *  *

Туғилмаган бузоққа қозиқ қоқишмайди.

*  *  *

Агар балиқ қорни тепага қараб сув юзасига чиқиб қолган бўлса, тамом, уни тирилтиролмайсан.

*  *  *

- Қани орангизда ким мени синаб кўради? - У нигоҳи билан ҳаммага бир-бир кўз ташлаб чиқди: - Уч вергул биру тўрт нима дегани?

- Демак, эртага ром ясаймиз, - деди ҳеч нарса бўлмагандай Макиён.

- Ойнаям бўлади, - жўр бўлди унга Қоя.

- Э, сенларни қара-ю, молфаҳмлар! - чинқирди Бетон. - Ҳатто пи неччига тенглигиниям билмайсанлар. Яна ўзларини одам деганига ўласанми?

*  *  *

Офтобнинг юзига лой чаплолмайсан.

*  *  *

- На сен, на онанг мени зиғирча яхши кўрмайсиз! Ажалимни кутасизлар, ана ундан кейин...

- Мен сизни яхши кўраман, дадажон...

- Ишсиз дадани, ишсиз эрни ким ҳам яхши кўрарди?

Қизча йиғлашга тушади. Дадам жинни бўлиб қолибди, деган ўйга боради.

*  *  *

Мен билан ош-қатиқ бўлиб қолганининг боиси илк бор камерамга кириб келганида, уни хуш-хандон кутиб олгандим. Аммо-лекин ҳаммасидан ҳам уни кўпроқ китобларим жалб қилди. Бир куни у мендан ҳаёт каминани итқитиб ташлаган эса-да, ютоқиб китоб ўқишимнинг сабабини сўраб қолди. Бундан не наф? Ахир, ҳали узоқ ўтираман. Башарти, кун келиб озодликка чиққан тақдиримда ҳам манглайимда ўтириб чиққан деган ўчмас тамға қолади-ку.

Ўз навбатида, мен ҳам: "Китоб ўқиш ўрнига қорадори чекиб, қимор ўйнайми ёки пичоқбозлик қилайми?" деб сўраганимда, у ўйланиб қолди.

*  *  *

Муҳаббат... Кинолардагина бўладиган самовий ишқ... Ўй-фикрларимни кўзларимдан уқиб оладиган севгилим бўлишини истайман. Биз сўз билан эмас, нигоҳларимиз билан суҳбатлашган бўлардик. Уйимиз ҳам бўларди: икки-уч хонали, бундан ортиғи керак эмас... Уйимиз ола-ғовур шаҳарда эмас, денгиз бўйидаги ўрмонда бўлишини хоҳлардим, мошиналар ва радио шовқинларидан олисда. Узоқ қиш тунлари соҳилга тўлқинлар урилиб, бўрон дарахтларни юлқилаб, ўрмондан бўриларнинг увиллаши эшитилганда, севгилим: "Ғолиб, қўрқиб кетяпман..." деган бўларди. Худди кинодагидек...

*  *  *

Байрамга ҳушим йўқ. Менимча, токи ҳаво ва қуёшдек табиий заруратга айланмагунча, байрамларни ёқтирмасам керак. Буни қарангки, мана шундай тантанали кунларда баъзи ота-оналарнинг болалари ўйинчоқларини кўз-кўз қилиб, бошқа болаларнинг ҳавасини келтирса, бундан қўли калта оналар кўз ёшларини тиёлмай яширсалар, оталар эса уятдан лавлаги бўлишса, қанақасига шод-хуррамлик қилиши мумкин одам?

*  *  *

Оёғи шалоқ стол, отамзамондан қолган тўртта стул, қалам-довот ва телефон аппарати - охиргиси полковникнинг ҳадяси эди. Тўғри, аппарат ишламасди, лекин савлатдорлик зийнати эди.

"ТЎҚЧИЛИК ВА ЙЎҚЧИЛИК"

- У омади бор пиёнисталардан.

- Омадли пиёниста бўлмайди.

*  *  *

Мен қонунларни ким чиқаришини билмайману, лекин сен оч қолишинг керак деган қонун йўқлигини жуда яхши биламан.

*  *  *

Одам бир қўл ёки бошқа аъзоларидан биттаси омон қолсаям одамлигича қолаверади.

*  *  *

Одамнинг ўз бошини ўзи ғалвага тиқиши кулгили.

*  *  *

Ёзувчи ҳамма нарсани билиши шарт. У буржуазия стандартларига мувофиқ келаман деб ўз тажрибаларини чеклай олмайди.

*  *  *

Банкка бориб, ҳозироқ уларни кубаликларнинг сиридан воқиф этайми, хўш, шунда нимага эришаман? Раҳмат. Албатта, бир оғиз раҳмат. Бир тўда Куба ҳукуматининг қаллоблари учун бир қўлим қурбон бўлди, бошқа бир АҚШ гуруҳи бўлса қайиғимни тортиб олди. Энди бўлса қуруқ раҳмат эшитаман деб уйимдан воз кечайми. Раҳмат, ҳечам кераги йўқ.

*  *  *

- Узоқ вақт жинни бўлганмисиз?

- Ҳамма вақт деб ўйлайман. Сизга айтсам, бунга ўхшаш замонда бахтиёр яшашнинг ягона йўли шу.

*  *  *

Одамларга ўзингизни саросимага солиб қўйишларига йўл қўйманг.

*  *  *

Сен ҳеч тунлар орасидаги тафовутни сезганмисан? Билишимча, бекаму кўст давлатга эга бўлганингдагина ҳеч ниманинг фарқи қолмайди.

*  *  *

Американинг энг доно вакиллари янги-янги қуролларни тинмай яратавердилар ва ўзларини оқлаш учун қоп-қоп сўзларни топиш мақсадида шу қадар пухта режалар тузишдики, гўё уларнинг бор камчиликлари фақат қариндошларига тозалаб қўйиш учун ташлаб кетилган ифлосликлари бўлди.

*  *  *

Ҳаётда кимдир йўқотиши ҳам керак ва аҳмоқларгина ғам чекади.

*  *  *

Дафн маросимига бора олмадим. Лекин одамлар буни тушунишмади. Улар кўнглингиздан нималар кечаётганини англашолмайди. Негаки яхшилар камдан-кам топилади. Бундайлар ҳаётда қолмаган ҳам. Ҳеч ким нималарни ҳис қилаётганингизни тушунмайди, чунки уларда шунчаки туйғу деган нарсанинг ўзи йўқ.

*  *  *

Агар ухлай олмасангиз, кечаларни қандай қилиб енга оласиз? Ўйлайманки, эрингизни йўқотиш ҳиссининг қандай бўлишини англаб етганингиздай бу даҳшатни ҳам шундай қабул қиласиз. Ўйлайманки, сиз бир маъқул тадбир топгансиз. Ўйлайманки, бу дўзахи ҳаёт ичида сиз ҳамма нарсани фош қилиб бўлдингиз. Ўйлайманки, сиз тўғри қилгансиз. Яна ўйлайманки, эҳтимол мен - ўзим ҳам айни дамда бу манфур борлиқни кашф қилиб бораётгандирман. Сиз шунчаки ўз ичингизда ўлиб бўлдингиз ва энди ҳамма нарса сиз учун енгил.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!