Меню
Қашқадарё
ИШОНТИРИШ - УЛКАН МАСЪУЛИЯТ ДЕМАК
10 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни
"Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда, - деб қайд этган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев, - бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак".
Ишонтириш... Бу ҳазилакам масъулият эмас. Модомики, умумий мақсадимиз халқ манфаатларига хизмат қилиш экан, бу масъулият залворини ҳар дақиқада зиммамизда ҳис этмоғимиз, фаолиятимизни ҳам мана шу мезон асосида ташкил этишга астойдил ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Айни пайтда вилоятимизда яшаётган 3 миллион 261 минг 200 нафар аҳолига 302 та даволаш-профилактика муассасаси - 83 та қишлоқ врачлик пункти, 72 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 15 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та шаҳар оилавий поликлиникаси, 1 та вилоят болалар стоматология поликлиникаси, 13 та туман ва 2 та шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 59 та стационар шифохона (32 таси вилоят муассасаси), диспансер ва марказ тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали учун янги 120 ўринга мўлжалланган замонавий бино қуриб битказилди, филиалда кардиохирургия бўлими очилди. Вилоят ҳокимлигидан ажратилган 1 миллиард сўмга бу ерда эҳтиёжманд аҳолига бепул юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатилди. Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида 1200 дан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шундан 530 таси коронаграфия текшируви, 76 таси ишлаб турган юракда аорта коронар шунтлаш, 47 таси туғма нуқсонли, 24 таси протез клапан, 132 таси томирларда стендлаш амалиётлари ҳисобланади.
Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали собиқ диспансер ўрнида қайта ташкил этилиб, 100 ўриндан 150 ўринга кенгайтирилди ва 40 ўринли жарроҳлик бўлими очилди. Ҳозирги кунда қандли диабетга чалинган беморлар учун жарроҳлик амалиётлари шу ернинг ўзида амалга оширилаяпти.
Юқумли касалликлар шифохонаси биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Бу ерда янгидан гепатология маркази очилди.
Ўтган йилда 32 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 47 та тиббиёт муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Жорий йилда Қарши шаҳрида "Нуронийлар сиҳатгоҳи" ишга туширилди.
2018 йилда 35, жорий йилнинг 9 ойи давомида 40 нафар мутахассиснинг хорижда малака оширишига эришилди. Вилоятга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассислар таклиф этилиб, кардиохирургия, эндокринология, офтальмология ва бошқа соҳалар бўйича "маҳорат дарслари" тарзида жарроҳлик амалиётлари самарали тарзда ташкил этилди.
Кейинги йилларда вилоятда оналар ва гўдаклар ўлимининг камайишига эришилди. Хусусан, 2017 йилда оналар ўлими 20 нафар дея қайд этилган бўлса, 2018 йилда 12, жорий йилнинг 9 ойида 10 нафарга камайди. Гўдаклар ўлими 2017 йилда 604 нафар кузатилган бўлса, ўтган йилда 551, 2019 йилнинг 9 ойида эса 399 нафарни ташкил этган.
Шунингдек, вилоятда гепатит А билан касалланиш ҳам кескин камайди. Ўтган йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич ҳар 100 минг аҳолига 2268 нафарни (71,4 фоиз) ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида 1351 нафар (42,1 фоиз) кишида қайд этилди.
Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш тизимига инновация жадал кириб келмоқда. Хусусан, вилоят марказидаги муассасалардан тортиб қишлоқ оилавий поликлиникаларигача "электрон поликлиника" тизимини амалиётга жорий этиш, ахборот-коммуникация технологиялари орқали тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, ортиқча қоғозбозлик ва бюрократияга барҳам бериш борасида бир қатор ишлар қилинди. Айниқса, намунавий деб танланган Китоб тумани ва Қарши шаҳри тиббиёт муассасаларида электрон тизимнинг йўлга қўйилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Тез орада шаҳарларимиздан тортиб чекка қишлоқларгача ҳеч ким поликлиникада карта кўтариб юрмайди, ҳар бир киши ҳақидаги батафсил тиббий маълумот электрон базада яққол акс этиб туради.
Кейинги йилларда 24,7 миллиард сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари соҳа ривожига йўналтирилди. Вилоят тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 3,3 миллиард сўмлик маҳаллий бюджет маблағи эвазига қайта реконструкция қилинган вилоят кўз касалликлари шифохонасига 1,1 миллиард сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган, сунъий гавҳар қўйиш амалиётини енгиллаштирадиган факоэмульсификатор, "ОСТ" (кўз томографияси) ҳамда яшил лазер ускуналари келтирилди. Натижада илгари фақат пойтахтда ўтказилган юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётларини ушбу шифохонанинг ўзида бажариш имконияти яратилди.
Вилоятимизда тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида 72 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил қилиниб, уларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар ташкил этилди.
Жорий йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам Қашқадарё филиали тез тиббий ёрдам станцияси таркибида Сall-марказ ташкил қилинди. Марказнинг 16 та пости замонавий алоқа (IP-телефон, мини-АТС) ва сервер билан таъминланди, интернет тармоғига тўлиқ уланди. Телефон алоқалари оптик толали кабелга ўтказилди. Диспетчерлик хизматини дастурлаш ишлари якунланмоқда.
2017-2018 йилларда тез тиббий ёрдам тизимига 114 та "Дамас" русумли, 24 та замонавий реанимобиль етказиб берилди. Жорий йилда эса 9 та "УАЗ" русумли ва 1 дона "Исузу" русумли мобилполиклиника автомашинаси харид қилиниб, тез тиббий ёрдам хизмати автотранспорти 230 тага етказилди. Шунингдек, мазкур автотранспортларга GPS-навигаторлар ҳам ўрнатилди.
Вилоятимиз бўйича фаолият юритаётган врачларнинг умумий сони 4992 нафарни ташкил қилади. Бу ҳар 10 минг аҳоли сонига нисбатан врачлар таъминоти 15,3 нафар деганидир. Шу боис ҳам тизимнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 256 нафар битирувчи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, Россия Федерациясида 22 нафар, Туркияда 3 нафар мутахассис малака ошириб қайтди.
Чет элда ишлаб келган мутахассислардан 7 нафари, нафақага чиққан мутахассислардан хамда баъзи сабабларга кўра ишламаётганлардан 48 нафари қайта ишга жалб қилинди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида бачадон миомаси билан оғриган беморларни лапароскопия усули орқали бачадон ампутацияси, вилоят онкология диспансерида интервенцион радиология-ПК нефростомия қўйиш амалиёти, простата бези ва кўкс оралиғидан трепан-биопсия олиш, елка бўғимини эндопротезлаш амалиёти, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими врачлари томонидан сон суягида эндопротезлаш операциясини ўтказиш илк бор йўлга қўйилди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети ўртасида имзоланган уч томонлама ҳамкорлик меморандумига асосан маҳаллий мутахассисларимизнинг малакасини ошириш, Қаршида россиялик мутахассисларнинг "мастер-класс" тарзидаги жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди.
Вилоятда соҳадаги хусусий секторни ривожлантиришга ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Хусусан, ўтган йилда режадаги 60 та ўрнига 90 та хусусий клиника очилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич режадаги 35 та ўрнига ўтган 9 ойнинг ўзида 60 тага етказилди.
2019 йилнинг июнь ойида Китоб туманидаги "Саломатлик академияси" хусусий клиникасида халқаро эндоурологлар форуми ташкил этилди. Форум доирасида юқори технологияли 17 та жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, жаҳоннинг 27 та давлатига трансляция қилинди.
Жорий йилда давлат раҳбарининг фармонига асосан вилоят кўз касалликлари шифохонаси микрохирургия бўлими шифокори Бахтиёр Тўраевнинг II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори Хуршид Фозилов ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги "Оила ва никоҳ диагностика маркази" хусусий клиникаси бош шифокори Олимжон Рўзматовнинг "Шуҳрат" медали билан тақдирланиши юртимизда тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатига муносиб рағбат бўлди.
Халқимиз дастурхон бошида дуога қўл очганида яратгандан энг аввало сўрагани тинчлик ва соғлик бўлади. Мана шу икки неъмат бор хонадонга, маҳаллага, юртга ризқ ҳам, барака ҳам, файз ҳам, фаровонлик ҳам оқиб келаверади. Демакки, тиббиёт ходимларининг шарафли меҳнати Ватанимиз тараққиётида мана шундай улуғвор аҳамият касб этади.
Бугун барчамиз бир қатор соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддатига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу шиддатга, янгиланаётган давр талабларига муносиб тарзда ўз фаолиятини ташкил этиш тиббиёт ходимларидан ҳам изланувчанликни, мунтазам тарзда ўз устида ишлашни, шу билан бир қаторда фидойилик ва касбга садоқатни тақозо этиши аниқ. Барча ҳамкасбларимиз шу ҳақиқатни англаб фаолият юритса, халқ ишончини қозона оламиз.
Дониёр ТУРСУНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.