Меню
Қашқадарё
ИШОНМАҒИЛ МОЛИНГГА, БИР КУН ҚЎЛДАН КЕТАРО...
Мутолаа учун тавсия
Инсоният тарихига назар ташласак, буюк истеъдод эгалари бўлган айрим шахсларнинг ҳаёти оғир кечгани, меҳнати муносиб қадр топмагани учун ғам-ташвишлар ичида ва дарду армонлар билан яшаб ўтганига гувоҳ бўламиз. Баъзилари ўзгалардан холи яшашга интилиб, эътиқоди риоясига кўра инсониятнинг ажралмас ҳамроҳи бўладиган тенгсиз асарлар яратишган.
Абулқосим Фирдавсий (934-1024)нинг "Шоҳнома" асари жаҳон адабиётининг дурдона манбаларидан бўлиб, неча асрлар ўтган бўлса-да, пурмаъно ва сермазмун ҳикматлари таъсир кучини йўқотгани йўқ. Асарда инсоният яратилишидан бошлаб то Фирдавсий яшаган давргача бўлган замоннинг илм, дин, эътиқод, ахлоқ ва воқеалар тарихи жамланган. "Шоҳнома" форсий халқлар ифтихори ҳисобланади ва ўз навбатида барча миллатлар томонидан севиб ўқилади, "Ҳунар бирла ақлинг бириккан ҳамон, Ҳар иш бу жаҳонда юришгай равон" ҳикмати ҳамиша ёдда туради.
Адиб Эрон ва Турон халқларининг тўрт минг йиллик тарихини юздан ошиқ достонда мужассам этган асарини 25 йил давомида ёзиб, Султон Маҳмуд Ғазнавийга тақдим этади. Аммо меҳнати муносиб қадрланмагач, султон мулозимлари берган озгина чақани шаробфуруш ва ҳаммомчига тақсимлаб бериб, юртига қайтади. Вақтлар ўтиб хатосини англаган Султон Маҳмуд шоирга 20 минг динор юборади. Султоннинг ҳадяси етиб борганда, Фирдавсийнинг жасади тобутда қабрга олиб кетилаётган бўлиб, ёлғиз қизи қийинчилик билан яшаётган бўлса-да, "Мен бунга муҳтож эмасман", деб ҳадядан воз кечади. Ҳадяни ҳукмдорга қайтариб боришдан қўрққан мулозимлар бу маблағга масжид қурдиришади.
"Шоҳнома"ни муқаддима, афсонавий қисм, қаҳрамонлик эпоси ва тарихий бўлимга ажратиш мумкин. Унинг учинчи бўлимида Зардуштнинг оташпарастлик динини жорий қилишидан бошлаб Ўрта Осиё ва Эрон ҳудудини араблар босиб олгунгача бўлган воқеалар ишонарли тасвирлаб берилган. Фирдавсий ўз асарида 50 подшоҳлик даврини қаламга олиб, шу даврлардаги халқларнинг ҳаёти, қадриятлари, урф-одатлари ва қаҳрамонликларини тараннум этади. Халқпарварлик, ватанпарварлик, ҳалоллик, мардлик ва тинчликсеварлик каби фазилатлар улуғланиб, адолатсизлик, мунофиқлик, жабру зулм, ёвузлик ва урушлар қораланган. Айрим шоҳлар, шаҳзода ва амирларнинг ўзаро уруш чиқариш учун баҳона излашини қоралаб, уларнинг қилмишлари юрт ва эл бошига кўп кулфатлар келтиришини таъкидлайди.
Асарда баён қилинишича, Жамшид ҳукмронлиги даврида темир кашф этилган, кийим-кечаклар тикила бошлаган, Наврўз байрами пайдо бўлган. Манманлиги ва жоҳиллиги туфайли халқ Жамшиддан юз ўгириб, уни ўлдирган. Заҳҳокнинг минг йиллик подшоҳлик даврида сеҳр-жоду ва хурофот кучайиб, илм-маърифат хор бўлгани ва оқибатда ҳукмроннинг зиндонга ташлангани айтилган.
Шунингдек, Эрон ва Турон шоҳларининг ўзаро муносабатлари, Кайковус, Суҳроб, Рустам, Турон шоҳи Афросиёб ва Сиёвуш ҳақида маълумотлар берилган. Рустамнинг халқу юртини босқинчилардан қўриқлаш, Сиёвушнинг адолат ва турли халқларнинг тинч-тотув яшаши учун курашгани тараннум этилган.
Рус олими Н.Г.Чернишевский "Шоҳнома"га шундай баҳо берган: "Фирдавсийнинг ажойиб ижоди "Шоҳнома" халқ қўшиқлари йиғиндиси ва уларни қайтадан ишлашдир. Унда шундай гўзал ифодалар борки, бундай гўзал лавҳалар "Илиада" ва "Одиссея"да ҳам топилмайди".
"Шоҳнома"ни кўп шоир ва адабиётшунослар бадиий фикр хазинаси, янги-янги бадиий асарларнинг вужудга келишида уммондек тубсиз манба деб ҳисоблайдилар. Фирдавсийнинг ўзи башорат қилганидек, унинг номи абадиятга муҳрланди: "Кўп олий қасрлар бўлурлар хароб, Уруб қору ёмғир, шамолу офтоб. Вале шеърдан бу бинойи жаҳон. Уни дарз этолмас шамолу бўрон. Сухан тухмин экдим, чекиб меҳнатим, Мен ўлмам, асрлар яшайдур отим!".
Етук олим, файласуф шоир Ғиёсиддин Абдулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём (1048-1131) қаламига мансуб "Наврўзнома", "Зижи Маликшоҳий" каби асарлар ва айниқса гўзал рубоийлар зиё аҳлининг кўнгил мулкига айланган. Умар Хайём ўзи яшаган даврдаги тож-тахт учун курашлар кучайганлиги сабабли турли жойларда яшашга мажбур бўлган. Буюк аллома Низомулмулкнинг ёрдами билан салжуқий ҳукмдор Маликшоҳ саройида илм-фан билан шуғулланган. Унинг ташаббуси билан расадхона қурилган. Маликшоҳ вафоти ва Низомулмулк ўлдирилганидан кейин расадхона бузиб ташланади.
Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" асари халқона ва содда тилда ёзилгани учун енгил ўқилади ҳамда жуда катта тарихий ва маърифий аҳамиятга эга. Асар шоирнинг тарихни, халқ урф-одатлари ва этнографияни яхши билишидан далолат беради. Муаллиф Шарқ халқларининг қадимий удумларини, хусусан, Наврўзнинг халқ байрами сифатида расм бўлиши тарихини батафсил ёритган, у билан боғлиқ нақлу ривоятларни келтирган. Наврўз байрами арафасида уй-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар билан безаш, ота-она, яқин кишилар билан дийдорлашиш, марҳумлар қабрини зиёрат қилиш ва ободонлаштириш одат тусига киргани айтиб ўтилган.
Асарда "Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Наврўзгача хуррам бўлади ва фароғатда яшайди", деб таъкидланган. Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам ер, сув, ҳаво, наботот олами, умуман, табиат неъматларини асраб-авайлаш ва атроф-муҳитни покиза сақлашга даъват этувчи баҳорий гўзаллик байрами - Наврўз миллий қадриятларимиз орасида катта ўрин тутади. Бинобарин, 1990 йилдан юртимизда Наврўз умумхалқ байрами сифатида қайта тикланиб, нишонлаб келинади.
Умар Хайём "Зижи Маликшоҳий" ва бошқа асарларида астрономия, математика, физика ва геометрия фанлари ҳақидаги назарий фикрлари ҳамда кашфиётларини ифода этган. Унинг раҳбарлигида янги мукаммал йил тақвими ишлаб чиқилган. Астрономия соҳасидаги изланишларига Европа олимлари ва Мирзо Улуғбек юксак баҳо берган.
Умар Хайём ўз рубоийларида ҳаёт ва унга муносабат, инсон ва унинг фазилати, ишқ ва муҳаббат, табиат ва гўзаллик, ҳаёт ва яшаш мазмуни, иймон ва эътиқод, завқ ва шавқ билан умр кечириш, изтироблар ва ғам-ҳасратдан йироқ бўлиш ҳақида жуда кўтаринки руҳда мушоҳадалар юритган. Жаҳолат ва зулм, риёкорлик ва дилозорликни қоралаб, ҳунарли ва илму маърифатли, зийрак ва ақл-заковатли, комил инсон бўлишни улуғлайди. "Мени айладилар дунёда мавжуд, Ҳаётда топганим ҳайрат, тараддуд. Бу йўлни ўтдиму, тушунолмадим, Келмагу кетмакдин не экан мақсуд?!" дейди Хайём.
Мутафаккир Аҳмад Яссавий (XI аср ўрталари - 1167)нинг "Девони ҳикмат" асари чинакам инсоний фазилатларни мадҳ этувчи асарлар орасида муҳим ўрин тутади. Аҳмад Яссавий Марказий Осиёда XII асрда пайдо бўлган Яссавия таълимотининг асосчиси ҳисобланади. У бобоси Арслонбоб тарбиясида вояга етгач, ўз даврининг етук уламолари Шаҳобиддин Исфижобий ва тасаввуф фалсафаси донишманди Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Ривоятларга қараганда, Аҳмад Яссавий 63 ёшга етгач ер остида ҳужра ясатиб, қолган умрини тоат-ибодатда, ибратли ҳикматлар ёзиш билан ўтказган.
Аҳмад Яссавий туркийда ёзган шеърларида тасаввуфни тарғиб этган. Шу ўринда тасаввуф мусулмон халқларининг маънавий ҳаёти тарихидаги энг мураккаб, ўзаро зиддиятларга тўлиб-тошган ва муҳим ҳодисалардан бири бўлиб, таркидунёчилик, бу дунё бойликларидан ва нозу неъматларидан воз кечиш, Аллоҳ васлига етмак мақсадида пок, ҳалол, ўз меҳнати ила яшаш, ихтиёрий равишдаги фақирлик характерли хусусиятлардан ҳисобланишини таъкидлаб ўтиш керак.
Яссавия таълимотининг барча ақидалари "Ҳикмат" асарида ўз ифодасини топган. Асарда поклик ва тўғрилик, меҳр-шафқатли ва оқибатли бўлиш, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода этилган.
Аҳмад Яссавий ҳикматларида ижтимоий адолатсизликка қарши кескин фикрлар айтилиб, нодонлик, жаҳолат ва разолат қаттиқ қораланган. Айрим уламолар ҳам танқиддан четда қолмаган. Хусусан, шайх-зоҳидлар, айрим муллолардан диёнат кетгани, зулм-зўрликка берилиб, етим-есир, фуқаро хаққини ейишдан қўрқмаётгани фош этилади.
Унинг "Рисолалар"ида бундай фикрлар учрайди: "Охирзамон келганида шундай осий ва хофий шайхлар чиқадурки, алар шайтон алайҳил-ллаънага устозлик қилурлар, барча халқ уларга (ипсиз) боғланурлар ва алар фирибгарлик ила муридларни овлаюрлар. Ўшал осий шайхлар муридларидан мол-пул ундирурлар ва аларнинг кўнгиллари куфру залолатдан қутулолмас. Андоқ пирлар кофир ва золимларга хайрихоҳ бўлурлар ва совға-салом бермаганларни писанд этмаслар ва алар учун шариат қонунларининг қадри сариқ чақача бўлмас. Андоғ пирлар номаҳрам аёлларға кўз олайтурурлар ва гуноҳ ишлар қилурлар ва яна Худои таоло марҳаматига умид боғлаюрлар. Андоғ пирлар чин шайхларга нафрат билан қарарлар, аларнинг шогирдлари залолат-ойин ва ўзлари хоин бўлурлар. Ва яна алар хорлик ва кўзда ёш ила муридларининг уйларига бош уриб, хайр-садақа талаб қилурлар ва агар муридлари алар тилаган нарсаларни бермасалар, сўкиб, қарғаб, сендан юз ўгирурман, Худо ҳам сендан юз ўгирур, деб дўқ ва пўписа қилурлар".
Мутафаккирнинг мол-дунё ва бойлик орттиришга муккасидан кетган, хасис ва очофат кишиларга қарата айтган мисралари ҳам эътиборга молик: "Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро, Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро, Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил, Тўрт оёқлик чўбин от бир кун санго етаро".
Абдишукур ОМОНОВ