Меню
Қашқадарё
ҚИШЛОҚ УЙЛАРИНИНГ ҚУРУВЧИЛАРИ ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОР ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШМОҚДА
Тренинг
Қарши туманида қишлоқ жойларида бунёд этилаётган тўрт қаватли кўп квартирали уйлар қурилишида энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича амалий тренинг ўтказилди.
Мазкур тренинг Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, БМТ Тараққиёт Дастури ва Глобал экология фондининг ҳамкорликдаги "Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида ташкил қилинди.
- Биноларни қуриш ва реконструкция қилиш соҳасидаги замонавий тенденциялар ва истиқболлар, биринчи навбатда, энергетика ресурсларидан фойдаланишга оқилона ёндашиш, уйларда қулай микроиқлимни вужудга келтириш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтиришга қаратилган, - деди лойиҳа раҳбари Мурод Расулов. - Шунинг учун ҳам бугунги кунда қурилишда айнан энергия тежамкор қурилиш материаллари ва технологияларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси ва маҳаллий қурилиш ташкилотларининг вакиллари қатнашган тренингда биноларнинг деворлари, поли ва томини замонавий қурилиш материаллари билан қоплаш орқали энергия тежамкорликка эришиш усуллари намойиш этилди. Чаман маҳалласи ҳудудида барпо қилинаётган кўп қаватли уйлардан бирининг бевосита қурилиш майдончасида бухоролик тажрибали мутахассис томонидан маҳаллий бунёдкорлар учун ўзига хос мастер-класс ўтказилди. Соҳа вакиллари базальт ва шиша толасидан ишлаб чиқарилган иссиқлик сақловчи минерал момиқ плиталари ва бошқа замонавий қурилиш материалларини қўллаш билан боғлиқ барча жараёнларни ўз кўзлари билан кўриб, шу ўринда туғилган кўплаб саволларига жавоблар олишди.
- Жорий йилда Китоб туманидаги Янгиобод массиви ҳудудида ҳар бири 24 хонадондан иборат бўлган тўртта кўп қаватли уй бунёд этилаяпти, жамоамиз улардан бирининг қурилишида пудратчи, - дейди "Қурбонмурод Ашуров" ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш корхонаси иш юритувчиси Самад Баҳодиров. - Тренингда иштирок этиб, ўзимиз учун янги бўлган технологиялар билан батафсил ва кўргазмали тарзда танишиш имконига эга бўлдик. Ишончим комилки, бу биз ва бошқа маҳаллий қурувчиларга энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланишда хатоларга йўл қўймасдан иш суръати ва сифатини ошириш учун замин яратади.
"Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ ИК вилоят филиали бўлим бошлиғи Жонибек Асқаровнинг сўзларига кўра, жорий йилда Қашқадарёдаги қишлоқ массивлари ҳудудида умумий сиғими 1080 квартирадан иборат 45 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳар бирининг лойиҳасида энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойларини қуришни ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳасининг асосий мақсади қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган аҳоли учун яхшиланган, арзон ва экологик тоза турмуш шароитларини яратишдан иборат. 2020 йилда мазкур лойиҳа доирасида бешта ҳудудда - Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Тошкент вилоятларида 22 та энергия тежамкор ва паст углеродли уйда фотоэлектр станцияларини ўрнатишга молиявий кўмак кўрсатилади.
Ўз мухбиримиз