Меню
Қашқадарё
ҚИШЛОҚ ТАРАҚҚИЁТИНИ БЕЛГИЛОВЧИ КУЧ
Айтиш жоизки, бугун фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи анча барқарор, фермернинг ўз ишидан манфаатдорлиги ортган. Бу деҳқоннинг ерга муносабати тубдан ўзгаргани, мулкка эгалик ҳисси ошганидан далолат. Улар миришкор ва омилкорлиги боис қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишга эришмоқда. Давр шиддатини тўғри англаб, фақат бир тармоқни юритиш билан тўкис фаровонликка эришиб бўлмаслигини тушуниб ҳаракат қилмоқда. Бугун фермерлар томонидан кўп тармоққа асосланган фаолиятни кенг ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани шундан.
- Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фермерлик ҳаракатида янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди, - дейди вилоят фермерлар кенгаши бош мутахассиси Шуҳрат Худойқулов. - Мазкур ҳужжатга асосан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил қилишнинг етакчи бўғини саналган фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг самарали фаолият юритишига янада қулай шароит ҳозирлаш механизми тубдан такомиллаштирилди. Қатор имтиёзлар тизими жорий этилди. Белгиланган дастур асосида ресурс ва имконияти етарли фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқлига айлантириш бошланди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугун вилоятимизда 21780 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Шунинг 7360 дан зиёди кўп тармоқли фаолиятга асосланган. Биргина 2016 йилда вилоятда 2488 та лойиҳа асосида фермер хўжаликларида янги тармоқларни ташкил этиш имконияти яратилди. Шунингдек, 9 мингдан ошиқ киши иш билан банд этилди.
Тегишли даврда ҳаётга татбиқ этилган лойиҳаларнинг аксарияти чорвачилик, боғдорчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик каби тармоқларни янгидан йўлга қўйишга қаратилган. Ўз навбатида қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишни кўзда тутувчи лойиҳаларнинг ҳам борлиги аҳамиятлидир. 2016 йил давомида вилоятимиздаги фермер хўжаликлари томонидан сервис ва хизмат кўрсатиш бўйича 210 та, мева-сабзавот сақлаш бўйича 21 та, қурилиш материаллари, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 10 га яқин, мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишида 30 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани бунга мисолдир.
Энг муҳими, бунинг натижасида қишлоқ жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошаяпти, ҳудуднинг инфратузилмаси яхшиланаяпти, энг муҳими, қанчадан-қанча одам ишли бўлмоқда. Фермернинг даромади ортиб, имкониятлари қамрови кенгаймоқда, у кўрсатаётган илғорлик ва ташаббускорлик соҳа ривожига хизмат қилаяпти.
Биргина мисол. Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги асосан чорвачиликка ихтисослашган. Мазкур тармоқда эришилган ютуқлар борасида вилоятда энг кўзга кўринган хўжаликлардан бири. Аммо фермер фақат шу тармоқдан келаётган даромадга қараб ўтиргани йўқ. Мудом янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатида.
- Бугун фермер бир йўналишда қотиб қолмаслиги керак, - дейди хўжалик раҳбари Иброҳим Холиёров. - Чунки имконият бор экан, ундан фойдаланиш, истиқболли соҳаларга сармоя йўналтириш давр талабидир. Хориждан ускуна олиб келиш керакми, муаммосиз, тижорат банки молиявий кўмак кўрсатишга тайёр. Албатта, бундай шароитда ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. 2010 йилда фермер хўжалигимиз қошида сутни қайта ишлаш цехини ишга туширган эдик. Натижада хўжалигимиздаги сигирлардан соғиб олинаётган сутни бозорга тайёр маҳсулот қилиб чиқариш имкони пайдо бўлди. Шундан сўнг гўштни қайта ишлаш ва нон ишлаб чиқариш қувватларини ҳам ишга туширдик. Бундан ташқари, иссиқхона қуриб, сабзавот маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйдик.
Фермер хўжалигида янги тармоқларга асос солиниши натижасида 40 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Даромад ҳам шунга яраша. Эндиликда фермер даромади ҳисобидан 450 ўринга мўлжалланган замонавий тўйхона қурмоқда. Унинг атрофида эса яна бир нечта хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ташкил этишни мўлжаллаган. Бир сўз билан айтганда, ҳудуднинг фаровонлигига, ривожланишига ҳисса қўшаяпти.
Демакки, ишлайман, бунданда катта ютуқларни қўлга киритаман, деб изланган, интилган киши муваффақиятга эришади. Натижада элга, юртга нафи тегади.
- Фаолиятимиз пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган, - дейди Шаҳрисабз туманидаги “Файзуллаев Озод” фермер хўжалиги раҳбари Озод Файзуллаев. - Ҳар йили давлатга пахта ва ғалла сотиш шартнома режаларини ортиғи билан бажариб келаяпмиз. Тармоқларни кўпайтириш мақсадида даромадимиз ҳисобидан қорамолчиликни йўлга қўйдик. Украинадан келтирилган 11 бош “Қизил-ола” зотли қорамол билан ушбу тармоқни бошлаган бўлсак, ҳозирги кунда чорва сони 56 бошга етди. Уларнинг сони ортиши билан олинаётган сут миқдори ҳам кўпаймоқда. Даромад ҳам ошаяпти. Бу эса яна бир янги тармоқни ишга туширишга ундаяпти. Аниқроғи, фермер хўжалигимиз қошида сутни қайта ишлаш цехини барпо қилиш ниятидамиз. Бу билан нафақат ўзимиздаги, балки ҳудуддаги аҳолидан ҳам сут маҳсулотларини қабул қилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкони туғилади.
Дарҳақиқат, фақат битта тармоқни ушлаб, келаётган даромадга қаноат қилиш бугунги давр учун бегона. Буни тўғри англаб, шунга монанд ҳаракат қилаётган, янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқараётган фермер борки, соҳада янада катта ютуқларга эришмоқда. Шу аснода эл-юрт фаровонлигига, қишлоқлар ободлигига ҳисса қўшаяпти. Аслида фермерлик ҳаракатидан кўзланган мақсад ҳам ана шу: ҳар бир фермер аҳолининг фаровон ҳаёти, қишлоқ тараққиётига ҳисса қўшадиган етакчи кучга айланишига эришишдир.
Ж.БОЙМУРОДОВ