Меню
Қашқадарё
ҚИШЛОҚ ШИФОХОНАСИ ЗАМОНАВИЙЛАШТИРИЛДИ
- Тасаввур қилинг, бундан 15-20 йил аввал қишлоқларимизда оддий тиббий кўрикдан ўтишнинг имкони йўқ эди, - дейди Кўкдала маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Жуман бобо Шойимов. - Бизнинг қишлоғимизда ҳам эски, девор-тоши нураб бораётган қишлоқ шифохонаси бор эди. Поллари тешилиб кетган бир алфозда эди. Санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тиббий жиҳозлардан даво топишга кўз етмасди-да, уйимизга яқин бўлгани учун заруратда ноилождан ётардим. Худога шукурки, энди бутунлай бошқача. Шифохонамиз деярли қайтадан қурилди. Энди бу ердаги шароит ҳам вилоятдаги марказий шифохоналарникидан қолишмайди. Ҳамма жой шинам, озода, янги ўриндиқлар, замонавий аппаратлар...
- Айниқса, иситиш тизими мутлақо ишламас, ичимлик суви йўқ, хонада сувараклар кезиб юрарди, - дея суҳбатга қўшилади меҳнат фахрийси Тоштурди Холмуродов. - Оддий анализ топшириш учун туман марказига овора бўлиб борардик, бир кунимиз ўтиб кетарди. Энди эса замонавий аппаратлар ёрдамида ўзимизда ҳам қон анализлари ўтказилмоқда. Ҳозирги шароитлар учун қанча миннатдор бўлсак кам. Иссиқ, совуқ сув тинимсиз келиб турибди. Бу ҳам кайфиятга жуда яхши таъсир қилар экан. Бундай шароитда, аъло кайфиятда даволанган беморлар тезда соғайиб чиқади-да.
Дарҳақиқат, тиббий хизмат самарасини янада ошириш мақсадида шифохона теварак-атрофига ҳар хил игнабаргли, мевали, манзарали дов-дарахтлар, декоратив гуллар экилган, мўъжаз фаввора даволанувчилар учун микроиқлим ҳосил қилиб турибди.
- Кейинги йиллар туманимизда айниқса тиббиёт соҳасида катта ўзгаришлар бўлди, - дейди бош шифокор Рустам Чоршанбиев. - 100 ўринга мўлжалланган шифохонамизда қурилиш ишлари 2018 йил апрель ойида бошланган эди. Қисқа муддат ичида жуда катта иш қилинди. Айниқса, тез тиббий ёрдам бўлимининг очилиши, поликлиникадаги гинекология, терапия, педиатрия, шунингдек, лаборатория-таҳлил хоналари "Саломатлик-3" дастурига мувофиқ сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар - УЗИ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланиши аҳоли учун катта туҳфа бўлди. Эндиликда беморлар рентген кўригидан ўтиш учун туман марказига боришмайди. Албатта, янги, замонавий тиббий асбобларни бошқариш учун тажриба талаб этилади. Шу боис, шифокорларимизнинг малакасини ошириш учун 6 ойлик ўқишга юбордик.
Албатта, халқ саломатлигини сақлашда илғор тиббий асбоб-ускуналар билан бирга улар билан тиллаша оладиган замонавий билимларга эга мутахассислар муҳим роль ўйнайди. Шундай экан, чекка ҳудудларда ҳам бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериши тайин.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Муаллиф олган суратлар.