Меню
Қашқадарё
ҚИШЛОҚНИНГ ИРА МОМОСИ
Ҳаммадан Файзулланинг онаси Улжон момо: “Тил билмаса, эл билмаса, тиллашиб, эллашиб кетармикин? Ўғлим армиядан келса келин қиламан, деб нечта қизни кўз остимга олиб қўйганим қаерда қолди?”, деб ўйга ботди. Хаёлидан яна: “Эҳтимол бир ҳисобда яхшидир, бева аёл бўлсам, қолган икки ўғлимнинг ташвишиям етиб ортади, эл маълумига кичкинагина тўй қилиб, битта боламни бошимдан ошираман”, деган фикр ҳам ўтди.
Хуллас, Улжон момо ўғлига, келинни олиб келавер, деб ризолик билдирди. Ўзи эса шу куниёқ келин учун ўзбекча кўйлак тикиб қўйди.
Файзулланинг хотини - ўрис келин аслида беларусь қизи Ирина Болвано эди. Минск вилоятида туғилиб, Брестдаги фельдшер-акушерлик техникумини аъло баҳода битиргани учун уни ҳарбий госпиталнинг хирургия бўлимига ишга юборишганди. Бу ёқдан йигитлик бурчини ўтаётган Файзулла кўричак бўлиб госпиталга тушди. Унга нозиккина, узун бўйли, мовий кўзли ҳамшира Ирина ёқиб қолиб, икки ёшнинг тақдир чизиқлари туташиб кетди. Файзулла соғайиб чиққанидан кейин Минскда кичкинагина тўй қилишди. Уч йиллик ҳарбий хизмат тугаб, хотини билан она юртига қайтди.
Ўшанда 1962 йил эди. Катта шаҳарда улғайган Иринани ҳали электр нималигини билмаган, кўчалари ўйдим-чуқур, на бир телефони, на бир автомашинаси бўлган, тунлари зулмат билан қоришиб, атрофини пахта ўраб олган Пастчил қишлоғи кутиб олди. Улжон момо келини келиши билан уйга киргизиб кўйлак- лозим кийдирди. Имо-ишора билан келинидан гап сўраб, гап тушунтирди. Уйда бўлган пайтлар уларга Файзулла тилмочлик қилди. Куннинг кўпи билан Ира келин ўзбек тилиниям, урф-одатларниям билиб олди.
У пайтлар қишлоқда на олий, на ўрта махсус маълумотли хотин-қиз бор эди. Иринанинг Болқонқайчили фельдшер-акушерлик пунктига ишга кириши уни эл орасига олиб кирди. Резина этик кийиб олиб қишлоқнинг у четидан-бу четига бўзчининг мокисидай қатнади, каттаю кичикка ёрдамга ошиқди. Чироқ ёруғида не-не аёлларга оналик бахтини инъом этиб, доялик қилди, чақалоқларни ўраб-чирмаб, онасининг бағрига берди.
Шундай қилиб беларусь қизи Ирина бутун қишлоқ аҳлининг энг яқин одамига ва... орадан йиллар ўтиб “Анзират момо”сига айланди. Ҳей, “Суюнчи” фильмидаги Анзират момо каби тўғрисўз, халқчил, ҳақгўй кайвонига айланди. Маҳаллани обод қилишми, тадбир ё йиғилишми, оилавий масалами, у ҳозиру нозир. Шўробсой маҳалласи қошида ташкил этилган “Анзират бувилар” клуби сардори.
Яқинда қўшниларидан бирининг оиласи бузилиб кетишига сал қолди. Ира момо, киндигингни мен кесганман, момонгман, гапимга кирмай кўр-чи, икки болани тирик етим қилиб бахтли бўлармидинг, деб йигитни роса койиди. Биринчи бахт – гул бахт, иккинчи бахт – сув бахт, деб қўшиб ҳам қўйди. Сўнг унинг онасини қоқ миясидан олди: “Ёшлар бегуноҳ, ҳамма айб сизда, кўприк бўлмагансиз. Кўприк бўлмаган жойда одамлар сувга ғарқ бўлади. Ўғлингиз, келинингиз, икки набирангизнинг сувга ғарқ бўлишини томоша қилмоқчимисиз?”, деди. Ҳартугул, у бўлди, бу бўлди, икки ёш ярашиб, бинойидай яшаб кетди. Бундан Ира аяни-ку қўяверинг, бутун қишлоқ аҳли қувонди.
Дарвоқе, Ира ая доялик қилиб, киндигини кесган одамлар қишлоқда қадамда учрайди. Шунданми, уни ҳамма, Ира момо, дейди. Келинининг кўзи ёриган қайнона борки, югур, Ира момога айт, чақалоқни бешикка белаб берсин, дейди. Қўни-қўшни қозонида сув қайнасаям унга илинади, Ира момони чақир, дейди. Тўй-маъракага биринчи бўлиб уни таклиф қилишади, тўрга ўтказишади, эл унинг хизматини юрагига тугиб қўйган, унутмайди, доимо ҳурматини жойига қўяди. Бундоқ ҳисоблаб кўрса, Ира момонинг Пастчилга келин бўлиб тушганига 54 йил бўлибди. Шу ерда палак ёзиб, уч ўғил, уч қизнинг онаси бўлди. Ҳозир ҳамма боласи уйли-жойли, гирди-атрофини набираю эваралар босиб кетган.
Муҳими, Ира момо Ўзбекистонга меҳр қўйди. Ўзини шу юртнинг ажралмас бир қисми деб билди. Ака-укаси, опаси келиб, олиб кетмоқчи бўлганларида эса унамади. Айниқса, юрт мустақил бўлгандан кейинги ўзгаришлар уни ҳайратга солди. Техника анқонинг уруғи бўлган Пастчилда бугун кўчалар тўла машина, ҳар хонадонда эмас, ҳар кишида телефон. Шинам мактаб, дўхтирхона, савдо дўконлари, сал нарироқда коллеж. Равон йўллар, кўркам уй-жойлар, боғлар, токзорлар... Қараб кўз қувнайди. Ўтган йил октябрь ойида Минскка бориб, қариндошларникида туриб келди, бир ой бир йилдай туюлди назарида, соғинч ҳисси бир зум бўлсин қалбини тарк этмади. Ўзининг қишлоғини – Пастчилини соғинди.
– Пастчилга келин бўлиб келган кунларим кечагидай ёдимда, – дейди Ира момо. – Тўғриси, дастлаб қўрқиб кетдим, бу қолоқ жойда қандай яшайман, деб ўйладим. Аммо кечаги Пастчил билан бугунгиси ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Кечагина бирорта олий маълумотли аёли бўлмаган қишлоқнинг муаллималари, дўхтирлари кўпайиб кетган. Атрофга қараб кўзим қувнайди, дилим яйрайди.
Ира момонинг 80 ёшдан ошганига қарамай ҳануз пилла боқиши ҳақида гапирмабмиз. У бу ишни қайнонаси Улжон момодан ўрганган, энди ўзи келинларига ўргатиб, ҳар йили ипак қурти боқишади. Шу йил ҳам 360 килограмм пилла топширди. 20 сотихли ҳовлисида эса бўш жойнинг ўзи йўқ, картошка-пиёз, сабзи экиб қўяди. Бир томонда 5-10 чоғли сигир-бузоқ, бир томонда 20-30 тача товуқ. Тухум ҳам, сут ҳам ўзларидан чиқади, ортганини сотишади.
Хуллас, қишлоқнинг Ира момоси ана шунақа тиниб-тинчимаган аёл.
Лола ЎРОҚОВА Китоб тумани