Меню

Қашқадарё

14.12.2017 2283

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИ УЧУН ТАРИХИЙ ВОҚЕА

Шуни айтишим керакки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида эришилган натижалар ҳар йили сарҳисоб қилинган, шу мақсадда соҳа вакилларининг қурултойлари ўтказилган. Мен ҳам шундай тадбирларнинг бир қанчасида қатнашганман. Бу йил аввалгиларидан анча фарқ қилди. Биз учун тарихий воқеа юз берди. Илк бор юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни расман декабрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган бўлди. Бу биз, деҳқонлар, ирригаторлар, механизаторлар ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги соҳаси жонкуярларига кўрсатилган улкан эҳтиром намунаси бўлди, десам адашмайман. Ҳамма қатори мазкур янгиликдан мен ҳам жуда қувондим.

Мазкур сана муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тадбирга мен ҳам таклиф этилдим. Пойтахтга етиб борганимиз ҳамоноқ эътибор ва ҳурмат қуршовида қолдик. Жуда азиз меҳмонлардек муносабатда бўлишди. Икки кун давомида турли диққатга сазовор жойлар, илғор фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсия амалга оширилди. Ҳар қадамда эъзоз кўрсатишди.

Асосий тадбир қандай руҳда ўтганини барча кўрди, овозасини эшитди. Президентимизнинг бизга йўллаган табриги ҳамкасбларим қаторида мени ҳам жуда тўлқинлантирди. Давлатимиз раҳбари аграр соҳа вакилларини ўзига энг яқин, ҳаммаслак кишилар, деб билишини айтди. Қадримиз бу қадар юксак эканидан бахтиёрлик ҳис этдим.

Президентимиз ўз нутқида қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнатига юқори баҳо берди. Ўз навбатида давлатимиз раҳбари соҳада йўл қўйилган камчиликлар, ҳал этилишини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Тўғрида, фермер валюта тушумига эга бўлса, у эртага қишлоққа замонавий технология олиб кира олади. Бу юқори қувват ишга туширилиши ҳисобидан янги иш ўрни яратилади, дегани. Бундан аввало фермернинг ўзи, кейин эса қишлоқ аҳли манфаат кўради.

Давлатимиз раҳбари шу куни соҳа ривожига катта ҳисса қўшган бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Улар орасида мен ҳам борлигимдан фахрланаман. Кўп йиллик меҳнатим эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени берилди. Бу туманимиздаги барча миришкорлар, қишлоқ хўжалигида жонбозлик кўрсатаётган кишилар хизматига берилган баҳо, деб биламан.

Шу ўринда қайд этишни истардимки, туманимизда ҳар йили қишлоқ хўжалигида катта марралар забт этилаяпти, фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёзган. Ҳудудда суғориладиган экин майдонлари 40 минг 660 гектарни ташкил этади. Шунинг 16 минг гектарида ғўза, 14 минг 500 гектарида ғалла парваришланади. Бундан ташқари, ҳар йили 460 гектарда сабзавот, 480 гектарда полиз, 200 гектарда картошка етиштирилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Мавсумда 72 минг тоннадан кўп сабзавот ва 18 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари харидорларга тортиқ этилаяпти, истеъмолдан  ортгани эса хорижга экспорт қилинмоқда, қайта ишланмоқда. Туманда боғдорчилик ҳам етакчи тармоқ ҳисобланади. Ўтган йили 20 гектар майдонда янги боғ барпо этилиши эвазига мевали дарахтлар парваришланаётган майдонлар ҳажми 1 минг 294 гектарга етказилди.

Айтиш керакки, кўп тармоқли фаолият бугун фермерларга қўйилаётган асосий талабдир. Ким янги тармоқлар яратмаса, биз ундай фермер билан узоқ ҳамкорлик қилолмаймиз, деди Президентимиз. Давлатимиз раҳбарининг муддаоси тармоқларни кўпайтириш ҳисобига фермерни бой қилиш, манфаатдорлигини оширишдир. Буни тўғри тушунган деҳқонлар ўзига тўғри истиқболни белгилаб олгани аниқ. Бу каби фермерлар сони кўпайиб бораётгани эса аҳамиятлидир. Биргина туманимизни оладиган бўлсак, фаолият кўрсатаётган 1803 та фермер хўжалигининг 727 тасида бир қанча қўшимча тармоқлар мавжуд. Бунда асосий ўринни чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, саноат ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиш соҳалари эгаллайди.

Қашқадарёлик деҳқонлар ҳар қанча фахр этса арзийдиган яна бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, жорий йилда синов тариқасида биринчи марта “Фермерлар мактаби” тажрибаси айнан вилоятимизда амалга оширилди. Бу тизим деҳқонларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ишига холис баҳо бериш имконини яратди. Шунингдек, илғор фермерлар билан тажриба алмашиш, ерни ҳақиқий эгасига бериш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса ердан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, мутасадди ташкилотлар масъулиятини оширишга кенг шароит ҳозирлади. Ушбу тизим яхши натижа берса, келгусида бутун мамлакатимиз бўйлаб оммалаштирилиши белгиланди.

Президентимиз нутқини эшитиб қилган хулосам шу бўлдики, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятларимиз кўп. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган соҳага оид қарорлар, улар асосида бизга берилаётган турли  имтиёзлар, рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар ана шу имкониятларни ишга солишга қаратилгани билан муҳимдир. Бу ўз навбатида деҳқонлар зиммасига ҳам масъулият юклайди, кўпроқ ўқишга, соҳавий янгиликлардан доим хабардор бўлишга, уларни ўз вақтида ишлаб чиқариш жараёнига жорий этишга ундайди. Мазкур вазифалар тўла адо этилса, бу тармоқда маҳсулдорлик бир неча баробар ошишига, ризқ-рўз мўл-кўллиги таъминланишига, аҳоли фаровонлиги ортишига эришилади. Бу эса мамлакатимиз ривожига янада кенг йўл очиб, қудратига қудрат қўшади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!