Меню
Қашқадарё
ҚИШЛОҚДА АРЗОНЛАШТИРИЛГАН УЙ-ЖОЙ
Маълумки, мамлакатимизда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда оилаларни янги типдаги уй-жойлар билан таъминлаш сиёсати бошлаб берилганди. Бу ҳодиса халқимиз томонидан улкан хурсандчилик билан қарши олинди ва қўллаб-қувватланди. Шароитлари шаҳарникидан асло қолишмайдиган бундай уйларга талаб йилдан йилга ўсиб бораётгани фикримизни тасдиқлайди. Ўтган йиллар давомида вилоятимизда ҳам қанчадан-қанча оила ана шундай шинам ва кўркам уйларга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори эса бу борадаги ишларни талаб ва истаклардан келиб чиқиб, кенг миқёсда давом эттиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли бўлди. Мазкур ҳужжат асосида ўтган йилнинг ўзидаёқ жойларда янги лойиҳалар асосида кўп қаватли, икки қаватли ва бир қаватли арзон уйлар қурилиши бошлаб юборилди. Бунда биринчи навбатда қишлоқ одамларининг менталитети ва харид қобилияти, бир сўз билан айтганда, барчанинг имконияти ҳисобга олингани муҳимдир.
- Ушбу дастурга мувофиқ, жорий йилда вилоятимизнинг қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар бўйича жами 1523 та уй-жой қурилиши мўлжалланган, - дейди "Қишлоқ қурилиш инвест" МЧЖ ИК вилоят филиали бош мутахассиси Сардор Муродов. - Хусусан, янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 248 та кўп қаватли 2 ва 3 хонали, 410 та 1 қаватли 2 ва 3 хонали (0,02 га), 448 та 2 қаватли 4 хонали (0,04 га) арзонлаштирилган уй бунёд этиш белгиланган. Шунга кўра, яқинда Қарши тумани Нуқрабод қишлоғи Яккаёғоч массивида 32 хонадондан иборат 2-3 хонали кўп қаватли турар жой ва 1 қаватли 3 хонали (0,02 га) 42 та уй қуриб фойдаланишга топширилди.
Бу уйлардан бири Қарши туманилик Алишер Аҳмедовга ҳам насиб этди. Ушбу оила аъзолари янги уйга кўчиб ўтганларидан мамнун.
- Илгари ижарада турардик, ер сотиб олиб, уй қуришга маблағимиз камлик қиларди, - дейди хонадон соҳиби. - Арзон уйларнинг қурилиши биз учун айни муддао бўлди. Бошланғич бадалнинг камлиги эса бизга жуда маъқул келди. Маҳалла мутасаддиларининг тавсияси билан туман ҳокимлигига 3 хонали 1 қаватли уй олишни сўраб мурожаат қилдик. Аризамиз қабул қилинди. Йиғиб юрган сармоямиз бор эди, шуни бошланғич бадал сифатида тўладик. Қисқа муддатда уйимиз битди. Яқинда кўчиб келдик. Шароитлар яхши. Ётоқхона, болалар хонаси, ошхона ва меҳмонхона учун алоҳида хона ажратилган. Қолаверса, ҳовлида тандирхона ва оғилхона бор. Хуллас, янги уйимизда бир оила бахтиёр яшаши учун барчаси мужассам.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишларидан кўзланган мақсад ҳам шу - халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, оилаларнинг саодатли ҳаёт кечиришига шароит ҳозирлашдир.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: Қарши тумани Яккаёғоч массивида қурилган намунали уйлар; Алишер Аҳмедов оила аъзолари билан янги уйда.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.