Меню

Қашқадарё

10.02.2018 1912

ИШЛАЙДИГАН ПЕНСИОНЕРГА ПЕНСИЯ ТЎЛИҚ ТЎЛАНАДИМИ?

- 2018 йил 1 январидан бошлаб ишлаши ва фаолият соҳасидан қатъи назар, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшгани учун давлатимизнинг фахрий унвонларига сазовор бўлган пенсионерлар пенсияни тўлиқ оладилар. Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратгани ҳамда улардан фойдаланилаётгани учун фақат муаллифлик мукофоти (гонорар) кўринишида даромад олаётган, лекин меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга оширмаётган пенсионерларга ҳам пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга ҳам пенсия тўлиқ миқдорда тўлаб берилади.

Бундан ташқари, Президентнинг жорий йил 7 февралдаги тегишли фармонига асосан 1 мартдан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси тизимидан пенсияга чиқиб, ишлаётган фуқароларнинг баъзи тоифаларига тўлиқ пенсия тўланиши кўзда тутилмоқда.

Яна шуни қўшимча қилиш лозим, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра: тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси - 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан, шунингдек, 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ортиқча тўланган пули қолдиқ суммалари ҳисобдан чиқарилади.

2018 йилнинг 1 январидан кейин 65 ёшга тўлганларида аниқланган ортиқча тўлов бўйича қарздорликлар ҳисобдан чиқарилмайди. Чунки  фармонда бу ҳақдаги тартиб ва талаблар кўзда тутилмаган.

- Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун судларга даъволар тайёрлашда кўмаклашиш вазифаси юклатилган. Умуман, иш стажи қандай ҳолларда ва нима сабабдан судлар томонидан тасдиқланиши керак?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори иловаси асосида тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мурожаат қиладиган бўлсак, мазкур низомда қуйидаги талаблар белгилаб қўйилган. Жумладан, иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.

Авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу низом 58-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича (яъни  иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда) архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда, иш стажи суд тартибида белгиланади.

Суднинг қарори билан жамоа хўжалиги аъзосининг иш стажи тасдиқланган тақдирда ушбу стажни белгилаш 16 ёшдан бошлаб амалга оширилади, агар иш стажи бошланиши 1941-1945 йиллардаги уруш даврига тўғри келса - 14 ёшдан белгиланади.

Пенсия жамғармаси бўлими ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарордан рози бўлинмаган тақдирда ушбу масала суд томонидан ҳал этилади.

Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда вилоятимизда 278 минг 798 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчилар мавжуд. Шундан 205 минг 193 нафари ёшга доир, 27 минг 886 нафари ногиронлик, 17 минг 019 нафари боқувчисини йўқотганлик пенсияси, 28 минг 700 нафари эса ижтимоий нафақа олувчиларни ташкил этади.

Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!