Меню
Қашқадарё
“ИШЛАГАНМАН, СТАЖИМ ЙЎҚ...”
Масалан, Китоб тумани Халқ қабулхонасига ўтган вақт мобайнида 1122 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг етмиш беш нафари пенсияга чиқишга оид муаммоларга дуч келган. Янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, улар нафақага чиқиш учун тўлиқ иш стажига эга эмаслиги, ўз вақтида қайсидир ташкилотда ишлаган бўлса-да, бу меҳнат дафтарчасида қайд этилмагани, меҳнат фаолиятини тасдиқловчи бирорта ҳужжат йўқлиги боис ўзига тайинланадиган қонуний пенсияни ололмай ҳалак. Албатта, бу ўринда фуқарони тушуниш мумкин, шунингдек, қонун талабларини ҳам инкор этмаслик шарт. Чунки, қонунчилигимизда қайси турдаги нафақа қайси ҳолатларда тўланиши аниқ акс эттириб қўйилган. Шунга қарамай, бу борада муаммо мавжуд экан, унга сабаб бўлаётган омиллар ҳам бор. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Агар мурожаатларни диққат билан ўрганиб чиқсангиз, сабаблар ўз-ўзидан аён бўлади.
Масалан, ишсизлиги ёки иш стажига эга бўлмагани сабабли пенсияга чиқиш учун керакли ҳужжатларни расмийлаштира олмаётган фуқаролар билан дилдан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти хусусий корхоналар, қурилиш ташкилотлари, ошхона ва савдо дўконлари ҳамда фермер хўжаликларида норасмий равишда ишлагани маълум бўлади. Аммо уларга меҳнат дафтарчаси юритилмаган, ишга қабул қилишда буйруқлар чиқарилмаган. Меҳнатини муҳофаза қилиш ва қариганда тўла-қонли пенсия олиш ҳуқуқи таъминланмаган.
Бундан кўринадики, аслида улар қишин-ёзин ишлашган, фақат иш фаолияти расман қайд этилмаган, холос. Энди эса давлат томонидан қонуний равишда тўланадиган пенсияни расмийлаштиролмай ҳалак. Демакки, муаммонинг сабаби энг аввало ўзларининг бепарволик қилганида. Агарда ҳар бир фуқаро қайси ташкилот ёки хўжаликда ишламасин, буни ўз вақтида расмийлаштириб қўйса, иш берувчидан ҳам шуни талаб қилса, келгусида бу каби муаммоларга рўбарў келмас эди. Айни вақтда ишсизлик муаммосининг бўртиб турганига ҳам мана шу каби норасмий ишлаш ва ишга ёллаш ҳолатларининг кўплиги сабаб бўлмоқда.
Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш лозимки, мавжуд тартибга кўра, янги иш бошлаётган фуқарога беш кун муддатда меҳнат дафтарчаси очилиши керак. Аввал ишлаган фуқаролар меҳнат дафтарчасининг асл нусхасини тақдим қилмаса, ишга қабул қилиниши мумкин эмас. Ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ваколатига эга мансабдор шахс томонидан фуқарога ишга қабул қилинганлиги айтилиб, ишга жалб қилинса, у ишга қабул қилинган ҳисобланади. Демак, у бу вақтда ўз меҳнатини қонун талаблари асосида расмийлаштириб қўйиш ҳуқуқига эга.
Тўғри, айрим хусусий корхона ёки фермер хўжаликлари учун оғзаки келишув асосида ишчи кучини ёллаш маъқул бўлиши мумкин. Бу билан улар айрим солиқларни яшириб қолади, ходимларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва бошқа масалаларга оид масъулиятларни зиммасига олмайди. Лекин бу ишнинг ноқонуний эканлигини ҳам унутмаслик лозим.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хусусий корхоналарда ишчи-хизматчиларни расмий равишда ишлатишни таъминлашга оид қонунларимизни такомиллаштириш, ишчиларни норасмий ишлатган корхоналарга нисбатан жазо чорасини кучайтириш ва кўпроқ иш ўрни яратганларни рағбатлантириш чораларини кўриш лозим. Ана шунда хусусий корхона раҳбарлари ишчиларни норасмий ишлатишга журъат этмайдилар. Бу билан фуқаролар меҳнатини ва ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш имконияти ҳам таъминланади.
Абдишукур ОМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири