Меню
Қашқадарё
ИШЛАБ ЧИҚАРИШДАГИ ИЛҒОР НАТИЖАЛАР НАМОЙИШИ
Унда ўтган йил якунларига кўра, илғор натижаларга эришган, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга интилаётган, шу орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган, кўрик-танловнинг дастлабки - шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 41 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар тақдим этилгани, ушбу танловда вилоятимиз ишбилармонлари томонидан намойиш этилган сифатли, рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар эса бунинг амалий самараси эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан соҳа вакилларига бундан-да кўпроқ енгиллик ва имтиёзлар беришни кўзда тутаётган қарор ва норматив ҳужжатлар қабул қилинаяпти, тадбиркорни қийнаётган муаммо ва тўсиқлар тез фурсатда ҳал этилмоқда, бунга эса ишбилармонлар ўз фаолиятини янада кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда фаол иштирок этиш билан муносиб жавоб қайтармоқда.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур кўрик-танлов эса ўз фаолиятида салмоқли ютуқларни қўлга киритган, ташаббускорлиги ва янгиликларга интилувчанлиги билан ажралиб турган тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни муносиб рағбатлантириш, юртимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, ишбилармонларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини юксалтириш, тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Айтиш жоизки, танлов доирасида ташкил этилган экспозиция барчада бирдек қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган турли товар ва буюмлар - кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, мебель, миллий ҳунармандчилик намуналари, қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар саховатли заминимиз, халқимизнинг бунёдкорлик қудратини ёрқин намоён этди.
- Бугун изланган, ички ва ташқи бозор талабига мос маҳсулот ишлаб чиқаришни асосий мақсад қилган тадбиркор ҳар жиҳатдан ютади, - дейди Миришкор туманидаги "Жейнов чорвадори" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ирода Саидова. - Биз айни шу йўналишда иш олиб бораяпмиз ва эришилган натижалар билан мақтана оламиз. Ҳозирги пайтда корхонамизда ўртача 1 тоннадан зиёд сут Исроил технологияси асосида қайта ишланиб, 5 хил маҳсулот тайёрланаяпти. Биз ишлаб чиқараётган сариёғ, бринза, кефир, қаймоқ ва пишлоққа доимий харидорлар бор. Асосийси, зарур хомашё ўзимизда етиштирилади. Хўжалигимизда 420 бошдан зиёд наслли қорамол боқилаяпти. Шунинг 120 бошга яқини соғин сигир. Улардан ҳар куни ўртача 20 литрдан сут соғиб олинади. Бундан ташқари, наслчилик ҳам фаолиятимизнинг асосий тармоғи ҳисобланади. Иқлим шароитимизга мос наслдор қорамолларни йилдан-йилга кўпайтираяпмиз. Бу ютуқлар билан кифояланмоқчи эмасмиз. Келгусида 2 хил янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун чет элдан замонавий ускуналар келтириш мўлжалланган.
Маълумки, фермерлик ҳаракати вилоятимиз халқ хўжалигининг муҳим тиргаги саналади. Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самарасида фермер хўжаликлари фаолияти мазмун ва шакл жиҳатидан туб ўзгаришларга юз бурди. Давр талабидан келиб чиқиб, аксарият фермер хўжаликлари кўп тармоқлига айлантирилди. Эндиликда фермерлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланиб қолмай, қишлоқ жойларда муҳим ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этишда асосий ташаббускор сифатида майдонга чиқмоқда. Уларга қишлоқ тараққиётини таъминловчи етакчи куч сифатида қаралаяпти. Бу галги кўрик-танловнинг вилоят босқичида кўп тармоққа асосланган фермер хўжаликлари иштироки ҳар қачонгидан ошгани эътиборга молик.
- 2016 йилги фаолиятимизни 1 миллиард сўмдан ошиқ даромад билан якунладик, шунинг 300 миллион сўмдан кўпини соф фойда ташкил этаяпти, - дейди Қарши туманидаги "Йўлдошев Суннат Негматович" фермер хўжалиги раҳбари Неъмат Ҳайитов. - Албатта, бу хўжалигимизда тармоқлар сонини кўпайтираётганимиздан. Аввалига ишни ғалла ва пахтачиликдан бошлаган бўлсак, айни пайтда хўжалигимизда чорвачилик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳам сердаромад соҳаларга айланган. Сут йўналишида 80 бош қорамол боқаяпмиз. Бир йил илгари қишлоғимиз ҳудудидаги эски бинони "ноль" харид қийматида олгандик. Ўтган даврда 250 миллион сўмлик инвестиция мажбуриятини бажардик. Бу ерда тикувчилик цехи очганмиз. Буюртма асосида аёллар либослари, кўрпа-тўшак каби маҳсулотларни ишлаб чиқараяпмиз. Яқинда тармоқни кенгайтириш мақсадида тижорат банкидан 100 миллион сўм кредит олдик. Қолаверса, 25 сотих майдонда иссиқхона қурганмиз. Йил давомида аҳолига помидор, бодринг етказиб бераяпмиз. Ҳозирги вақтда хўжалигимизда 25 нафар доимий ишчи меҳнат қилаяпти. Даромадимиз ҳисобидан янги тармоқларни ривожлантирмоқчимиз. Келгусида нон ишлаб чиқариш ва умумий овқатланиш хизмати кўрсатишни йўлга қўямиз. Парранда боқиш ҳам режамизда бор. Шунингдек, 600 ўринга мўлжалланган тўйхона барпо қилмоқчимиз. Натижада яна 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Асосийси, танловдан ўзим учун кўп нарса олдим. Янги ғоялар пайдо бўлди.
Танловнинг вилоят босқичида қатнашган ҳунармандлар томонидан тақдим этилган тикувчилик, каштачилик маҳсулотлари, бежирим ва юксак дид билан ишланган уй-рўзғор буюмлари ҳам кўргазмани бойитди ҳамда тадбир меҳмонларининг эътирофига сазовор бўлди. Танлов давомида ҳунармандлар бажарган амалий ишлар барчанинг эътиборини тортди. Иштирокчилар олиб келган миллий ҳунармандчилигимиз намуналари баҳоловчи ҳакамларнинг ишини бирмунча қийинлаштиргани аниқ.
Кўрик-танловда нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини бир қатор мезонлар асосида баҳолаб борди. Уларнинг хулосасига кўра, йилнинг энг яхшилари номлари эълон қилинди.
"Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида учинчи ўрин Ғузор туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Муртазаев Дилшод Мустафаевич" хусусий корхонаси раҳбари Дилшод Муртазаевга насиб этди. Турли ювиш воситаларини ички ва ташқи бозорга йўналтираётган Қарши шаҳридаги "Тозалик маликаси" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Матлуба Ўтаганова иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. Бугунги кунда асосан паррандачилик билан шуғулланаётган ва хориж мамлакатларига тухум экспорт қилаётган Шаҳрисабз туманидаги "Эко парранда" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳиддин Умидов ушбу йўналишда танлов ғолиби бўлди.
"Йилнинг энг яхши фермери" йўналишида ҳам фаолиятида юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришган қатнашчилар муносиб тақдирланди. Жумладан, Қамаши туманидаги боғдорчилик, ғаллачилик ва чорвачилик тармоқларини ривожлантираётган "Бунёд" фермер хўжалиги раҳбари Ўроқ Боймирзаев танловда 3-ўринни эгаллади. Нишон туманидаги сўнгги вақтда жиддий ўсиш қайд этган, қишлоқ хўжалигидан ташқари ишлаб чиқаришда ҳам муваффақият қозонаётган "Нишон кўзгуси" фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Узоқов мазкур йўналишда иккинчи бўлди. Бу босқичда ғолибликни Китоб туманидаги ўтган йили катта ҳажмдаги мева-сабзавот экспортини амалга оширган, боғдорчиликка ихтисослашган "Вигет импекс" фермер хўжалиги қўлга киритди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичида илк бор қатнашаётган Қарши шаҳрилик бешиксоз ҳунарманд Улуғбек Бозоров "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишида учинчи ўринга сазовор бўлди. Ёғоч ўймакорлигида кўп йиллик тажрибага эга, ўз маҳсулотлари билан меҳмонларни лол қолдирган Китоб туманилик Олим Тўраев 2-ўринга муносиб деб топилди. Кўргазмада тасвирий ва амалий санъат маҳсуллари, тарихий ёдгорликларнинг макетини тақдим қилган шаҳрисабзлик ҳунарманд Азиз Аҳмедов бу йўналишда вилоятимиз номидан танловнинг ҳал қилувчи босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Асосий йўналишларда биринчи ўринларни қўлга киритган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер кўрик-танловнинг финал босқичига йўлланмалар олишди ҳамда улар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, танловда бир қатор фаол иштирокчилар "Энг яхши ёш тадбиркор", "Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи", "Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор", "Менинг юртим - менинг ифтихорим", "Энг яхши оилавий бизнес соҳиби", "Энг яхши экспортчи", "Энг масъулиятли ижтимоий шерик", "Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик учун" каби рағбатлантирувчи номинациялар бўйича мукофотланди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: кўрик-танлов жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.