Меню

Қашқадарё

05.01.2021 1578

Ўқишдан ҳайдалган талаба ижтимоий тармоқда университетда коррупция авж олгани ҳақида мурожаат йўллаб, сўнг жарима тўлади

Қарши давлат университетининг 2019 йил 11 декабрдаги буйруғи билан талабалар сафидан четлаштирилган Ғ.М. айрим ижтимоий тармоқларда, хусусан, teleradio.uz сайтида университет профессор-ўқитувчилари амалиёт ва давлат имтиҳонлари учун пул олгани тўғрисида мурожаат йўллаган.

Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур видеомурожаат юзасидан таълим муассасасининг коррупцияга қарши курашиш комиссияси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрнатилган тартибда текширув ишлари олиб борилган.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, мурожаатдаги гаплар тасдиғини топмаган. Натижада Ғ.М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 40-моддасидаги ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги, яъни туҳмат қилганлик ҳолати бўйича ҳужжатлар Қарши шаҳар маъмурий судига юборилган.

Очиқ суд мажлисида мавжуд аризалар, текширув далолатномаси, тушунтириш хатлари, маъмурий баённомалар ва бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилиб, Ғ.М. айбли деб топилган ва базавий ҳисоблашнинг 20 баравари (4 миллион 460 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

“2020 йил 25 декабрдаги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблашнинг 50 баравари (11 миллион 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”, деб қайд этади ҚДУ ахборот хизмати.

Шундай экан, тамагирлик ҳолатига дуч келган кишилар етарли далил билан тегишли органларга мурожаат қилса, кутилган натижага эришиш мумкин.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!