Меню

Қашқадарё

18.06.2016 2241

ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнесдаги фаолияти қамровини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, ишлаб чиқаришда илғор технологияларни жорий этишига кўмаклашиш мақсадида бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур танловда Қарши шаҳри ва туманлардан келган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар, таклиф этаётган хизматлар кўргазмаси билан иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда аёлларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти, улар илгари сурган бизнес-режа ва истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқишига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ана шу нуқтаи назар билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳозирги вақтда вилоятимизда 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, шунинг қарийб 20 фоиздан ортиғи хотин-қизлар раҳбарлигида ривож топаяпти. Ер билан тиллашаётган ишбилармон аёллар ҳам кўплаб топилади.

- Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман, - дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши мутахассиси Гулбаҳор Тўраева. - Жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан 726 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ўз мустақил бизнесини йўлга қўйиш учун 30 миллиард сўмликдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Бу эса ишбилармон аёллар сони кўпайиши, янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлади.

Тадбир давомида бир гуруҳ ҳакамлар ишбилармон аёлларнинг ўтган давр мобайнида ўз фаолиятида эришган ютуқларига баҳо беришди. Бунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки таклиф этилаётган хизматнинг сифатлилиги, импорт ўрнини боса олиши, тадбиркор хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологиялардан қай даражада фойдаланаётгани, қанча иш ўрни яратгани, ҳуқуқий саводхонлиги, ташаббускорлиги каби жиҳатлар эътиборга олинди.

- Ушбу танловда илк бор иштирок  этишим, - дейди Яккабоғ туманидаги "Зафар" фермер хўжалиги раҳбари  Дилором Маллаева. - Фаолиятимиз асосан деҳқончиликка ихтисослашган бўлса-да, тармоқлар сонини кўпайтиришга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Бироз аввал боғ ташкил этган эдик. Ҳозирда бодом ва ёнғоқ дарахтларини ўстираяпмиз. Келгусида писта етиштириш ҳақида ҳам қатъий ўйлаб кўрмоқчимиз. Чунки еримиз табиати ушбу қуруқ мевани парваришлаш учун мос келади. Қолаверса, биз яшаётган қишлоқ туман марказидан 25 километр узоқликда. Аҳоли даромадлари ошгани сайин айрим хизматларга талаб кўпайди. Қишлоғимизда тўйхона йўқ эди. Жорий йил охирига қадар ўз маблағимиз ҳисобидан 300 ўринли муҳташам тўйхонани ишга туширмоқчимиз. Шунингдек, тикув цехи, гўзаллик салони очишни мўлжаллаяпмиз. 

Айтиш жоиз, танлов иштирокчилари олиб келган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Кўрик-танлов сўнгида асосий йўналиш ва бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!