Меню

Қашқадарё

20.07.2017 1971

ИШ УСЛУБИМИЗНИ ТУБДАН ЎЗГАРТИРИШИМИЗ ЛОЗИМ

Мазкур учрашув том маънода сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, давлат раҳбари билан бўлиб ўтган очиқ ва конструктив мулоқотда парламентдаги партия фракциялари ва сиёсий партиялар фаолияти  танқидий таҳлил этилиб, навбатдаги устувор вазифалар – демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳозирги босқичида ижро этувчи ҳокимиятлар фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди. Энг асосийси, бу вазифаларни қандай амалга ошириш ва қўйилаётган мақсадларга қайси йўллар билан эришиш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун қандай қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги ҳақида аниқ таклифлар илгари сурилди.

Маълумки, партиялар фаолиятининг кучайиши, ўз навбатида, халқимиз ва сайловчиларнинг сиёсий онги ва фаоллиги юксалиши, аҳоли қатламлари манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Бу эса сиёсий партияларнинг аҳоли манфаатларининг доимий ҳимоячиси сифатида фаоллик кўрсатишини, ўз электоратининг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида самарали иш олиб боришини талаб қилади. Бунинг учун сиёсий партиялар бугун кечагидан, эртага бугунгидан-да самаралироқ фаолият олиб бориши лозим.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳимоя қи-лишни ўз олдига асосий устувор вазифа қилиб белгилаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали оилалардаги аёллар ва ёшлар, кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари, архитектура ва қурилиш, уй-жойдан фойдаланиш бошқармалари, шунингдек, “Нуроний”  жамғармаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ногиронлар, кўзи ожизлар, карлар жамиятлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни бугунги талаблар  доирасида қайта кўриб чиқамиз.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир йиллик дастурлар, келгуси йилга мўлжалланган маҳаллий бюджет лойиҳаси ва ҳудуд учун муҳим бўлган бошқа дастурларни қабул қилишда сайловчилар, партия электорати, пенсионерлар, ногиронлар, аҳолининг бошқа заиф қатламлари манфаатларидан келиб чиқиб, партия гуруҳларида, доимий комиссияларда ҳамда сессияларда ушбу масалаларни атрофлича муҳокама қилиб, ушбу масалада принципиал позициямизни намоён этамиз.

Президентимиз маърузаларида таклиф этилган қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар ҳамда имтиёзлар партия ходимлари ва депутатлар масъулияти ва фаоллигини оширишга туртки бўлади, бу ўз ўрнида ислоҳотлар самарасини янада оширишга хизмат қилади.

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!