Меню
Қашқадарё
ИШ СТАЖИГА ЭГА БЎЛМАГАН ФУҚАРОЛАРГА ДАВЛАТ ПЕНСИЯСИ ТАЙИНЛАНМАЙДИ
Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Бу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган. Пенсия тайинлаш амалиёти ана шу ижтимоий таъминотнинг бир кўринишидир.
"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунда давлат пенсиялари турларига аниқлик киритилган бўлиб, улар: ёшга доир; ногиронлик; боқувчисини йўқотганлик бўйича тайинланади.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: эркаклар - 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар - 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари ёшидан қатъи назар ёки белгиланган ёш чегараси қисқартирилган ҳолда имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар ҳам эга.
Ногиронлик пенсиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда (тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан) I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади.
Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари эса ногиронлик бошланган пайтга қадар муайян иш стажига эга бўлган тақдирда тайинланади. Бунинг учун етарли иш стажи бўлмаса, ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
20 ёшга тўлгунга қадар умумий касаллик туфайли иш даврида ёки ишлаш тўхтатилганидан кейин ногирон бўлиб қолган шахсларга пенсиялар иш стажидан қатъи назар тайинланади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари эга бўлади. Бунда фарзандларга ва қонунда кўрсатиб ўтилган муайян шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ва уларнинг боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқи вужудга келишига оид талаблар қонунда батафсил баён этилган.
Юқорида келтирилган пенсия турларидан бирини олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг фуқаролар исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин. Давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.
Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларга "Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом асосида: ёшга доир нафақа; ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлардан ташқари); боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.