Меню

Қашқадарё

22.06.2021 1895

Ишқибозларнинг баланд овозда бақириши тақиқланади

Япон ишқибозлари Токиода ўтадиган Олимпия ўйинлари мусобақаларига келиши мумкин бўлди. Аммо, бунинг учун улар қатор белгиланган талабларни бажаришлари керак.

Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ёшихидэ Суга матбуот анжуманида эълон қилган.

Япон сиёсатчисининг айтишича, Олимпиада ташкилий қўмитаси яқин вақтлар ичида томошабинлар учун тегишли қоидалар тўпламини тайёрлайди. Ундан жой оладиган меъёрлардан бири - ишқибозлар спорт тадбирлари давомида баланд овозда бақириши тақиқланади. Ҳамма тиббий ҳимоя ниқоби тақиб олиши шарт бўлади.

Шунингдек, маълум бўлишича томошабинлар сони 10 минг нафардан ошиб кетмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси туфайли кечиктирилган Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари энди жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар ўтказилади.

Аввалроқ хорижлик спорт ишқибозлари тўрт йилликнинг энг йирик мусобақаларини томоша қилиш учун Японияга кела олмаслиги маълум бўлганди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!