Меню
Қашқадарё
ИШ БОРУ, УНГА ЖОЙЛАШИШ ПУЛЛИК...МИ?
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кундаги долзарб вазифалардан бири бандлик масаласи ҳисобланади. Шу сабабдан аҳолини иш билан таъминлаш, бўш иш ўринлари яратиш бўйича давлатимиз томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Аммо нафси ҳакалак отган айрим кимсалар фуқароларни алдаб, баъзи ҳолларда ўз хизмат вазифасидан фойдаланган ҳолда тамагирликка, порахўрликка қўл уришаётгани ачинарли.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида жорий йил 19 июнь куни Қарши шаҳрида яшовчи Баҳодир Юсупов фуқаро Розиқовга Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасида ишловчи таниши орқали ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан пора тариқасида олаётган вақтда қўлга олинди.
Шуни ҳам қайд этиш керак, ишга, ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига катта миқдорда пора талаб қилаётганлар ўз хатти-ҳаракати жиноят эканини яхши билишади. Шундай бўлса-да, нафс кўйида алдов ва ёлғондан ўзларини тийиб тура олишмайди.
Жумладан, “Enter Engineering” компанияси ходими Баҳодир Узоқов фуқаро Рустамовдан уни ушбу компанияга раҳбар танишлари орқали ишга киритишини айтиб, фуқаролик паспорти нусхаси, объективка ва ҳарбий гувоҳномаси ҳамда 600 АҚШ доллари ҳисобидан 500 минг сўм пулни Қарши шаҳридаги “Арбат” супермаркети ёнида пора тариқасида олади ва таниши Жафар Усмоновга бераётган вақтда тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Яна бир ҳолатда эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли “Махсус ва тез тиббий ёрдам” автохўжалиги директори Ражабов фуқаро Тошбадаловдан унинг жиянини ишга қабул қилиш эвазига 1000 АҚШ долларини пора тариқасида сўрайди. Порани олишда ҳам гўёки устомонлик қилмоқчи бўлади. Яъни айтилган пулни тўғридан-тўғри ўзи эмас, қоровул орқали олмоқчи бўлади. Бироқ унинг хомхаёл асосидаги режаси иш бермади, меҳнатсиз даромад топиш ҳақидаги фикри саробга айланди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза туғиладики, кўплаб фуқароларимиз иш йўқлигини сабаб қилиб, хорижма-хориж сарсон юришибди. Юқоридаги ҳолат эса амалда иш борлигини тасдиқлайди. Афсуски, кўнгли фақат пулга ошуфта айрим кимсалар сабаб ишсиз юрган ё бўлмаса ризқини бошқа юртлардан, қийин шароитларда топаётганлар кўпчилик. “Ишга жойлашиш фалон доллар” деган гап-сўзлар аҳоли орасида кенг ёйилганининг сабаби ҳам шу.
Қамаши туманида туғилган, “UZ-BTL” МЧЖда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Баҳодир Хўжамқулов ҳам нима бўлдию, ёши элликнинг остонасида турган бир чоғда фирибгарлик йўлини тутди. У фуқаро Алишер Ҳайитовнинг жияни Хуршид Турдиевни Мудофаага кўмалашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига ўқишга киритиш ва муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш мақсадида ундан пора талаб қилади.
Баҳодир Хўжамқулов бу ишни Қарши шаҳридаги Қарлиқбоғот кўчасида жойлашган автомобиллар турар жойида амалга ошириш мақсадида “Кобальт” русумли, давлат рақами 70 Q 280 JА бўлган автомашинасида 2 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Менинг нафсим балодур, ёнар ўтга солодур, деганларидек, тўғри йўлни қўйиб, қинғирликни касб қилганлар қилмишига яраша жазоланиши муқаррар. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
5 МИНГ АҚШ ДОЛЛАРИ ЭВАЗИГА ЎҚИШГА КИРИТИБ ҚЎЙИШНИ ВАЪДА ҚИЛГАН ФИРИБГАР УШЛАНДИ
Юртимизда олий ўқув юртига кириш тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш чоралари кўрилаётган бир чоғда қинғир йўллар билан талабага айланиш илинжидаги айрим абитуриентлар фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда.
Ҳар бир киши ҳаётда ўз ўрнини топиб, яхши ва фаровон турмуш кечиришни, фарзандлари ҳар томонлама баркамол вояга етишини истайди. Бу истак рўёбида ўқитувчи-устозларнинг ҳам ўрни катта. Бордию устоз нотўғри йўлда бўлса-чи? Бунинг оқибатларини тасаввур этишнинг ўзи мушкул.
Қарши шаҳридаги “Улуғбек” ўқув марказида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Азиз Шодмонов фуқаро Бегаловни алдаб, юқори мансабдор танишлари кўмагида Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалига ўқишга киритиб қўйишини, бунинг эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул бериши кераклигини айтади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари, вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Азиз Шодмоновнинг фирибгарлигига чек қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳавойи нафсга берилиб, бойлик тўплаш ҳамда бир умр роҳат-фароғатда яшашни кўзлаб, турли йўллар билан хорижий мамлакатларга чиқиб кетаётган баъзи бир инсонлар аввало тинчлик-хотиржамлик энг катта бойлик эканини англармикан?
ТЕКИН ПИШЛОҚ ҚОПҚОНДА БЎЛАДИ
Тўғри, одам зоти борки, яхши яшашга интилади. Агар унинг бу йўлдаги хатти-ҳаракати қонун доирасида бўлса, ҳеч бир эътироз йўқ. Аксинча бўлса...
1990 йилда Муборак туманида туғилган Муборак Холиқова қонунчилигимизда белгиланган меъёрларга риоя қилмасдан мамлакатни тарк этган. 2016 йил 4 ноябрь куни қўшни Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига боради. Мўмай даромад истаб, ёлғон ваъдаларга учган Муборак бу ерда турли ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлади. 2017 йилнинг 13 август куни Бирлашган Араб Амирликлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олиниб, 4 ой давомида Шаржа амирлиги қамоқхонасида сақланади. 2017 йилнинг 19 декабрь куни Шаржа – Тошкент йўналишида Ўзбекистонга депортация қилинади. Шундан сўнг Муборак Холиқова Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ушланди ва унинг тегишли рухсатномасиз чет элга чиққани аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Муборак Холиқовага оид жиноят иши кўриб чиқилиб, қонун доирасида жазо белгиланди.
Таъкидлаш лозим, йўлдан адашган, айбига иқрор ва қилган ишидан пушаймон бўлган юртдошларимизга хатосини тўғрилаши учун имкон берилмоқда. Хатони тўғрилаш эмас, уни мунтазам содир этиб юриш катта айбдир.
ЧИРОҚЧИДАН ТУРКИЯГА
Чироқчилик Мурод Ирисов, Сардор Бойбеков ва Ойбек Тўхтаевлардан иборат гуруҳ ўзаро жиноий тил бириктириб, алдов йўли билан фуқароларни Туркия давлатига жўнатиш билан шуғулланиб келишган. Улар ўз маҳалладошларини Туркияда 1300-1500 АҚШ доллари миқдорида маош тўланадиган ишлар бор, деб ишонтиришган. Бундай катта маошни эшитиб, кўп кишилар хорижга кетиш тараддудига тушиб қолишган. Гуруҳ аъзоларига четга жўнатиши эвазига айтилган пулни тутқазишдан ўзларини тийиб тура олишмаган.
Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деганларидек, улар Туркияга боргандан сўнггина алданганини англаб етишган.
Ёдда тутиш зарурки, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдан иборат. Жамиятда адолат мезонлари қарор топиши эса қонун устуворлиги таъминланишига боғлиқ. Юртдошларини алдаб, уларни чет элга жўнатган кимсалар-ку, қонуний жазосини олди, бироқ бошқалар ўз ҳақ-ҳуқуқини, қадрини қачон англаб етади?
ЛАНГАР ЗИЁРАТГОҲИДАГИ ЭҲСОН ПУЛЛАРИ ҚАЕРГА КЕТДИ?
Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимиз эътиқодини мустаҳкамлаш, маънавий қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор самарасида тарихий гўшалар, муқаддас қадамжоларимиз қайта чирой очиб, бу ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Биламиз, барча қадамжолар, зиёратгоҳларда эҳсон қутилари бор. Имкони етган, пули шу кўҳна иморатларни ободонлаштиришга ёки бева-бечораларга сарфланишини истаган кишилар атаганини шу қутиларга ташлаб кетишади. Бу жараёнда холислик бўлиши, талон-торожга йўл қўйилмаслиги учун эҳсон пулларини саноқдан ўтказиш махсус комиссия иштирокида амалга оширилади. Хусусан, вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси шу ишга масъул этиб белгиланган.
Энди бир савол туғилади: хўш, зиёратгоҳларда эҳсон пуллари қай мақсадларда, қай тарзда сарфланаяпти? Дейлик, Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳида.
Қамаши тумани ҳокимлиги, туман солиқ инспекцияси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур зиёратгоҳда бўлган вақтда пешин бўлгани боис зиёратчиларнинг қадами бироз узилган, айвондаги хонада зиёратгоҳ бош ҳисобчиси Файзулла Холмуродов ва бош назоратчи Дўстёр Тариқулов эҳсондан тушган пулларни санаб ўтирган экан.
Қизиқ, эҳсон қутисидан келтирилган бу пулларни саноқдан ўтказишда на маҳалла фуқаролар йиғинидан, на тегишли комиссиядан бирор мутасадди бор. Оёқ остида сочилиб ётган пулларни кўриб, савол туғилади кишида: хўш, ўзбошимчалик билан бу пулларни санашга ким рухсат берди?
Бундан ташқари, зиёрагоҳга эҳсон тариқасида олиб келинган қўй-қўзиларни рўйхатга олиш дафтари ҳам тўлиқ юритилмаган, чала. Чорва молларининг кунлик рўйхати бор, аммо уларнинг чиқими борасида нималардир етишмайди.
Хуллас, шу куни зиёратгоҳда саналган пуллар 2 миллион 684 минг 400 сўм экан. Орадан бир ҳафта ўтиб, хизмат кўрсатувчи банк - “Агробанк” вилоят филиалидан маълумот олиб билдикки, зиёратгоҳдаги эҳсон қутиларидан санаб олинган пуллар банкка кирим қилинмаган.
Нега бундай бўлди? Эҳсон пуллари қанот чиқариб учдими ёки зиёратгоҳ ходимлари кейинроқ топширамиз, деган ниятда эдиларми? Қолаверса, 3 қўзи ва 6 улоқнинг тақдири ҳам орадан бир ҳафта ўтиб мавҳум бўлиб қолди. Улар қаерга кетди, ким олиб кетди, билиб бўлмади.
Лангар ота зиёратгоҳида кузатилган бу ишлар динга, ахлоққа, қонунга тўғри келмаслиги кўриниб турибди. Бу борадаги якуний хулосани эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қилади.
Саҳифа материалларини Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.