Меню
Қашқадарё
ИШҚ АҲЛЛАРИГА ОҲУ ВОВАЙЛО СОЛДИ...
Тадқиқот учун мавзу
Тарихда айрим сўфийлик тариқатларида рақсу самоъ йиғинлари ўтказилиб, уларда дарвешлар рақсга тушган, мусиқа оғушида зикр айтишган, турли шеърлар оҳанг билан ўқилиб, қўшиқлар куйланган. Нишотий рақсу самоъ мажлисларида созандалар томонидан мусиқий асбобларда турли хил оҳанграбо куйлар ижро этилганини айтиб ўтган:
Соз унуни золи фалак истимоъ-
Айлаб онга иш эди рақсу самоъ.
Чангу чағона била савти сафир,
Айлаб эди, чархи фалакни мунир.
Ҳар сори ноқус уни-ю, арғанун
Савтида пайдо эди нақши жунун.
Най елидин ўт тушуб ушшақ аро,
Шуъла эди дайри куҳан тоқаро.
"Самоъ" сўзи арабча "эшитиш" маъносини билдиради. Тасаввуфда бу истилоҳ зикри жаҳрияни ёки зикрга оид нарсаларни эшитишга нисбатан ишлатилади. "Алишер Навоий" номли қомусий луғатда ёзилишича, "Самоъ мажлиси - тариқат аҳлининг ибодат тури. Умумий маънода Ҳаққа таважжуҳни кучайтириш ва кўнгил сафоси мақсадида Қуръон оятлари, ҳадис, мавъиза ва илмий маърузани тинглаш маъносида, тор маънода илоҳий ишқ тараннумидан иборат шеър, қўшиқ, ё оҳанг эшитиш тушунилади".
Рақсу самоъ мажлисида муридлар (шогирдлар) пиру устозлар атрофида зикрга тушганлар. Шунинг учун уларни "тавоф этувчи" - "чарх уриб айланувчи" дарвешлар дейишган. Улар шиддатли ҳаракат ва рақс жараёнида ўзидан кетишни Ҳаққа етиш они деб билишган. "Маҳбуб ул-қулуб"даги қуйидаги иқтибосдан Навоий ҳам худди шундай фикрлаган, деган хулоса уйғонади. Асарнинг "Мутриб ва муғаннийлар зикрида" қисмида (демак, Навоий давридаги самоъда созандалар ҳам қатнашган!) самоъ тилга олинади: "Сулук аҳлиға бир махуф ер бу манзилдурким, анда ҳам нуқсони ҳам камол ҳосилдур. Солик бу ерда бир муҳлик оҳ била ҳам мақсудға етибдур ва бир наъраи жонкоҳ била йиллар қозғонғони ҳам илгидин кетибдур.
Шиблий ва Нурий (қуддисса сирриҳумо) самоъда кеттилар ва бу йўл сулуки била мақсуд сарманзилиға еттилар. Басо аҳлуллоҳки, арғанун унидин дайрға кирди ва дин ва ислом нақдин муғбачаларга бой берди".
Навоий таъбири билан айтганда,бу хатарли манзилда, яъни самоъ орқали ҳақиқат аҳли камол топиб, муроди ҳосил бўлиши ҳеч гап эмас. Азизиддин Насафий "Самоъ йиғинларида соликларнинг айримларига ҳоллар юзланади ва бу ҳоллардан улар кўп фойдалар ва кушойишлар топарлар", деб шуни назарда тутган бўлса не ажаб?! Бироқ сулук аҳли учун йиғинда бунинг акси ҳам бўлиши эҳтимоли бор. Ғаззолий бу ҳақда шундай дейди: "Тоифаи сўфийларки, самоъ қилибдурлар, олами ғайбдан аҳволи латиф рўй бериб, самоъ савобидан кашфи ҳолат воқеъ бўлибдурки, ани важд (шавқу завқ ҳолати) атарлар. Диллари самоъда онча соф бўлурки, кумушни ўтға солғондек. Бу нав самоъ кўнгилда Ҳақ таоло дўстлигини зиёда қилур ва ҳамма қудуратларни зойил айлар. Чандон риёзат ва машаққатлар бирла ҳосил бўлмаган файзу футуҳот бу навъ самоъ бирла ҳосил бўлур".
Алишер Навоий мансуб нақшбандийлик тариқати вакиллари самоъ мажлиси тузмаганлар, аммо инкор ҳам этишмаган. Афтидан Навоийнинг ("Маҳбуб ул-қулуб"даги) юқоридаги эътирофи унинг бундай йиғинлар ўтказилишига қарши эмаслигини, ҳақиқат аҳлига ҳурматини намоён этади. Аммо шоирнинг замондошларидан Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Асад, Хожа Шамсиддин Муҳаммад Кусуйи Жомий, Мавлоно Муҳаммад Тободгоний, Хожа Абдулазиз Жомий самоъ йиғинларини сайру сулукнинг таркибий қисми, деб ёндашганлар. Бундан ташқари, Навоий "Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад" рисоласида яқин кишиларидан бири, қирқ йиллик қадрдони Паҳлавон Муҳаммад хонадонида подшоҳзодалар суҳбат қурганини, у эса созандалар ва гўяндаларга буюриб, "самоъ ва рақс" қилгани зикр этилган. Балки мазкур алломаларнинг таъсири ўлароқ, Навоий самоъ мажлисларида иштирок этган ёки унинг ҳузурида ҳам ана шундай кечалар ташкил этилгандир.
"Насойим ул-муҳаббат"да Навоий ўзи иштирок этган самоъ йиғинлари билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилиб беради: "Ул жумладин азизе эрди, бу тоифа (сўфийлар)нинг мукаммалидин ва Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Табодгонийнинг кибор ашобидин эрди ва фақир (Навоий)нинг алар хизматида кўп иродатим бор эрди. Ва алар яхши ун самоиға машъуф эрдилар. Муғаннийи бор эди хуш овоз, аммо кичик ёшлиғ ва девонасору шўх эрди. Мажлисда ўлтуратурғоч секриб, ул азизнинг бўйниға миниб, аёғин депсир эрди".
Яна шуни айтиш лозимки, Навоий қошида сўфийлар йиғилиб, самоъ йиғилиши ўтказгани "Бобурнома"да ҳам эътироф этилади. Бобур Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий ҳақида тўхталар экан, бундай мутасаввуфлар Алишербек қошида йиғилиб, важд ва самоъ қилганини қайд этади. Бу биринчидан.
Иккинчидан, самоъ йиғинларида зикрга тушишдан ташқари, дарвешлар ўша замонда Навоий ғазалларини шавқ ва завқ билан ўқишган. Бинобарин, Хондамирнинг қуйидаги сўзлари фикримизни тасдиқлайди: "Ҳеч қандай такаллуфсиз ва лофсиз айтиш мумкинки, бир оз вақт ичида (Навоийнинг) юксак санъаткорлик билан яратилган, жозибали байтлар, гўзаллик ва усталик билан безалган тизмалар зийнатининг шуҳрати шундай даражага етдики, ...Араб ва Ажам мамлакатларининг атрофидаги гўшанишин дарвешлар ҳам олий ҳазрат (Навоий)нинг шавқли шеърларининг ҳавсидан умрларини ўткариб, уни жуда кўп ҳаракатлар қилиб излаш учун югурадилар".
Навоийнинг ўзи ҳам "Бадоеъ ул-бидоя" дебочасида халқ (бизнингча дарвешлар) унинг етти иқлимга машҳур шеърларини ўқиб, жон фидо қилишига урғу бериб ўтган:
Кўнглимда не маъни ўлса эрди пайдо,
Тил айлар эди назм либосида адо.
Ул назмға жонин қилибон халқ фидо,
Солурлар эди гунбази гардунға садо.
Бу вайрон табъни байт этса мастур,
Тутуб шуҳрат, нечукким байти маъмур.
Харобат ичра пайдоу ниҳони,
Ул эрди халқнинг рутбал-лисони.
Йўқким, харобат дард нўшлари, балки муножот хирқапўшлари ва демайким авом арозили, балки хавос афозилининг тилларига жорий ва кўнгилларига корий тушар эрди. Ул замоннинг каримул-хулқ озодалари, балки азимуш-шаън шаҳзодалари илтифотиға мушарраф бўлур эрди" .
Учинчидан, нафақат дарвешлар шоирнинг самоъ йиғинларида ўқиладиган, тасаввуфга йўғрилган, "фақру фано тариқи"даги ғазалларини излаганлар, балки йиғинларда Навоий шеърларини ўқиб, ақл-ҳушдан жудо бўлганликлари ҳам баайни ҳақиқат. Шоир бу ҳолни "Ҳайрат ул-аброр"да қуйидагича тасвирлайди:
Ё бу наво зимнида асраб маҳал,
Чекса Навоий сўзидин бир ғазал.
Ким анга алфоз ўлуб оташ фишон,
Берса улус кўнглига мунгдин нишон.
Базмда ул лаҳза алолони кўр,
Кўйи харобот аро ғавғони кўр.
Кўрки нечукдур ёқа чок айламак,
Ўзни фиғон бирла ҳалок айламак.
Садриддин Айний ушбу мисраларга шундай изоҳ берган: "Ҳар қандай яхши созанда қанча яхши чолсаю, (ашула айтмасдан) узоқ чолса, ундан ақл аҳлига малол етади. Агар созанда машқ орасида Навоийнинг олов сочувчи ғазалларидан биронтасини ўқиса, у вақт базм (самоъ йиғини)да шовқин-сурон қўзғалади, эшитувчилар ўз ёқаларини йиртадилар, оҳу вой билан ўзларини йўқотиб қўядилар".
Бу изоҳни Зайниддин Восифийнинг "Бадоеъ ул-вақоеъ"си ҳам тасдиқлайди. Навоийнинг муосири бастакор Хожа Абдулло Марворид шоирнинг
Дин офати бир муғбачайи моҳи лиқодур, майхорау бебок.
Ким ишқидин онинг ватани дайри фанодур, сармасту ёқам чок.
Ҳар туррасининг дуди вараъ белиға зуннор, мен кофири ишқи,
Ҳам юзи мажуз ўти киби шуъла физодур, мен ўртанибон пок
мисралари билан бошланадиган мустазодига савт боғлаган бўлиб, "ўша вақтларда Ҳиротда бу савт ўқилмайдиган уй йўқ эди" (Навоий). Кўп халқ йиғилган бир базм (самоъ)да у ўқилганда, ҳозир бўлган одамлар бу мустазоднинг, унга боғланган савтнинг чуқур, юракларни эзувчи, дилларни ғулғулага солувчи таъсирига шу қадар мафтун бўладиларки, бунинг натижасида мажлис аҳли ҳатто ёқаларини чок этадилар... Қандайдир дарин фикрда бошини қуйи солиб юрган Навоий воқеа содир бўлаётган уйнинг дарчасидан бу манзарани тамомила тасодифий ўлароқ томоша қилади.
Албатта, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таъбири билан айтганда, шавқ ҳолатига тушиб, ёқа йиртиш самоъ йиғинларида дарвишларга хос одат бўлганлигидан келиб чиқсак, Навоий айнан сўфийлар йиғилган самоъни кузатишга муваффақ бўлган, дейиш мумкин.
Мухтасар айтганда, Навоий замонида унинг тасаввуфга йўғрилган шеърларига дарвешлар ўртасида талаб кучли бўлган. Сўфийлар ушбу шеърларни ўқиб, завқ-шавқ билан самоъда зикрга тушишган. Бу ҳақда "Муҳокатул-луғатайн"да Навоий шундай дейди: "...турли-туман дурлар сочтим ва дилсўз байтларим ёлворувчилар ўртасида фитна ва ғавғо солди, базмни қизитувчи ғазалларим ишқ аҳлларига оҳу вовайло солди".
Албатта, самоъ йиғинларининг Навоий ҳаётида тутган ўрнини тадқиқ этиш навоийшуносликдаги келгуси вазифалардир.
Шерхон ҚОРАЕВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мустақил тадқиқотчиси