Меню

Қашқадарё

19.05.2020 1572

ИШ ҲАҚИ НЕГА КЕЧИКДИ?

Инсон ва қонун

Вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан ходимларга 20 миллион 611 минг сўмлик ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят адлия бошқармаси инсон ҳуқуқлари бўлими томонидан тегишли тақдимнома киритилиб, ходимларнинг маоши тўлаб берилишига эришилган. Бу ҳақда адлия бошқармаси расмий сайтида хабар берилмоқда.

Тақдимномада корхонада ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш лозимлиги қайд этилган. Шунга асосан даставвал корхона томонидан ходимларга 10 миллион 313 минг сўм ойлик иш ҳақлари тўланган.

Маошнинг қолган қисми коронавирус пандемияси сабаб номуайян муддатга кечиктирилгани билдирилган эди ва айни пайтда бу масала тўла ечимини топди.

Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасига киритилган тақдимнома натижасида бошқарма ходимларига тўланмай келинаётган 1 миллион 544 минг сўм иш ҳақлари ҳам адлия аралашуви билан ўз эгалари қўлига етиб борди.

Шунингдек, Қамаши тумани Қизилтепа қишлоғида яшовчи Б.Тўлашов иш жойи томонидан ногиронлик нафақаси тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ўрганиш натижаларига кўра, “Ҳудудгаз” Қашқадарё МЧЖ томонидан Б.Тўлашовнинг 5 ойдан буён тўланмасдан келинаётган ногиронликка оид нафақаси, яъни 9 миллион 803 минг сўм унинг пластик картасига ўтказиб берилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!