Меню

Қашқадарё

04.12.2018 1665

ИС ГАЗИ: АВВАЛО ЎЗИНГНИ ЎЗИНГ АСРА

 Бир челак чўғ ва икки норасида

 Шу йилнинг 27 ноябрь куни кеч соат 23:50 лар атрофида Ғузор туман марказий шифохонасига туманнинг Чақар маҳалласида яшовчи оила фарзандлари - уч ёшли Н.М. ҳамда бир ёшли Н.Ш.ларни  оғир аҳволда олиб келишади. Ташхис: ис газидан заҳарланиш.

 Суриштирувлар натижасида маълум бўлдики, ўша куни тунда болаларнинг онаси - С.М. уйни иситиш мақсадида хона ичига темир челакка солинган чўғ киритиб қўяди ва ўзи юмуш билан ташқарига чиқиб кетади. Челакка солинган чўғнинг бир қисми ёниб, пастки қисми ёнмасдан димиқиши натижасида ундан заҳарли ис гази тарқала бошлайди. Натижада, орадан бироз вақт ўтиб хона исийди, лекин ёш болаларнинг тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизланиб қолади.

 Яхшиямки, оила катталари воқеадан ўз вақтида огоҳ бўлиб, болаларни шифонага олиб келишган ва кўрсатилган тезкор ёрдам натижасида уларнинг аҳволи яхшиланган. Акс ҳолда, ҳолат янада ачинарли бўлиши мумкин эди.

 Меҳмон ҳушёр бўлмаганида...

 Ис гази билан боғлиқ яна бир ҳодиса Деҳқонобод туманида қайд этилди.

 Ҳолат шуки, туманнинг Бешқўтон маҳалласидаги хонадонлардан бирида оила аъзолари хонани иситиш мақсадида қўлбола ясалган ўтин печига мол тезагидан тайёрланган қуруқ ёқилғини солиб, уйқуга ётишган.

 Кўп ўтмай чала ёнган мол тезагидан ис гази ажралиши сабабли уй ичи тутун билан тўлади ва хонада бўлган барча фуқаролар ис газидан заҳарланади. Фақат шу куни хонадонга меҳмон бўлиб келган, 1990 йилда туғилган Ж.С. тутун ҳидини сезиб, уйғониб кетади ва ҳолатни англаб, дарҳол қолганларни уйғотади. Уларни ташқарига олиб чиқади ва тез ёрдам чақиради.

 Ҳодиса оқибатида шу куни хонадонда бўлган 3 нафар киши ўрта оғир, яна уч нафари эса оғир даражада ис газидан заҳарланиб, шифохонага тушган.

 Ҳолсизлик сабаби заҳарланиш экан

 Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро, 1978 йилда туғилган Р.М. тўсатдан кечқурун ўзини нохуш сезиб, тонгда ҳушидан кетиб қолган. Оила аъзолари тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилишган. Хизмат ходимлари етиб келиб, биринчи ёрдамни кўрсатади ва беморни туман тиббиёт бирлашмасига олиб боради.

 Текширишлар натижасида Р.М.нинг ўткир даражада ис газидан заҳарлангани қайд этилган. Маълум бўлишича, ўша куни тунда Р.М. хонадонидаги қўлбола темир печга кўмир ёқилғисини ёқиб, ухлаган. Кўмирнинг чала ёниши натижасида ундан ис гази ажрала бошлаган ва уй ичида бўлган Р.М. буни пайқамаган. У соғлиғи ёмонлашиб, ўзини нохуш сезиб тонг оттирган ва ҳушидан кетган.

 Чала ёнган газ

 Қарши тумани Мевазор маҳалласида яшовчи, 1979 йилда туғилган Э.М. ҳамда 2001 йилда туғилган Э.Ш.лар кундуз куни уйдаги табиий газга уланган плитанинг духовкасини ёқиб қўйиб, хонада ўтирган.

  Табиий газнинг чала ёниши натижасида ундан ис гази ажралиб чиқиб, ушбу фуқаролар заҳарланган. Улар ўзларида беҳоллик, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниши каби ҳолатларни сезиб, дарҳол тез тиббий ёрдам хизматини чақиришган ва шифохонада даволаниб, соғлиғи яхшиланган.

 Асосийси огоҳ бўлиш керак

 Хуллас, юқоридаги каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Айтиш жоизки, айниқса, совуқ кунлар бошланди дегунча аҳоли уйни иситиш мақсадида табиий газ, кўмир, ўтин ёки бошқа ёқилғи турларидан фойдаланади.

 Аммо бу борада эҳтиётсизликка йўл қўйиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилмаслик, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш натижасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқмоқда.

 Шу боис, аҳоли табиий ва ис газидан заҳарланишининг олдини олиш тадбирлари нафақат мутасадди ташкилот, идоралар ҳамда хизматлар томонидан, балки ҳар бир хонадон эгалари ва барча фуқаролар томонидан амалга оширилиши даркор. Токи, ис гази ҳеч биримизнинг осойишта ҳаётимизга оғу солмасин.

 Ис гази бу - истеъмолчилар фойдаланаётган табиий газ, кўмир ва бошқа органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган бирикмадир.  У инсон нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилади. Организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди.

 Заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ. Енгил, ўрта ва оғир даражада бўлади. Бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади. Қусиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилади ҳамда нафас олиш секинлашади. Баъзан ўлимга олиб келади.

 Фарҳод МИРЗАЕВ,

 вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи, полковник

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!