Меню
Қашқадарё
Қироллик клуби молиявий фирибгарликда гумонланаяпти
Футбол бўйича Испаниянинг амалдаги чемпиони "Реал" клуби мамлакат солиқ органлари назорат доирасига тушди. Мадридликлар жамоаси раҳбарияти фирибгарлик ва оффшор ҳудудларда жойлашган компаниялар ёрдамида солиқдан қочишга уринишда гумонланмоқда.
Гап шундаки, бундан беш йил аввал "Реал" хўжайинлари Providence фонди билан клубнинг савдо ҳуқуқини сотиш бўйича келишувга эришган. Унга асосан фонд яқин ўн йил давомида 500 миллион евро маблағни қироллик клуби ҳисобига ўтказиб беришни зиммасига олган. Ушбу келишув воситачилари эса офшор ҳудудларда, жумладан, Кайман оролларида рўйхатдан ўтган.
"Испания ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари мадридликлар шу тарзда солиқ тўлашдан қочишни режа қилган, деб ҳисобламоқда. Чунончи, клубнинг молиявий операцияларига жавобгар ходимлари ушбу шартнома солиқ ва обрўга алоқадор хатарга эга эканлиги ҳақида огоҳлантирилган. Лекин, улар бунга қулоқ солмаган", дея хабар тарқатди ТАСС.
Испания солиқ органлари - футбол оламидаги машҳур шахслар ва ташкилотларнинг барча операцияларини махсус кузатиб борувчи Европадаги энг инжиқ тузилмалардан бири ҳисобланади. Аввалроқ ОАВ дунё футболининг икки ёрқин юлдузи - Криштиану Роналду ва Лионель Месси ҳамда мамлакат солиқчилари ўртасида юзага келган муаммо ҳақида ҳам ёзган эди.