Меню
Қашқадарё
ИРОДА БИЛАН БИРГА УЛҒАЙГАН ОРЗУ
Катталарнинг ваҳимага тушиб югуриши, ўт ўчирувчиларнинг зўмда пайдо бўлиши, деразадан ичкарига кириши ва қўрқувдан титраётган болаларни олиб чиқиши - шуларнинг барчаси беш ёшли қизнинг онгида кино лентасидаги тасвирдек муҳрланиб қолди. Кейинчалик ҳам хаёлидан чиқара олмади бу воқеани.
Бироқ айнан шу воқеа қизалоқнинг қалбида ўт ўчирувчилик касбига нисбатан меҳр уйғотди. Унда мен ҳам ўт ўчирувчи бўламан, одамларни қутқараман, деган қатъий мақсад пайдо бўлди.
Қизалоқ мактабни битирганида унинг касб танлаш борасидаги қарори аниқ эди. Ҳеч иккиланмасдан Ички ишлар вазирлиги академиясига ҳужжат топширди.
Қаҳрамонимиз Ирода Бозорова ўқишни 2008 йилда тугатиб, вилоят ички ишлар бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўлимида инспектор лавозимида ишлади. Бугун эса ўзи севган, меҳрини қўйган касбида, вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасида хизмат қилаётир.
Ирода опанинг айтишича, ёнғинга қарши кураш ҳақиқий жанг майдонида душманга қарши чиқиш билан баравар. Бунинг учун жамоада маҳорат, интизом, иноқлик бўлиши, аъзолари бир-бирига суяна олиши керак. Ҳар бир ўт ўчирувчининг ўз вазифаси бор. Масалан, ҳайдовчи маҳоратли бўлмаса, ёнғин жойига вақтида етиб бориш мушкул. У шахсий таркибни айтилган манзилга етказиб борганидан сўнг бўлинма командири ё смена бошлиғи ишга киришади. У биринчи бўлиб оловга юзланади, қолганлар эса унинг ортидан боради.
- Бу касбни танлаганимдан сираям афсусланмайман, - дейди Ирода Бозорова (суратда).
С.АЛЛАЁРОВА