Меню
Қашқадарё
ҚИРҚ УЙ ҚУДА БЎЛСА – ҚИРҚ ЙИЛ ҚИРҒИН КЕЛМАС
Исломда бу ҳодисага катта аҳамият қаратилиб, шаръий ҳукмлари ҳам батафсил баён қилинган. Шунинг учун ҳам бизнинг муқаддас динимизда қудачилик алоқаларига алоҳида эътибор берилган ва унинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланган. Қудачилик алоқалари ҳақида Аллоҳ таоло тарафидан Қуръони карим орқали, Расулуллоҳ (c.а.в.) томонларидан суннати мутоҳҳара орқали шариатга керакли ҳукмлар киритилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фурқон” сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“У, нутфадан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир”.
Бу ўзидан бошқа бирор нарса билан ҳис қилиб бўлмайдиган туйғу бўлиб, келин-куёвнинг ота-оналарига алоҳида масъулият юклаб, айрича салобатли бўлишни талаб қилади. Қуда-андалар ўртасидаги қариндошлик ва дўстликда алоҳида бир муносабат, эътибор ва эҳтиром бўлиши лозим. Халқимизда “Қуданг қул бўлса-да, уни сийла”, “Қуданг келса, унга қилмагин ҳийла”, “Қуданг қул бўлса, қулдек бўл” каби ҳикматларда қудалар ўртасидаги муносабатлар, нозик алоқалар баён этилган.
Қудачилик алоқалари шунчалик нозикки, агар улар ўртасидаги меҳр тори таранглашиб узилса, бу албатта ёш келин-куёвнинг ҳаётига таъсир этиб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Халқимиз орасида кенг тарқалган “Қуда бўлгунча – кўп синаш, қуда бўлгач – кўп сийлаш”, деган нақлнинг исбот талаб этмас ҳақиқат эканини ҳаётда кўриб, эшитиб гувоҳи бўлганмиз. Умуман, ота-оналар ҳаётда фарзандларига муносиб жуфт танлаш, тўйини ўтказиш, биров билан қуда бўлиш учун кўп қийналишади. Турмушда икки ёшнинг бошини қовуштиришдек мушкул иш йўқ аслида. Бу борада, албатта, қудаларнинг дунёқарашлари, ёшларнинг бир-бирига яқин бўлиши айни муддаодир.
Азалдан маълумки, қудалар фарзандлари оиласининг бузилишига сабаб бўлувчи турли омилларни имкон борича бартараф этганларидан сўнг ҳам тақдири азал бўлиб ажрашиб кетишган тақдирда ўзаро алоқани узиб-кесиб ташламаганлар. Бир-бирларини эҳтиромлаб, юзма-юз келганда саломлашиб, бемор бўлганда бориб кўрганлар. Ҳеч бўлмаганда бир-бирларини ҳақоратламаганлар. Чунки эр-хотин қудаларнинг айби билан эмас, ўзларининг айблари билан ажрашган. Ҳозирги пайтдаги асосий ажрашишларга қуда-андалар, аниқроғи йўқловлар сабаб бўлаётгани сир эмас.
Сўнгги вақтлардаги қудалар ўртасидаги арзимаган латта-путта, мебель талашиб, ғурур-нафсни сабаб қилиб, майда-чуйда гапларга ўралашишлари бу қадриятнинг қадрини тўкиб қўймаяптими, деган ўйга борасан киши. Баъзи қудалар тўй олдидан ортиқча совғалар, “тўққиз товоқ”, “қирқ патнис” қилиш каби ортиқча амалларга ружу қўймоқда. Бу эса ўзини кўрсатиш, мақтаниш ва исрофдан ўзга нарса эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в.):
“Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Эй, Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан (яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан, дейишидан) ёки бир-биридан қўрққанидан (яъни, фалончида шунча пули бўла туриб оддий, исрофсиз тўй қилди-я, дейишидан қўрқиб) шундай қилишади”.
Орзу-ҳавас деган нарсани нотўғри тушунадиганлар дабдабали, эл оғзига тушадиган тўй қилиш учун йиллар давомида йиғинади. Чегара билмас орзу-ҳаваслар эвазига келадиган машаққатлар бора-бора оилада қиз туғилиши малол кўрилишига сабаб бўлиб қолмоқда.
Баъзида кишиларнинг “Қиз бериб ҳам қутулмайсан!” каби нолишлари қулоғимизга чалинади. Чунки тўйдан кейин “чарлари”, “қуда чақириқ”, баъзи жойларда қирқ кунгача йўқлов жўнатиш мажбуриятлари ҳали ҳам мавжуд. Бу “меҳмоннавозлик” қарз-ҳаволасиз ёки чин кўнгилдан амалга ошмоқда, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Айрим ортиқча маросимлар йўқотилса, ўрнига бошқаси ўйлаб топилиши баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аянчлиси ҳам шу.
Қадим замонларданоқ қудалар бир-бирларини қаттиқ иззат-ҳурмат қилганлар. Натижада бир қабила аъзолари иккинчи қабила аъзолари билан бирлашиб бир бутун катта куч бўлганлар. Шу боис уларга қандай душман ҳамла қилса ҳам енга олмаган. “Қирқ уй қуда бўлса – қирқ йил қирғин келмас”, деб бежизга айтишмаган ахир. Қудалар қариндошдан ҳам азизроқ ҳисобланишади. Уларнинг муносабатлари доимо яхши ва самимий бўлиши керак. Одатда қудалар ўртасидаги аҳилликнинг ўзгаришига ёшлар ўртасидаги муносабатнинг бузилиши сабаб бўлади. Кўп ҳолларда ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучук томонлари фарқига бормаган келин ва куёв ўйламасдан қилган ножўя хатти-ҳаракатлари ёки қайнона-келин муносабатларидаги келишмовчиликлар қудалар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этади.
Азиз қудалар, унутмангки, янги қурилган оила, ёшларнинг тақдири учун жавобгар ва масъулсиз. Аслида келинни қизим, куёвни ўғлим деб ҳисоблаш қудаларнинг билим ва савияси, ҳаётий тажрибасига боғлиқ. Ҳар қандай майда-чуйда нарсалар, арзимас гапларни деб фарзандингиз бахти ярим бўлишига йўл қўйманг. Ўртадаги самимий меҳр-оқибатни сақлаган ҳолда оқиллигингизни намоён қилинг ва фарзандларингиз бахтли-саодатли умр кечиришига ҳамда гўзал риштанинг минг йиллаб давом этишига тўсқинлик қилманг.
Фазлиддин МУХТОРОВ,
Шаҳрисабз тумани бош имом-хатиби