Меню
Қашқадарё
ОҚСУВ ДАРЁСИДА 3 ТА КИЧИК ГЭС ҚУРИЛИШИ УЧУН
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) мамлакатимизда умумий қуввати 25 мегаваттга тенг гидроэлектростанциялар (ГЭС) қуриш учун 60 миллион доллар миқдорида заём ажратишга қарор қилди. "Барқарор гидроэнергетика" лойиҳаси доирасида бунёд этилажак бу иншоотлар Шаҳрисабз туманидаги Оқсув дарёсида қад ростлайди.
Банк расмийлари мазкур лойиҳанинг молиявий қўллаб-қувватланиши ҳақида маълум қилишар экан, ушбу кўмак Ўзбекистон ҳукуматига тоза энергия манбаларидан фойдаланиш ва ҳавога чиқариладиган карбонат ангидрид ҳажмини камайтириш ҳисобидан мамлакатнинг энергетик балансини диверсификациялаш имконини беради, дея таъкидлашди.
- Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия, шу жумладан, гидроэнергетика ресурсларига бой мамлакатдир, - дейилади шу йил 1 октябрь куни ОТБ расмий сайтида жойлаштирилган хабарда. - Ҳозирги вақтда мамлакатда гидроэнергетика жабҳасида соатига атиги 1,9 гигаватт энергия ҳосил қилиниб, мавжуд салоҳиятнинг бор-йўғи 20 фоизидан фойдаланилмоқда.
Лойиҳа доирасида Оқсув дарёсида "Работ" (қуввати - соатига 6 мегаватт), "Чаппасув" (8 МВт) ва "Тамшуш" (10 МВт) кичик ГЭСлари, умумий қуввати 1 мегаваттдан иборат митти гидроагрегатлар, катта диаметрли сув қувурлари ва иккита сув тўсиш иншооти, шунингдек, узунлиги 22 километрга тенг 35-110 киловольт кучланишли электр узатиш линиясини барпо этиш назарда тутилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 75,3 миллион долларни ташкил этади, уни 2023 йилнинг охиригача якунлаш мўлжалланган. Кичик ва микро ГЭСларнинг ишга туширилиши сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, олис ҳудудларда муқобил электр манбаларини яратиш учун замин ҳозирлайди. Шу билан бирга лойиҳа доирасида ОТБ унинг асосий ижрочиси - "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамиятига институционал салоҳият ва корпоратив бошқарувни яхшилашга ҳам ёрдам беради.
¤з мухбиримиз