Меню
Қашқадарё
ИНТЕРНЕТ “ҲАМЛА”СИ
Ўтган асрнинг 70-йилларида кашф этилган интернет айни вақтда ҳаётимиз, кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Тан олиш керак, интернетдаги кўплаб хизматлар биз учун енгиллик ва қулайлик яратди, ахборот алмашиш муносабатларида тезкорлик таъминланди, кўплаб соҳаларда вақт тежалиб, баъзи оворагарчиликлар барҳам топаяпти. Айниқса, ёшларимиз бу борада жуда фаол, улар интернетнинг кўплаб имкониятларидан самарали фойдаланишмоқда, билим, малака ва кўникмаларини оширишмоқда. Бунинг барчаси қувонарли ҳол, албатта.
Ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон жиҳатлари бўлганидек, “ўргимчак тўри” – интернетнинг ҳам ўзига яраша салбий томонлари анчагина. Бошқача айтганда, юксак тараққиёт даври, дея эътироф этилаётган бугунги замон ўз навбатида айрим иллатларга йўл очиб бераётгани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Таъбир жоиз бўлса, айни вақтда интернет сайтларида тинч ва осуда ҳаёт кечираётган одамлар, халқлар орасига қутқу соладиган, ёш авлод дунёқарашига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар тарқатиш, ёвузлик ва беҳаёликни тарғиб қиладиган лавҳаларни жойлаштиришдек номақбул ишлар кенг қулоч ёйган.
Таъкидлаш жоиз, айни вақтда интернет-кафеларнинг асосий мижозлари - ўсмирлар саналади. Интернетдан муттасил фойдаланувчиларнинг катта қисми ҳам шу қатламга мансуб. Шундай экан, уларни туб замирида моддий манфаат ётган, бузғунчи ғоялар яширинган, аллақандай тўда ва гуруҳлар ғояларини тарғиб қилишга йўналтирилган ахборотлардан ҳимоя қилиш ғоят муҳим. Афсуски, бундай маълумот ва ахборотларни тўлақонли чеклашнинг техник имкони йўқ. Бунинг бирдан-бир йўли шуки, ёш интернет фойдаланувчиларининг ўзлари ҳар қандай маълумотни холис ё нохолислиги ва аслида ундан қандай мақсадлар кўзланганини англаши керак. Яъни интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда миллий менталитет, шарқона тарбия ёшларимизга маёқ бўлиши, ўз ўрнида Ватан манфаатларини ҳам унутмаслик шарт.
Хуллас, интернетни тарози палласига қўйганда, ундаги фойдали ва зарарли жиҳатларнинг қай бири тош босиши ёшларимизни қандай назорат қилишимизга, бу балодан уларни қандай йўллар билан ҳимоя этишимизга боғлиқ. Зеро, бунда ёш авлодни одоб-ахлоқли, оқ-қорани ажрата оладиган қилиб тарбиялаш жуда муҳим. Шу боис барча бу ишга жиддий ёндашиши, доим ҳушёр ва сергак бўлиши даркор.
Нодирбек МУРОДОВ,
Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи “Камолот” ЁИҲ етакчиси.