Меню

Қашқадарё

28.03.2024 5339

ИНТЕГРАЦИЯ - ИСТИҚБОЛ ВА ИМКОНИЯТ

Бугуннинг гапи

Ҳаёт бир маромда кечмайди. У мудом ўзгаришлар, янгиланишлар ва ривожланишлар "дарё"сида тобора олдинга илдамлаб бораверади. Бугун кўз ўнгимизда гавдаланган янгилик кун келиб эскиликка айланиб қолаверади. Бу - табиат қонуни. Шундай экан, давр билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлиш учун нима қилмоқ лозим? Изланиш, ўрганиш, билганларимизни татбиқ этиш ва, энг асосийси, замон шиддатидан олдинроқ қадам ташлай билиш талаб этилади.

Биз кўп бор тилга оладиган, фаолиятимизнинг муҳим йўналишига айланган мақсадлар орасида интеграция муҳим ўрин тутади. Англаганингиз, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бугунги кунда жамият тараққиётига хизмат қиладиган энг асосий дастурга айланди.

Бугун - талаба, эртага - мутахассис

Мамлакатнинг тараққиёти ва истиқболини белгилаб берадиган вазифалар, аввало, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ва давлат дастурларида ўз ифодасини топади. Йўл хариталари тузилади, улар асосида муҳим ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. Хўш, интеграция борасида ушбу ҳуқуқий асослар нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш,  халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бир сўз билан айтганда, концепция Ўзбекистон Республикасида олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

Ёдингизда бўлса, "Uzbekistan GTL" заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан Қашқадарёда ёшларни касб-ҳунарга ўқитишни янада янгича ёндашув асосида ташкил этиш, ўқув дастурлари ва ўқитиш методикасини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида қайта кўриб чиқиш юзасидан муҳим кўрсатмалар берилган эди. Натижада Қашқадарё вилоятида Ўзбекистондаги биринчи йирик нефть-газ-кимё кластерига асос солинди.

Вилоятимиздаги шу соҳага ихтисослашган йирик саноат корхоналарининг тегишли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги янада кучайди. Бунинг учун иқтидорли талабаларнинг шу заводларда ўз мутахассислиги бўйича амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Нафақат талабалар амалиёти, балки профессор-ўқитувчиларнинг ҳам илмий тадқиқот ишлари шу заводларда ўтказилмоқда. Ўқув-амалиётлар ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита, узвий олиб борилмоқда.

Амалиёт учун танлов

Малакали мутахассис ҳамма жойда керак. Эндигина ишга кирган ходимнинг ҳаммаси ҳам ўз соҳасининг устаси бўлмайди. Шу боис йирик корхоналар, мана бир неча йилдирки, талабалар учун амалиёт танловларини ўтказиб келишади. Мақсад кундек аён: иқтидорлиларни саралаб олиш, кадрлар захирасини тўлдириш, ёшларга мотивация бериш, шу соҳага қизиқувчилар сафини янада кенгайтириш.

Юзлаб ёшлар шундай имкониятлардан фойдаланиб, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Uzbekistan GTL ва бошқа кўплаб йирик корхоналарнинг амалиёт танлови ғолиби бўлдилар. Бу уларнинг кейинчалик шу заводларда меҳнат қилишлари учун пиллапоя бўлди.

Ана шу ёшлар орасида бизнинг ҳам талабаларимиз борлиги қувонарли ҳол, албатта. Лекин шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бу даражага эришиш ўз-ўзидан бўлмаган. Фидойи профессор-ўқитувчиларимизнинг заҳмати, изланишлари, қолаверса, моддий-техник базанинг мустаҳкамлангани самараси бу.

Амалиёт бўйича ўтказиладиган танловларда институтимиз талабалари етакчилар сафида бўлиб келмоқдалар. Масалан, сўнгги йиллардаги натижаларимизга кўра, 400 нафардан зиёд талабамиз Uzbeksitan GTL ва Шўртан газ-кимё мажмуаси корхонасининг танловлари ғолиби бўлди. Амалиётда муваффақиятли қатнашган талабалар ўтган йил июль ва август ойларида муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинди.

Институтимизда 2023/2024 ўқув йилида 46 та таълим йўналишида малакавий амалиётлар режалаштирилган. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига мувофиқ, тизим ташкилотлари, агрокластерлар, илмий-тадқиқот институтлари ва хусусий корхоналар билан малакавий амалиёт бўйича 381 та ҳамкорлик шартномаси тузилди. Бу ҳамкорлик асосида институтимизнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 7 минг 449  нафар талабаси ишлаб чиқариш амалиётини ўтаб келмоқда.

Моддий-техник база - муҳим пойдевор

Талаба қачон етук мутахассисга айланади? Қачонки, олий таълим  муассасасининг моддий-техник базаси мустаҳкам, замон талабига жавоб берадиган даражада бўлса, профессор-ўқитувчилар дарсни инновацион технологиялар ва янги дарсликлар воситасида ўтса, ўқув амалиётлари сифатли ташкил этилсагина кўзланган натижага эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёти банки билан ҳамкорликда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига 168 номдаги, қиймати 6,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лаборатория жиҳозлари келтирилди. Бунинг самараси ўлароқ бугунги кунда профессор-ўқитувчиларимиз томонидан институтнинг барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига ўқитиладиган 300 дан зиёд фанлардан лаборатория  машғулотлари олиб борилмоқда.

Барчамизга маълумки, бугунги кунда муқобил энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, бу борадаги илмий тадқиқот ишларини изчил амалга ошириш, айниқса, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш долзарб масалага айланди. Институтимиздаги "Муқобил энергия манбалари" кафедраси базасида "Энергия тежамкорлик ва муқобил энергия манбалари" илмий-тадқиқот маркази ва унинг таркибида "Муқобил энергия манбалари", "Энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари" каби замонавий ўқув-илмий лабораторияларни ўз ичига олган "Муқобил энергия манбалари" ўқув-илмий полигони ташкил этилди.

Мазкур полигонда 100 м2 фойдали майдонга эга бўлган қуёш иссиқхонаси, қуёш ҳаво қиздириш қурилмалари, экспериментал қуёш уйи, биомассадан муқобил ёқилғи олиш учун пиролиз ва биогаз қурилмалари, мини шамол ва қуёш электр станцияси, қуёш сув қиздириш қурилмалари ҳамда қуввати 30 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси мавжуд. Буларнинг барчаси талабаларнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича назарий билимларни мустаҳкамлашга, ёш олимлар ва магистрларнинг эса илмий тажрибалар ўтказишлари учун тадқиқот базаси ҳисобланади.

Шу ўринда бир савол туғилади: моддий-техника базасининг мустаҳкамлангани қандай самара бераяпти?

Полигонда бажарилган илмий ишлар ва лойиҳалар натижасида 2 нафар тадқиқотчимиз "Бўлажак олим" танлови ғолиби бўлди. Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, профессор Ғулом Узоқов Ўзбекистон-Беларусь фундаментал лойиҳалар танлови гранти соҳиби бўлди. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ илмий ихтироларга патент олинди. Айни пайтда бу ердаги тажриба қурилмаларида 12 нафар докторант ва тадқиқотчи ўз илмий ишларини олиб боришмоқда. Энг муҳими, Беларусь миллий техника университети, Москва энергетика университети, Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Эрон компаниялари билан муқобил энергия манбалари йўналишида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Китоб бошқа, ҳаёт бошқа

Бу иборани кўпинча бадиий асарлар мутолааси ҳақида гап кетганда қўллайдилар. Сабаби баъзан ёзувчи тахайюлга берилиб, асар воқеаларини тасвирлашда реал ҳаётдан узоқлашиб кетиши мумкин. Лекин бугун шиддат билан одимлаётган тараққиёт олий таълим муассасаларидаги кўплаб дарсликлар, ўқув адабиётлари, монографияларнинг маънан эскирганлигини кўрсатиб бермоқда. Китоб бошқа, амалиёт бошқа бўлмоқда.

Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциянинг афзаллиги ҳам шунда. Олимларнинг ишлаб чиқариш объектларида стажировка ўташи илмий изланишлар мавзуси кенгайишига ва янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари кўпайишига хизмат қилади.

Ҳозирда институт ахборот-ресурс марказининг умумий фонди 16 минг 816 номдаги 182 минг 903 дона адабиётдан иборат. Барча ўқув адабиётлари рақамлаштирилди. 2020-2023 йилларда 60 номдаги 100 миллион сўмлик янги замонавий ва хорижий адабиётлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари сотиб олинди. Бундан ташқари, 2023 йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан 36 номда 645 нусха дарслик, 104 номда 1 минг 681 нусхада ўқув қўлланма нашр этилди.

Яна бир гап. Ишлаб чиқариш корхоналарининг мутахассислари таълим жараёнига жалб этилмоқда. Улар олийгоҳларда талабаларга ўз соҳалари бўйича дарс бермоқдалар, амалий машғулотларни олиб бормоқдалар. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг бу босқичи малакали мутахассисларни тайёрлаш, амалдаги ўқув қўлланмалари ва дарсликларнинг сифатини яхшилаш, энг асосийси, таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Корхоналар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бир гаплари бор. "Дунёда турмоқ учун  дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур". Бу ҳикмат бугунги кун учун айтилгандай. Бугун ҳам катта қадр-қийматга эга сўзлар бу.

Биз дунёга юз тутаяпмиз. Дунё билан тенглашишга ҳаракат қилаяпмиз. Демак, дунёвий билимларни, тажрибаларни ўрганишимиз шарт.

Бир сўз билан айтганда, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг ривожи барча соҳаларда тараққиётнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Биринчи навбатда, олий таълим муассасалари фаолиятида туб бурилиш юз беради, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланади. Натижада сон салмоғига эмас, балки таълим сифати самарадорлигига эътибор кучаяди. Янги авлод дарсликлари кўпаяди, олийгоҳларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади ва малакали мутахассисларни тайёрлаш имкониятлари ортади. Айнан ана шу кадрлар, Президентимиз таъбири билан айтганда, миллий саноатимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшадиган "олтин фонд"имизга айланади.

Орифжон БОЗОРОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!