Меню
Қашқадарё
ИНСОНПАРВАРЛИК, ЭЗГУЛИК, ШУКРОНАЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ
Қурбон ҳайити мазмун-моҳиятида ушбу анъана ва қадриятлар мужассам
Қадрият
Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобидаги Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида Қурбон ҳайити байрам қилинади. Ўша кунда ҳаж амаллари адо этилганлиги шукронасига мўмин-мусулмонлар томонидан қурбонликлар қилинади. Aбу Саъийд Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага: "Қурбонлигинг олдида туриб, гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томиши билан ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади", дедилар. Шунда у (Фотима онамиз): "Эй Aллоҳнинг Расули, бу фақат биз - оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?" дедилар. Шунда у зот: "Биз ва барча мусулмонлар учун", дедилар (Табарони, Ҳоким, Байҳақий ривояти).
Қурбонлик гўшти оила аъзоларга, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга, кам таъминланган оилаларга улашилади.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборат. Яъни ҳайит намозидан сўнг ота-оналарни, ёр-биродарларни, устозларни зиёрат қилиш, улардан ҳол-аҳвол сўраш, қариндош-уруғларни хурсанд қилиш гўзал фазилатлардандир. Аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак, динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғуси шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади. Бемор кўриш, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб ишдир. Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги гина-кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади. Бу каби эзгу амаллар ҳақида Ибн Абуддунё "Макоримул- ахлоқ" китобида қуйидаги ҳадисни келтиради: Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Бир-бирингизга ҳадялар беринг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр уйғотади".
Ушбу шодиёна кунларда юртимиздаги ҳар бир маҳалла ва қишлоқда ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ҳолидан хабар олинади. Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Зеро, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи - Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир" деганлар.
Улуғ айём кунлари олдидан ободонлаштириш ишларига эътибор янада кучаяди. Байрам арафасида муқаддас зиёратгоҳлар, табаррук қадамжолар яна бир бор ободонлаштирилиб, зиёратчилар ташрифи учун шароитлар яхшиланди. Аллақачон қабристонларнинг теварак-атрофи тартибга келтирилмоқда. Кўча ва хиёбонлар янада чирой очмоқда.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган вақтдир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.
Динимизнинг муҳим амалларидан бири - Ҳаж ибодатини адо этишга кенг йўл очилгани юртдошларимизнинг бу борадаги орзу-умидларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз томонидан уларнинг эмин-эркин ибодатни тўлиқ адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат қайтиб келиши учун барча шароит яратиб берилмоқда. Бугунги фазилатли кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори мамлакатимиздан 15 минг, вилоятимиздан 801 нафар зиёратчи ҳам Ҳаж амалларини адо этиш мақсадида Макка шаҳрида бўлиб турибдилар. Улар Ҳаж ибодатини адо қилиш билан бирга юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон, мамлакатимиз яна ривож топиши ҳақида дуо қилмоқдалар.
Ҳа, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, аҳиллик ва тотувлик жами эзгу ишларимизнинг рўёбга чиқиши, ҳар бир кунимиз файзли, хонадонларимиз чароғон, дастурхонимиз баракали бўлишига хизмат қилаётир. Шундай барокатли кезларнинг нақадар азизлигини барча юртдошларимиз юракдан ҳис этиб, юртимизда серфайз кунлар ҳамиша ҳукм суришини, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини муборак Қурбон ҳайити кунларида ҳам ният қилади. Бундай фараҳбахш кунлар истиқлолимизнинг бизга ато этган буюк инъомларидандир.
Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Кейинги йил ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчамизга насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Раҳматилла УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакили, вилоят бош имоми хатиби