Меню
Қашқадарё
ИНСОННИНГ ЮРАГИ УНИНГ ТАНАСИДАН ЮЗ БАРАВАР ОҒИРРОҚ
Сараланган сатрлар
Грузин ёзувчиси Нодар Думбадзе ҳақида гап бораркан, беихтиёр "Ҳелладос" ҳикояси ёдга келади. Ватанпарварлик мавзусидаги асарлар ичида бу ҳикоя ёрқин хусусиятга эга. Қолаверса, адибнинг "Мен, бувим, Илико ва Илларион", "Қуёшни кўряпман", "Кукарача", "Оқ байроқлар", "Абадият қонуни" асарлари ўзбек китобхонлари орасида анча машҳур. Адибнинг аксар асарлари асосида бадиий фильмлар ҳам суратга олинган.
Қуйида "Абадият қонуни" романидан диққатга лойиқ лавҳалар сараладик. Китобда инсоннинг жамиятдаги ўрни, яшаш маъноси ҳаётий лавҳалар, шахслар орқали акс эттирилади. Киноя, кесатиқ ва фикрни дангал ифодалаш ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Яна бир эътиборли жиҳат: Думбадзе асарларини ўқиркансиз, Грузияга, грузин халқига ҳурматингиз ошади. Мард, жўмард, танти, ичидаги сиртида акс этган одамлар кечмишлари ўзликни қайта англашга ундайди...
* * *
Юракка қаттиқ гапириб бўлмайди. Уни авайлаш, бамисоли қайнаб тошаётган сутни пуфлагандай, оҳиста пуфлаш керак.
* * *
Ватан - бу, муқаддас ибодатхона. Унинг меҳроби қаршисида тиз чўкиб топинмоқ керак. Фақат топиниш эмас, ҳар турли иблислар муқаддас даргоҳимизни оёқости қилмасликлари учун уни қўлга қурол олиб, ҳимоя қилиш керак.
* * *
Оёқ кийимига қарайману ўша одамнинг қанақалигини шартта айтаман-бераман... Туфлининг тагчарми уч томондан ейилган, пошнаси эса бус-бутун. Демак, бу туфлини бошлиқларнинг олдига борганда кияди. Табиийки, бошлиқнинг олдига оёқ учида юриб киради, шунинг учун ҳам туфлининг фақат уч томони ейилган. Хўш, бу одам аблаҳми ёки йўқми? Аблаҳ, албатта... Кириб ўтириши билан товонини туфлидан чиқазволди. Хўш, нима учун бундай қилди? Шунинг учунки, туфли тор - оёғини сиққан. Тор туфлини нима учун кияди одам? Башарасини буриштириб юриш учун кияди. Мана, кўриб қўйинглар, қандоғ шўрпешонаман, қандоғ бахтиқароман, демоқчи бўлади бу билан! Туфлисининг пошналари одатдагидан уч-тўрт сантиметр баландроқ. Нега шундай? Чунки у одам баданида боридан кўра ўзини каттароқ кўрсатмоқчи бўлади.
* * *
Сиз, коммунистлар, худога ишонмайсизлар, шу боис, вақтнинг қадрига ҳам етмайсизлар! Вақтни беҳуда совурасизлар! Вақтга сажда қилинглар, уни эъзозланглар!.. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришолмайсизлар.
* * *
Сўз, иш ва вақт ажралмас, яхлит учликдир!
* * *
Озод қилиш дегани нима ўзи? Бу дегани одам оғир аҳволга тушиб қолган, кечаю кундуз исканжада яшайди... Шунда кимдир ёрдам қўлини чўзиб, уни озод қилади... Мана, масалан, Африкани олайлик... У ердаги халқ азоб-уқубатда кун кечиради, демак, уни озод қилиш керак!.. Бўшатиш дегани-чи? Бўшатиш дегани - креслога елимдай ёпишиб ўтириб олган одамни бамисоли мурватдай бураб ёки михдай суғуриб олиб ташлаш дегани...
* * *
- Ўша жоҳил одаминг капитан қилиб тайинлашаётганларида йўқ дейиши керак эди, ҳой биродарлар, мени бу ишга ақлим етмайди, бошқа одам топинглар, деб тўғрисини айтиши керак эди!
- Эҳтимол айтгандиру, лекин қулоқ солишмагандир? Хўп, деявер, ўзимиз ёрдам берамиз, дейишгандир. Шунинг учун ҳам кўна қолган. Иннайкейин, капитанлик лавозимидан воз кечиш ҳам осон иш эмас.
* * *
Ер юзида муҳаббат булоғи қуриди, одамлар севгидан эмас, хусуматдан кўпроқ қирилишаяпти...
* * *
Ёзувчи зоти ўз халқининг содиқ ити бўлади.
* * *
Одамга айланган маймундан кўра, маймунга айланган одамни таниш осонроқ.
* * *
Тарих зиддиятларга тўла... Одамлар хато қилишади - хоҳ ихтиёрий, хоҳ ихтиёрсиз... Кейин улар ўз хатоларини тузатишади - биров олдинроқ, биров кечроқ. Баъзилар, нимаики иш қилган бўлсам - ҳаммаси тўғри деб, шунга астойдил ишониб дунёдан кўз юмишади: уларнинг хатосини келгуси авлод тузатади... Менга алам ўтказган кишилар жазоларини тортиб бўлишди, улар ҳозир абадийликка юз тутишган... Энди бошқарув ишига янги авлод, менинг тенгдошларим келяпти. Улардан қасос олишга менинг ҳаққим йўқ.
* * *
Ёзувчининг субъектив бўлишга ҳаққи йўқ! Объективлик туйғусини йўқотган ёзувчининг ижоди сариқ чақага ҳам арзимайди!
* * *
Сизлардаги тараққиёт нотекис. Худди кардиограммага ўхшайди. Сизлар тез-тез дардга чалиниб турасизлар, зеро кўпдан-кўп ортиқча, ўринсиз хатти-ҳаракат қиласизлар. Инсоният ҳамиша ташвишда, кўнгли нотинч. Наслингиз бутунлай издан чиқиб кетган пайтларда урушлар, ваболар, очарчилик, маънавий қашшоқлик ва фалокатлар бошланади.
* * *
Тараққиёт меваларини эҳтиёт қилинглар, ўтмиш даҳолари яратган асарларни асраб-авайланглар! Ахир улар қанчадан-қанча меҳнат, қон ва кўз ёшлари эвазига дунёга келган!
* * *
Барибир инсон яхшилик уруғини сочиши керак. Лекин бу уруғ қанақа мева беришини олдиндан билиш қийин-да.
* * *
Биз мураккаб ва аниқ-равшан формулаларга суяниб иш кўрамиз. "Бу қонунга зид!" ва "Бу қонуний!" - деймиз. Бунинг устига биз курашишимиз керак, тушунаяпсизми? Сиғиниш эмас, курашишимиз керак! Қонунни бузишга қарши ва қонунни қарор топтириш учун курашишимиз керак. Гуноҳларни сизлар худо ҳукмига ҳавола қиласизлар, биз эса одил судга топширамиз!..
* * *
Дорихоналаримиздан термометр қидириш учун одамнинг ҳарорати ҳақиқатан ҳам баланд бўлиши керак.
* * *
- Моэм айтадики, инсонда бешта туйғудан ташқари яна олтинчи туйғу ҳам бўлади, мана шу олтинчи туйғусиз қолганлари бир тийин...
- Қанақа туйғу экан у? - сўради Бачана мийиғида кулиб.
- Пул, ҳурматли Бачана, пул! - деди Маглаперидзе ўшандай табассум билан.
* * *
Бугун дунёга келган қанчадан-қанча одамга гуллар совға қилишади, бугун оламдан ўтган қанчадан-қанча кишининг қабри гулчамбарларга кўмилади... Бугун қанчалаб гўдакнинг кўзлари очилиб, қанчасиники абадий юмилади... Бачана умр шажарасидай, тўхтовсиз айланиб турган улкан чархпалакни кўз олдига келтирди.
* * *
- Пора деганда сиз нимани тушунасиз, ҳурматли Бачана? Сизга яхшилик қилган, ёрдам берган одамга билдирилган миннатдорликними? Ахир Руставелининг ахлоқ кодекси бугун ҳам биз учун дастуриламал эмасми? Автандилнинг вазирга айтган гапларини эсланг-а:
Дўстлар учун жонфидолик ғоят улуғ фазилат,
Оғир кунлар синовида билинади дўст фақат.
- Кўриб турибман, ифлос фалсафангизни биринчи манбалардан фойдаланиб, пухта ишлаб чиқибсиз.
* * *
Одамнинг чўчқадан нима фарқи бор? Фарқи шундаки, одам дарахтнинг тепасидаги мевани териб ейди, чўчқа бўлса ерга тўкилганларни ейди. Бу билан нима демоқчиман? Айтмоқчиманки, ҳар ишни ўз вақтида қилиш керак! Кечикдингми, мева ерга тўкилдими - тамом, уни чўчқа илиб кетади!..
* * *
- Қуриган дарахтларга осилган қўнғироқлар керак эмас! Арслонга миниб турган ўспирин керак эмас! Яраланган бургут керак эмас! Этиги билан илоннинг бошини эзғилаётган солдат керак эмас! Нима керак сизга ўзи? - Роланд қўлларини икки томонга ёзди. - Ватан уруши ва ҳалок бўлган жангчилар мавзуини яна қандай тасвирлаш мумкин?!
- Уруш пайтида неччи ёшда эдинг? - сўради Хута.
- У пайтда мен умуман йўқ эдим! - жавоб берди Роланд.
- Ҳа, баракалла. Мана шуни тасвирла!
- Нимани? - Роланд тушунмади.
- Уруш деган нарсани билмаслигингни-да!
* * *
Ҳар қандай одам умрида лоақал бир марта бўлса ҳам оғир дардни бошидан ўтказиши керак. Бу нарса унга босиб ўтган йўлига хотиржам назар ташлаб, ҳаётига холисанилло баҳо беришга имкон туғдиради.
* * *
Инсоннинг юраги унинг танасидан юз баравар оғирроқ. Шу даражада оғирки, уни бир киши кўтаролмайди... Бинобарин, биз, одамлар, токи тирик эканмиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз, бир-биримизнинг юрагимизга мадад бўлишга ҳаракат қилишимиз керак: сиз - менга, мен - унга, у эса - бошқа бировга, шу тариқа, узлуксиз давом этиши лозим. Токи ўлим ҳаётда бизни ёлғизлик балосига гирифтор қилиб қўймасин...
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.