Меню

Қашқадарё

05.02.2019 1562

ИНСОННИ ФАҚАТ ЖАЗОЛАШ, РЕПРЕССИВ УСУЛЛАР БИЛАН ТАРБИЯЛАБ БЎЛМАЙДИ

Хусусан, 2018 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб тамомланган жиноят ишлари 2828 нафар шахсга нисбатан 2190 тани ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 5954 нафар шахсга нисбатан 4579 та бўлган. Бундан ойдинлашадики, кўриб тамомланган ишлар сони 2389 тага, судланган шахслар сони эса 3126 тага камайган.

Кўрилган ишлардан 2255 шахсга нисбатан 1700 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 17 нафар шахс оқланган. 574 нафар кишига нисбатан 471 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

Судланганларнинг 302 нафарига жарима, 592 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 518 шахсга нисбатан озодликни чеклаш, 583 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 35 нафарига эса мажбурий жамоат ишлари жазолари тайинланиб, 115 нафар шахс шартли ҳукм қилинган, 22 киши тайинланган жазодан озод қилинган, 87 нафарига жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган.

Ушбу даврда вояга етмаган 45 нафар шахсга нисбатан 41 та, 265 аёлга нисбатан 233 та жиноят иши кўриб чиқилганини ҳам таъкидлаш ўринли. Бундан 2 нафар вояга етмаган, 42 аёлга, 60 ёшдан ошган 126 эркакка нисбатан очилган жиноят ишларининг 21 таси тугатилган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар таҳлили аввалги йилга нисбатан ўғрилик жинояти 529 тадан 359 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш 339 дан 142 тага, фирибгарлик 250 тадан 191 тага, безорилик 138 дан 50 тага, босқинчилик 44 дан 30, талончилик 75 дан 24, қасддан одам ўлдириш 62 дан 40, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар 269 дан 188, пора олиш-беришда воситачилик қилиш 212 тадан 160 тага камайган.

Қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномалар сони 2017 йилда 989 та бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 562 тани ташкил қилди.

Судьялар аввалги йилларга нисбатан ошган жиноят ишлари кўрилишига алоҳида эътибор қаратиб, ишларни имкон қадар жамоатчилик орасида, сайёр суд мажлисларида кўриб, жиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш борасида хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдириб боришлари таъминланмоқда.

Таъкидлаш ўринли, давлатимиз раҳбари ҳам жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш, шу асосда ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида, халқ орасида кўриш ҳақида тавсиялар берган эди. Албатта, бу судлар фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришларга олиб келди.

Хусусан, ўтган йилда кўриб чиқилган 2190 та жиноят ишидан 1080 таси ёки 49,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, 53 таси телевидение ва матбуот орқали халқ эътиборига ҳавола этилди. Албатта, суд ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик кўзланган мақсадга эришишда муҳим ўрин тутади.

Қайд этиш жоиз, судлар диққат-марказида ёшлар масалалари ҳам бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшлар иштирокини янада фаоллаштириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, туманларда, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли уюшмаган ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жиноят ишлари бўйича вилоят суди ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шундай бўлса-да, ўтган йилда Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида атиги 11 та иш кўрилиб, айбдорларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Бундан ташқари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди кафиллиги билан 5 та, хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида яна шунча иш кўрилган.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъбири билан айтганда, инсонни фақат жазолаш, репрессив усуллар билан тарбиялаб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамият ҳаракат қилиши, авваламбор, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз керак. Бу борада фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, "Нуроний" жамғармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилот, идора масъуллари судлар томонидан ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида, чиқарилган хусусий ажримлар муҳокамасида, ҳуқуқий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этишлари, жиноятчиликнинг олдини олиш орқали жамиятда соғлом муҳит яратилишига ҳисса қўшишлари  зарур.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!