Меню

Қашқадарё

26.05.2020 1568

ИНСОНИЯТ ЎЗИ ИСТАМАГАН ЖАЗОНИ ЎЗИГА ТИЛАБ ОЛДИ

Сараланган сатрлар

Немис ёзувчиси Патрик Зюскинднинг дунёнинг 40 дан ортиқ тилларига таржима қилинган "Парфюмер" романи ўн саккизинчи юз йилликда Францияда, де Сад, Сен-Жюст, Бонапарт каби буюк махлуқлар қаторида яшаган Жан-Батист Гренуй ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Албатта, Гренуй тўқима, рамзий образ бўлиб, жамият тартиб-қоидалари, дунёси, одамларнинг бадбин манфаатларини акс эттиради.

Асарда ёзилишича, Парижда 800 йилдан бери марҳумлар жасади қўйиладиган "Бегуноҳлар қабристони" деб аталган бир жой бўлиб, араваларда мурдалар тўкиб ташланиши оқибатида бу ердан дўзахий бадбўй ҳид анқирди. Француз инқилоби арафасида қабристон бузилиб, миллионлаб суюк ва бош чаноқларини бошқа жойга кўчиришади. Қабристон ўрнида эса бозор қурилади ва бу ердаги бадбўйлик  аввалгидан ҳам ошиб тушади. Жан-Батист Гренуй шу ерда туғилади. Онаси уни дунёга келтириб, аввалги болалари сингари балиқ чавоқларига қўшиб, ахлатга ташлаб юборишни хаёл қилганида, унинг бу ниятини нохос пайқаб қолишади. Болаларининг қотили сифатида онани қатл этишади. Бола эса черков ҳимоясига олиниб, энагага берилади.

Бироқ энагалар Гренуй ҳеч қандай ҳидга эга эмаслиги, балки у иблисдир, деган талвасада уни эмизишни исташмайди. Шунчалар совуқ ва хунук, бадбахт бўлишига қарамай, чақалоқ бу дунёда яшайверади. Бадбахтлигининг сабаби, унинг бошқа одамлар каби ҳидга эга эмаслиги эди.

Ҳолбуки Гренуй ўзидан ҳеч қандай ҳид таратмаса-да, у ҳидларни ўта мукаммал даражада фарқлаш қобилиятига эга эди. Бурни орқали ҳатто йўқолган пулларни, буюмларни топади, ҳавода кезаётган ифорларни ажратиб, ўзи учун "кутубхона" яратиб боради.

Аммо кунларнинг бирида у бутунлай янги ҳидни кашф қилади. Бир неча километр йўл босиб ўтиб, ифор эгаси ёш қиз эканини англайди ва унинг ҳидига эга бўлиш истагида қизни ўлдиради...

Шу тариқа у ёш қизлардан энг буюк ифор яратиш сирларини ўрганишга киришади. Бунинг учун буюк атторларга шогирд тушади. Гарчи ҳид билишда унга тенг келадигани бўлмаса-да, атторлардан атир ажратиб олиш техникасини ўрганади, бу йўлда барча қийинчиликларга чидайди. "Бунақалар илгари бўлмаган, бу инсон зотининг тамомила янги нусхаси эди, у фақатгина бетартиб, бетизгин, тийиқсиз турғунлик давридагина пайдо бўлиши мумкин эди", дейди асар қаҳрамонларидан бири.

Гренуй қизлардан атир олиш учун уларни совуққонлик билан ўлдираверади. Унинг учун қаршисида қизлар эмас, энг буюк ифорлар турарди. Шу тариқа Франция ўзининг энг гўзал навниҳолларидан маҳрум бўла боради.

Якунда барибир Гренуйни ҳибсга олишади, қатлгоҳга келтиришганда, уни кўрган оломон "Қотил бу бўлиши мумкин эмас" деб, ақлдан озади. У ердан ўзи туғилган "Бегуноҳлар қабристони" томонга боради ва шу ердаги қаланғи-қасанғилар қаршисида бошига ўзи тайёрлаган энг буюк атирни шишадан қуяди. Телба оломон унинг бир бўлагини қолдирмасдан еб қўяди.

Энди асардаги рамзлар нимани англатишини изоҳласак.  Бадбўйлик аслида инсонларнинг бадбин ички дунёси, жирканч манфаатлари тимсоли. Гренуйда ўша ҳид йўқми, демак, ундан бошқаларнинг нафратланиши табиий. Одамлар эса турли атирлар - аллақандай воситалар билан яширин қўлансани сезилмайдиган қиладилар, "гулларнинг ҳиди ярамас моҳиятни безатади". Атир олиш учун ўлдирилаётган қизлар эса Франциянинг келажаги тимсоли. Ахлоқсиз, бадбин жамият ўз келажагидан маҳрум бўлади, деган ғоя рамзий усулда маҳорат билан ифодаланади.

 Умуман олганда, "Парфюмер" Зюскиндни Ремаркдан кейин немис адабиётида энг кўп ўқиладиган адиблар сирасига киритганки, асар мутолаасига рағбат уйғотиш умидида айрим  лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

* * *

...ўн саккизинчи юз йилликда ҳали бактерияларнинг чиритувчи фаоллигига тўсиқ қўйилмаган эди, чунки бунёдкор, шунингдек, вайронкор ҳар қандай инсоний фаолият, жамики туғилиш ва ўлим кўринишлари қўланса ҳид билан бақамти эди.

* * *

...ўз ақлини ишлатиш учун инсон қатъият ва хотиржамликка маҳкумдир.

* * *

Ҳид таратмайдиган предметларни билдирувчи сўзлар, яъни энг аввало, нафосат ва ахлоққа оид мавҳум тушунчалар унда энг катта қийинчиликлар туғдирарди... ҳуқуқ, виждон, Худо, қувонч, жавобгарлик, сулҳ, миннатдорчилик ва ҳоказо - булар ифодалаши керак бўлган маънолар унинг учун англашилмас эди.

* * *

...бу боланинг ақли паст бўладими, йўқми, иккинчи бир қиёфаси бор. Яна биладики, икки қиёфалилар бахтсизлик ва ўлим келтирадилар.

* * *

...руҳнинг барча буюк қаҳрамонликлари фақат нур бағишлабгина қолмай, инсониятга яхшиликлар билан бирга алам ва қайғулар олиб келадилар.

* * *

"Нечун оёқни қўлга олиб Атлантикани    елдек кесиб ўтмоқ керак? Бир ойдан кейин  Америкада бўлиш учунми? Ахир одамлар минг йиллар давомида бу қитъасиз ҳам яхши яшаганлар-ку!"

* * *

Инсоннинг барча кулфатлари шундан келиб чиқадики, у ўз уйида - қаерда бўлиши керак бўлса, шу жойда - жимгина ўтиришни истамайди. Паскаль шундай деган.

* * *

"Ким эринмаса, савол беради, кавлаштирадилар, текширадилар, ис оладилар, нималар устида тажриба ўтказмайдилар, дейсиз. Эндиликда нима, қандай эканлигини айтишнинг ўзи камлик қилади - буни исботлаб кўр, гувоҳлар тақдим этиш, рақамлар келтириш, қандайдир кулгили тажрибалар ўтказиш керак. Ҳар қанақа дидро ва доламберлар, вольтерлар, руссолар ва бошқа турли ёзғувчилар, уларни қандай аташса ҳам - улар ичида ҳатто руҳоний шахслар ва олиҳиммат жаноблар бор! - ўз ниятларига етганлар: маккорона безовталикларини, дунёдаги ҳар нарсадан қониқмасликка ва  норозиликка бўлган ахлоқсиз одатларини, қисқаси, уларнинг миясидаги чек-чегарасиз тартибсизликни бутун жамиятга тарқатиб улгурдилар".

* * *

  "...шунгача бориб етдиларки, Худонинг ўзини,  шахсан қодир Худонинг ўзини ортиқча деб эълон қиладилар ва ниҳоятда жиддий равишда ер юзидаги тартиб, ахлоқ ва бахт шунчаки одамларнинг ўзларининг туғма ахлоқи ва ақлига кўра Усиз мумкин деб тасдиқлайдилар... Э Худо, Худо! - у ҳолда ҳар қандай ҳолатда ҳамма нарса остин-устин бўлса ҳайрон бўлмаслик керак, ахлоқ даражаси пастга тушди ва инсоният ўзи истамаган жазони ўзига тилаб олди".

* * *

Ҳеч қачон биринчи таассурот билан иш кўрмаслик керак.

* * *

Товламачи кўзга чўп солишни билади, бурунни  ҳидларнинг мукаммал уйғунлиги билан ром этади, мумтоз санъатнинг қўй терисини ёпинган бўриси - мана ким ушбу фирибгар - бир сўз билан айтганда, истеъдодли махлуқ. Бу эса қандайдир ўз нокамтарлигини билмайдиган ношуддан ёмонроқдир.

* у* *

...атир ҳиди замонларда яшайди; уларнинг ўз навқиронлиги, етуклиги ва кексалиги бор. Ва фақат агар улар ҳар учала ёшида ҳам бирдай ёқимли ҳид таратсагина, уларни муваффақиятли санаш мумкин.

* * *

Ҳеч кимни кучидан ортиқ нарсага мажбурламаслик керак.

* * *

"Ҳар бир санъатда, шунингдек, ҳар бир ҳунарда... истеъдод деярли ҳеч қандай аҳамиятга эгамас, муҳими - камтарлик ва қунт орқали эгалланган билим".

* * *

...кексаларда баъзан ажойиботлар ва энг ахмоқ ғоялар бўлади.

* * *

Пушаймондаги гуноҳкорлар, омадсизлар, муқаддас зотлар ва пайғамбарлар каби ёлғизлик изловчи кишилар бўлади. Улар зўрға кун кўриладиган саҳроларга чекинишни афзал кўрадилар. Баъзилари ҳатто чўл оролларининг ғорларида ва дараларда яшайдилар ёки бир оз ўзини кўрсатиб, шохларга осилган ёки устунларга маҳкамланган қафасларда ўтирадилар. Улар буни Худога яқинлашиш учун қиладилар. Ёлғизлик уларга жисмни сўндирмоқ ва иқрор учун керак.

* * *

Ташқи дунёнинг борлиги, ҳеч бўлмаса қочиш мақсадида бўлса ҳам, барибир, яхши.

* * *

Унинг тезиси шундан иборат эдики, ҳаёт фақат ердан маълум бир узоқликда ривожланиши мумкин, чунки ернинг ўзи доимо fluidum letale деб аталувчи қандайдир бир чириш газини чиқарадики, у ҳаётий кучларга босим ўтказади ва эртами-кеч уларни фалаж қилади. Шунинг учун ҳамма тирик мавжудотлар ўсиш йўли билан ердан ажралишга ҳаракат қиладилар, яъни ундан қочиб ўсадилар, унга қараб ўсмайдилар; худди шу сабабдан улар ўзларининг энг қимматли қисмларини юқорига йўналтирадилар: буғдой - бошоғини,    гул - ғунчасини, инсон бошини; ва шунинг учун ҳам уларни кексалик эгилтириб ва яна ерга букади, улар чорасиз ажал келтирувчи газ таъсирига тушадиларки, унда чириш жараёни туфайли охир-оқибат ўзлари ўлимдан кейин унга айланадилар.

* * *

...олмосга ишлов бермай қолдириб бўладими? Ахир олтинни ёмбилигича тақиб юрадиларми?

* * *

...одамлар кўзларини юмиши ва буюклик, даҳшат, гўзалликни кўрмасликлари, қулоқларини беркитиб одамлар ва сўзларни эшитмасликлари мумкин эди. Лекин улар муаттарликка берилмасликлари мумкин эмасди. Негаки муаттарлик - бу нафаснинг биродаридир. Муаттарлик билан одамларга киради ва улар, агар яшашни хоҳласалар, ундан ҳимоялана олмайдилар.  Муаттарлик эса энг чуқур ерга, тўппа-тўғри юракка сингади ва у ерда ёқтириш ва жирканиш, кўролмаслик ва қизиқиш, муҳаббат ва нафрат ҳақидаги қатъий муҳокамани бошдан кечиради. Ким ҳидга эга бўлса, ўша одамлар қалбини эгаллайди.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!