Меню

Қашқадарё

24.10.2017 1858

ИНСОНИЯТ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ЙИРИК АВЛОД ОРАСИДА

Президентимиз нутқини телевидение орқали катта ҳаяжон билан тинглар эканман, олим, олий таълим муассасаси раҳбари, шу мустақил юртнинг оддий фуқароси сифатида қалбимни тўлқинлантирган туйғу шундан иборат бўлдики, давлатимиз раҳбари кўплаб долзарб масалалар қаторида мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ушбу асосда жаҳон андазаларига жавоб берадиган замонавий мутахассис кадрларни тайёрлаш, хусусан, ёш авлоднинг билим олиши, уларнинг келажак ҳаётига дахлдорлик, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқа жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, бугунги дунё ёшлари - сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир. Ер сайёраси аҳолисининг 2 миллиардини ёшлар ташкил этади. Айниқса, дунёда экстремистик ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилиши эса аянчли ҳолатдир. "Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ, - деди Президентимиз. - Бизнинг асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир". 

 Дарҳақиқат, айтилган гапларга ҳамоҳанг тарзда юртимизда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча имкониятларни яратиш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, келгусида уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш ҳозирда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан саналади.

Буни биргина Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, олийгоҳимизда бугунги кунда нефть ва газ, энергетика, технология, иқтисодиёт, муҳандис-техника, геология ва кончилик факультетларида 23 таълим йўналишида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017-2021 йилларда 6 та бакалавриат ҳамда 9 та магистратура бўйича янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларини очишни фаолият дастуримизга киритганмиз.

Шунингдек, айни вақтда институт жаҳоннинг етакчи илмий олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, улар базасида тизимли асосда магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг стажировка ўташлари, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга эътибор қаратмоқдамиз.

Хусусан, бу борада жорий йилда Гамбург (Германия) техника университети ҳамда В.П.Горячкин номидаги Москва давлат қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорлик шартномаси имзоладик. Албатта, буларнинг барчаси талаба-ёшларимизнинг келгусидаги фаолиятига ижобий таъсирини кўрсатади.

Хабарингиз бор, мамлакатимиз раҳбари томонидан Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот ҳамда Тошкент шаҳрида ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги тарихий қарорлари қабул қилинди. Бу бир жиҳатдан ислом динининг муқаддас ғояларини ёшлар онгига сингдиришдан иборат бўлса, бир томондан ёшларимизни улуғ аждодларимиз меросини ўрганишга ундаши билан аҳамиятлидир.

БМТ тарихида биринчи бўлиб давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юксак минбардан туриб ислом уламоси, улуғ бобомиз Имом ал-Бухорий номи ва фаолияти ҳақида ифтихор билан гапирди ва "Саҳиҳи Бухорий" муқаддас китоб сифатида Қуръони каримдан кейинги муқаддас манба эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, Президентимизнинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюция билан чиққанлиги ғоятда аҳамиятлидир. Таъкидланганидек, "бу ҳужжатнинг асосий мақсади - барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат". Айни шу таклифнинг жуда муҳим эканлигини жаҳон матбуоти эътироф этмоқда.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида ёшлар ҳаётига дахлдор масалалар хусусида сўз юритаркан, бугунги таҳликали замонда, терроризм хавф-хатарлари кучаяётган бир шароитда ёш авлодни ёт ғоялар таъсиридан асраш даврнинг долзарб муаммоси эканига алоҳида урғу берди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан асосли таҳлиллар келтирилиб, аниқ таклифлар берилгани жаҳон мамлакатларини ташвишга солаётган масалалар бўйича юртимизнинг ўз қараши борлигининг далилидир.

Хусусан, ушбу анжуманда Президентимизнинг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи йиғилиш аҳли томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу эса, аминманки, бугунги кунда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бир шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган халқаро ҳужжат сифатида хизмат қилади.

Умуман олганда эса, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган сермазмун нутқ мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига дунё афкор оммасининг нигоҳини қаратди. Биздан ўрнак, намуна олишга интилаётганлар кўпайди, тажрибамизни ўз давлатларида татбиқ этишга киришганлар ортди.

Дунё юксак минбарида билдирилган ҳаётий, салмоқли таклиф ва мулоҳазалар айни пайтда сизу бизга, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига дахлдорлик масъулиятини ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим.

Назирилла МАҲМУДОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!