Меню
Қашқадарё
ИНСОНИЙ ТУЙҒУЛАРСИЗ БИЛИМ БИР ТИЙИНГА ҚИММАТ...
Сараланган сатрлар
Инсон сунъий тарзда ақлли ва даҳо бўлиши мумкинми? Тиббиёт ривожланиб, не-не дардларга даво топилаётган бир даврда наҳотки олимлар бу ҳақда ўйлаб кўришмаган бўлса?! Ўйлаб кўришган, албатта. Тасаввур қилинг, илм-фан ютуқлари асосида онги ривожланмасдан қолган миллионлаб одамларнинг ақлий салоҳияти бошқаларники билан тенглаштирилди, юксак қобилият эгалари эса даҳога айланди. Бундан кейинги тараққиётни эса ҳатто тасаввур этиш мушкул.
Аммо инсон устида тажрибалар ўтказиш қанчалик ўзини оқлайди? Умуман, шундай тажрибалар мумкинми ўзи? Балки ақлий салоҳияти бошқаларникидай бўлмаганларга ана шу тақдирнинг ўзи афзалроқ, яхшироқдир...
Америкалик ёзувчи Дэниел Киз (1927-2014) қаламига мансуб "Элжернонга аталган гуллар" асари қаҳрамони Чарли Гордон ҳам ақлан ноқис туғилган. Онаси эса буни тан олишни истамас, мактабдаги ўқитувчиларга ўғлининг соғлом эканлигини уқтиришга уринар, сартарошлик ускуналарини сотиб тирикчилик қиладиган эрини қистаб боласини докторлару психологларга кўрсатишдан эринмасди. Аммо ўша орада оилада қиз дунёга келиб, у соғлом вояга ета бошлагач, онанинг авзойи буткул ўзгаради. Чунки у соғлом фарзанд дунёга келтира олишини исботлаб бўлганди ўзича. Натижада Чарли эътиборсиз қолади. Мактабда, кўча-кўйда ҳамма синглисига "акаси тентак" деб кулавергач, у янаям кераксиз "буюм"га айланади. Вақти келиб, онаси синглисига таъсир кўрсатмасин, деб ўғлини жиннихонага бериб юборишга қарор қилади...
Чарли 32 ёшга кириб, новвойхонада пол ювувчи бўлиб ишлар экан, ҳафтада уч марта ақлий ривожланишдан ортда қолган катталар учун очилган марказга машғулотларга қатнайди. Ақлли бўлсам, бошқалар мени яхши кўради, ота-онам мен билан фахрланади, дея ўқиш-ўрганишга зўр беради. Амаллаб ҳарфларни бир-бирига улаб ўқиш-ёзишни ўрганади. Бекман университети профессорлари эса унинг ақлли бўлишга тиришаётганини кўриб, ўз тажрибаларини унда синаб кўришга аҳд қилишади. Лабораторияда Элжернон номли сичқонда ўтказилган тадқиқот яхши натижа берган, у лабиринт йўлларини ўта осонлик билан топиб олаётган, умуман, ақлли жонзотга айланганди.
Элжернонни кўриб, Чарли ҳам операцияга рози бўлади...
Профессорлар Чарлига ҳар кунлик ишлари, ҳиссиётларию ўй-кечинмаларини қоғозга тушириб боришни айтишади. Бошда нуқта-вергулни фарқламайдиган, имлони талаффуздаги каби қоғозга туширадиган Чарли Гордон онгида қисқа вақт ичида ўзгаришлар юз беради. Бир неча ойдан сўнг эса 20 тилни биладиган, энг мураккаб фанлар сир-асрорларини эгаллаган даҳога айланади.
Ундаги ўзгаришлар эса ён-атрофидагиларнинг ҳам муносабатига таъсир қилади. Аввалги эсипаст ўзларидан ақлли бўлиб кетганини ҳазм қила олишмайди. Авваллари пулдан уриб қолишса ҳам сезмайдиган пол артувчи энди ҳамма қинғирликларни сезиб, гўёки "хавфли" шахсга айланганди...
Кечаги ақли ноқис Чарли бугун даҳо эмасми, ўқиб-ўрганишлари асосида ақлий ривожланиш сунъий равишда қанчалик тезлаштирилса, ақлий салоҳият инқирози ҳам худди шу суръатда рўй беришини англаб етади. "Ақлий салоҳиятни сунъий равишда тезлаштиришнинг оқибати шундай бўлади. Қисқа муддатда кўп нарсага эришдим ва тез фурсат ичида бунинг барчасини йўқотаман", дейди у. Ва буни ўзи устида тажриба ўтказган профессорларга айтиб, улар қаерда хатога йўл қўйганини кўрсатиб беради.
Хўш, кимнинг айтгани тўғри бўлади: умрини илм-фанга бағишлаган профессорларнингми, ё бир неча ойда даҳога айланганнинг? Буни асар тўлиқ мутолааси асносида билиб олишингиз мумкин. Ҳозирча асардан эътиборга молик айрим лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
* * *
Профессор Немурнинг гапларига кўра, айкью ёрдамида инсоннинг ақлий ривожланиш даражасини, худди тарозида бир нима ўлчагандай, ўлчаса бўлар экан. Доктор Штраус бўлса, айкью ёрдамида инсоннинг қанчалик ақлли эканлигини ўлчаб бўлмайди, деб профессор Немур билан узоқ тортишди. "Айкью ёрдамида фақатгина инсон қай даражада ақлли бўла олиши мумкинлигини аниқлаш мумкин", деди у. Худди ўлчов учун мўлжалланган идиш сингари. Аммо бу идишни нима биландир тўлдириш керак.
* * *
Кино - муғамбирлар олами.
* * *
Ҳатто уйдирилган оламда ҳам қонун-қоидалар бўлиши керак. Майда бўлаклар бутун бўла олиши керак.
* * *
Мени энг хавотирга солгани, бу - ўзим билмаган ҳолда ўғирликка ёрдам берганларим. Билмаганимда айбдор эмас эдим, аммо энди, унинг бутун кирдикорларидан хабардор эканман, сукут сақлаш жиноятчи бўлиш билан тенгдир.
* * *
Агар умр бўйи гўдак бўлиб қолишни истамасанг, бошқалардан тавсия ва кўрсатмалар кутишни бас қил. Ечимни ўзинг топишинг зарур, нима тўғри эканлигини ҳис қилишинг керак. Ўзингга ишонишни ўрган.
* * *
Барча профессорларни баралла даҳо деб ҳисоблаб анча хато қилган эканман! Бошқалар каби оддий одам эканликлари етмагандай, камига улар бутун дунё бундан хабар топишидан ўлимдан қўрққандай қўрқишади.
* * *
Авваллари нодонлигим, билимсизлигимни суймаган инсонлар энди билимдонлигимдан нафратланаяптилар. Тавба, ўзи улар мендан нима хоҳлашаяпти?
* * *
Инсон ўзидан нега нафратлана бошлашининг сабабини топдим. Нотўғри йўлдан юраётганини била туриб, йўлида давом этаверса, бу турган-битгани даҳмаза.
* * *
Нутқ - гоҳи кўприкка эмас, тўсиққа айланиши мумкин.
* * *
Онги паст инсонларни калака қиладиганлар, омиларнинг ақли паст бўлса-да, бошқа инсонлар каби улар ҳам ҳис қила олишларини унутиб қўйишади.
* * *
Даҳолар ҳозирда, афсуски, бомба ясаш билан банд.
* * *
Ёлғизлик менга фикр юритиш, ўқиш, изланиш, хотираларимни титкилаш, ўтмишимни қайтадан ўрганиб чиқиб, ўзимни англашга имкон беради.
* * *
Ёзнинг иссиқ кечаларида кўчага айлангани чиққан, театрга ёки кинога борган одамларнинг суҳбатларида қандайдир илиқлик бор... ва бехосдан ким биландир тўқнашиб кетсангиз, у инсон билан тўғридан-тўғри алоқа боғланганини ҳис қиласиз... Шундай кечаларда бу дунёнинг бир бўлагига айлангим келади. Бу хоҳиш мени қоронғи кўчаларга, кинотеатрларга, хиёбонларга боришга ундайди.
* * *
Қизиқ, юксак маънавий, маърифий мезонларга амал қилувчи, ўта таъсирчан, қўл-оёқсиз дунёга келган ногиронларни ҳеч қачон камситмайдиган одамлар ақли заиф туғилганларни, ҳеч ўйламай, хижолат чекмай камситаверадилар.
* * *
Ҳаттоки эсипаст одам ҳам атрофдагиларга ўхшагиси келади. Гўдак ўзини ўзи боқа олмаса ҳам, нима ейиш кераклигини тушунмаса ҳам, очлик нималигини билади.
* * *
Қанча теран тушлар кўрар, хотираларим денгизига ботиб борар эканман, руҳий муаммоларни ақлий муаммолар каби ечиб бўлмаслигини яхшироқ англай бошладим.
* * *
Бир аёлдан ҳамма нарсани талаб қилиб бўлмайди. Эҳтимол, кўпхотинлик сабаби шудир.
* * *
- Полицияга мурожаат қилганимдан нима фойда? - таажжубланди у. - Ўғирликка қўл урган бўлса, менимча, ҳақиқатан пулга муҳтождир-да... Унинг ҳаётини бир неча доллар учун вайрон қилмайман-ку. Тўғри, ўзимга ҳам пул керак эди, лекин инсон ҳаёти бундан муҳимроқ, шундай эмасми?
* * *
Структурал тилшунослик билан шуғулланадиган олимларга қойил қолмай иложим йўқ - одамларнинг айниган ёзма мулоқотини ўрганишади. Бу ҳам инсониятнинг ўз ҳаётини ўта тор мавзуларга бағишлаши, китоблар эса кераксиз маълумотлар билан тўлиб-тошганини кўрсатади.
* * *
Қизиқ, олимлар ўзларига ошиқча даражада ишониб юборганликлари ёки уларнинг билимсизликлари сабабли қанчадан-қанча жумбоқлар ечилмай қолиб кетган экан?
* * *
"Университетимизда ақл, таълим, билим улуғланади. Лекин мен сиз билмаган нарсани биламан: инсоний туйғуларсиз билим бир тийинга қиммат!"
* * *
...яккаланиб қолган ақл атрофдагиларга дард ва зулмдан ортиғини беролмайди.
* * *
Ўзиюрар зинапоя пастга тушиб кетяпти. Бир зинада тураверсам, энг пастга тушишим аниқ. Тепага қараб югурсам, дастлабки турган зинамда қолиш эҳтимоли бор. Нима бўлса бўлсин, тепага қараб интиламан.
НАСРИДДИН тайёрлади.