Меню

Қашқадарё

18.08.2018 1610

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДА ОАВ ИШТИРОКИ ҚАНДАЙ?

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Бекзод Маматқулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили     (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Муродулла Нормуродов ва бошқаларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бўлиб, ундаги асосий тамойиллар Бош қомусимизда ҳам ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та муҳим халқаро шартнома иштирокчисига айланди.

- Мамлакатимизда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилиш модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган, - дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Муродулла Нормуродов. – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин олиш, хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биламизки, инсон ҳуқуқларини таъминлашда журналистлар иштироки муҳим ўрин тутади. Бу борадаги вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун эса аввало журналист фаолияти кафолатланган бўлиши керак. Бинобарин, мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, профессионал журналистикага эътибор кучаймоқда. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳам моҳиятан инсон омили, унинг умумэътироф этилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини назарда тутади.

Давра суҳбатида инсон ҳуқуқларини таъминлашда ОАВ ўрни, иштирокини янада ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!