Меню
Қашқадарё
ИНСОН ҲАЁТИ БИР ҚУТИ ГУГУРТГА ЎХШАЙДИ
Сараланган сатрлар
Катта фожиаларимиздан бири шуки, ёнимиздаги буюкларни вақтида пайқамаймиз. Бунга сабаблар ҳам мўл: пешонасига буюк деб ёзиб қўйилмаган ахир - уям ҳамма қатори еса-ичса, касал бўлса, муаммо ва камчиликлардан-да холи бўлмаса...
Улар бу дунёни тарк этганларидан кейингина қандай инсон билан ёнма-ён юрганимизни англаб қоламиз. Чинорнинг бутун маҳобати қулаган вақти кўринади, дейишади-ку.
Биласиз, бир вақтлар Қашқадарё адабий муҳитида Чори Аваз номли катта ижодкор бўлган. Шоир қолдирган адабий мерос орамизда қандай истеъдод эгаси яшаганидан дарак беради. Юксак даражадаги шеърлари баробарида фин халқ эпосидан "Калевала", Исикава Токубоку, Анзелмас Матутис, Яннис Рицос, Хоссенжу Эду, Ленри Питерс кабилардан ўгирмалари Чори Авазнинг моҳир ва нозик дидли таржимон бўлганини кўрсатади. Қолаверса, япон адиби Рюноскэ Акутагавани адабиётдан наридагилар тугул, шу ғала-ғовурнинг ичида юрганлар-да у қадар тушунавермайди, ҳазм қилолмайди. Чори Аваз эса Акутагаванинг "Қоронғиликдаги суҳбат" ва "Пигмей сўзлари" асарларини маҳорат билан тилимизда ифода этади. Қуйида ҳукмингизга ҳавола этилаётган "Пигмей сўзлари"дан парчаларни ўқиб, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
* * *
Паскалнинг "Клеопатранинг бурни салгина қийшиқ бўлганда, тарих бошқа йўлдан кетиши мумкин эди", деган ҳикмати маълум. Аммо ошиқ маъшуқасининг қиёфасини камдан-кам ҳолларда кўради. Севги бизни ўз домига тортган пайт ўзимизни ўзимиз энг усталик билан алдаймиз...
Клеопатра дабдабаю сир-асрорга ўранган сўнгги Миср маликаси эди. У бошида қимматбаҳо тож, қўлида нилуфар ёхуд бошқа бирон гул ушлаб, дунёни муаттар ифорларга тўлдириб керилиб ўтирганда, наҳотки бирон бир кимса, айниқса, Антоний унинг бурни хиёлгина қийшиқлигини пайқаса?
Бундай ўз-ўзини алдаш фақат севгигагина хос эмас. Биз айрим ҳоллардагина дунёни ўзимиз севган рангларга бўямаймиз. Масалан, тиш дўхтирининг эшигидаги лавҳани олсак, тишимиз оғриғини бир лаҳза бўлсин унута олмаганимиздан уни кўришни қанчалик хоҳламайлик, барибир кўролмаймиз. Албатта тиш оғриғимизнинг дунё тарихига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аммо бундай ўз-ўзини алдашга халқ кайфиятини билишни истайдиган сиёсатдонлар ҳам, душманнинг вазиятини билишни яхши кўрадиган ҳарбийлар ҳам, молиявий аҳволни билишни хоҳлаган корчалонлар ҳам мойил. Ақл бунга тузатиш киритиб боришини рад этмайман. Шу билан бир вақтда, барча инсоний ишларни бошқарадиган "тасодиф" борлигини-да тан оламан. Балки ҳақиқатан ўз-ўзини алдаш тарихни бошқариб борадиган абадий кучдир.
Қисқаси, икки минг йиллик тарих унда йилт этиб ўтган Клеопатранинг бурни қандайлигига боғлиқ бўлмаган. У кўпроқ бизнинг ҳар жойда тайёр аҳмоқлигимизга, кулгили, лекин буюк аҳмоқлигимизга боғлиқ.
* * *
Виждон соқолга ўхшаб маълум ёшда пайдо бўлмайди. Виждон бўлиш учун ҳам бирмунча тажриба керак.
* * *
Ҳар қандай ҳолатда ёзмишга ишонилса, жиноят бўлмайди, ўз-ўзидан жазо ҳам аҳамиятини йўқотади, шундай экан, жиноятчига нисбатан бизнинг муносабатимиз ҳимматлироқ бўлиши лозим. Айни вақтда ирода эркинлигига ишонилса, масъулият туйғуси юзага келади, виждонини карахтликдан сақлаш учун инсон ўз-ўзига нисбатан қаттиққўлроқ бўлиши лозим. Буларнинг қайси бирига ишонмоқ керак?
Жиддий жавоб бераман. Ирода эркинлигига ҳам, ёзмишга ҳам ишониш зарур ёки ҳар иккисига шубҳа қилиш керак. Биз рафиқамизга ёзмиш туфайли уйланмадикми? Ёки рафиқамиз талаби билан кўйлак ва белбоғ сотиб олмадикми ирода эркинлигига шукрона айта?
Нафақат ирода эркинлиги ва ёзмишга, балки худо ва шайтонга, гўзаллик ва хунукликка, бебоклик ва қўрқоқликка, онг ва эътиқодга нисбатан ҳам муносабатларимиз тарози паллалари янглиғ бараварлашиши лозим. Қадимгилар буни олтин ўрталиқ - "тюё" деб аташган. Бу "соғлом фикр" деганлари бўлади. Аминманки, соғлом фикрсиз бахтга эришиш мумкин эмас. Эришилган тақдирда ҳам бундай бахт иссиқда гулхан ёққан ёки совуқда елпинган каби офатга айланади.
* * *
Классик ёзувчиларнинг бахти вафот этиб кетганларидадир.
Яна шу ҳақда
Сизнинг ёки бизнинг бахтимиз ҳам уларнинг вафот этиб кетганларидадир.
* * *
Инсон ҳаёти бир қути гугуртга ўхшайди. Жиддий муомала қилиш - кулгили, ҳазиллашиш - хавфли.
* * *
Газетхон халқи жанжални ёқтиради. Оқ нилуфар можароси, Арисима можароси - булар газетхонларга лаззат, ҳузур-ҳаловат бағишлаган. Нима учун улар жанжални, айниқса машҳур шахслар аралашиб қолганда, кўпроқ ёқтиришади? Реми ва Гурмон бунга: "Чунки машҳур шахслар жанжаллари бизга ўз жанжалларимизни эслатади-да", деб жавоб беради.
Гурмоннинг жавоби тўғри. Айни ҳақиқат. Ўзлари жанжалга қобил бўлмаган оддий одамлар машҳурларнинг жанжалидан ўз қўрқоқликларини оқлаш учун ажойиб баҳоналар топишади. Айни вақтда ўзларининг аслида йўқ устунликларини ўрнатишга шоҳсупа ҳам топадилар. "Оқ нилуфар каби хушрўйгина эмасману, ундан ақллироқман". "Арисима каби талантли эмасману, лекин ҳаётни яхши биламан". "Мен у каби...". Ўз ҳузур-ҳаловатидан бошқа нарсани билмайдиганлар шу сўзларни айтиб, чўчқалар каби осойишта ухлайдилар.
* * *
Зўр душманларидан эмас, дўстларидан қўрқади. У бир зарб билан душманини ағдариб, ҳеч қандай дилсиёҳлик сезмайди, аммо дўстини беихтиёр ранжитиб қўйишдан аёллардай қўрқади.
Заиф дўстларидан эмас, душманларидан қўрқади. Шу боис ҳар бир киши унга душман бўлиб кўринади.
* * *
Бахтлироқ яшаш учун майда-чуйдаларни севиш керак. Булутнинг ярқираши, бамбукнинг шитирлаши, чумчуқнинг чирқиллаши, ўтган-кетганлар каби майда-чуйдалардан лаззат топа билиш керак.
Бахтлироқ яшаш мумкинми? Майда-чуйдаларни севиш - майда-чуйдалардан азоб чекиш ҳам демак. Қадимий ҳовузга сакраган бақа юз йиллик андуҳни бузди. Аммо қадимий ҳовуздан сакраб чиққан ўша бақа юз йиллик андуҳнинг ўзи бўлиши мумкин. Басёнинг ҳаёти роҳат-фароғатда кечгани билан ҳар бир дақиқаси азоб-уқубатга лиммо-лим эди. Жилмая туриб азобланиш азоблана туриб жилмайишдир.
Бахтлироқ яшаш учун кундалик майда-чуйдалардан ҳазар қилиш керак. Булутнинг ярқираши, бамбукнинг шитирлаши, чумчуқнинг чирқиллаши, ўтган-кетганлар каби барча майда-чуйдалардан дўзах азобини ҳис қила билиш керак.
* * *
Аёлга эрининг яхши одамлиги ҳамма вақт ҳам муҳим эмас. Аммо эркак ҳамма вақт рафиқасининг яхши одам бўлишини истайди.
* * *
Халқ буюк шахслар ва ишлар ҳақида гапиришни севади. Аммо буюклик билан юзма-юз учрашишга интилиш - бу ҳали тарихга насиб этмаган.
* * *
Никоҳ туйғулар ҳаловати учун фойдали, Муҳаббат ҳаловати учун эса ҳалокатли.
Севгидан ақл бизни қанчалик асраса, бандлик ҳам шунча асрайди. Севги... илоҳий севги учун аввало вақт керак. Қадимга ошиқларни ёдга келтиринг - Вертерни, Ромеони, Тристанни: ҳаммалари бекорчи кишилар эди.
* * *
Эр киши азалдан муҳаббатдан кўра меҳнатни кўпроқ қадрлайди. Бундан кимдир гумонсирайдиган бўлса, Бальзакнинг хатини ўқиб кўрсин. У графиня Ганскаяга: "Мазкур хат қўлёзма ҳисобланса борми, қанча франк турган бўларди!" деб ёзган.
* * *
Эркинлик - баланд чўққидаги ҳавога ўхшайди, у заиф кишилар учун ҳалокатли.
* * *
Биз кичкинтойларни нега севамиз? Чунки улар бизни ҳеч қачон алдашмайди, бунга шубҳаланмаса ҳам бўлади.
* * *
Сузишни билмаган кишига "Суз!" деб буюрилса, буни барча аҳмоқлик ҳисобларди. Мабодо югуришни машқ қилмаган одамга "Чоп!" дейилса, бу ҳам ақлдан эмас. Аммо биз ҳаммамиз кўз очиб ёруғ дунёни кўрган кунимизданоқ шундай буйруқларга дуч келаверамиз.
Наҳотки, онамиз қорнида яшашни ўрганган бўлсак? Туғилиб улгурмасимизданоқ жанг майдонига ўхшаш ҳаётга қадам қўйишга мажбурмиз. Албатта, сузишни ўрганмаган одам яхши сузувчи бўлолмайди. Югуришни машқ қилмаган киши эса чопағонлардан ортда қолади. Худди шундай биз ҳам ҳаётни жароҳатсиз тарк этолмаймиз.
* * *
Санъатни аёлга қиёслаш мумкин. У жуда чиройли кўриниши учун ўз замонасининг маънавий ифорларига ўранган ёки янги русумдаги либосига бурканган бўлиши лозим.
* * *
Ўзгалар устидан кулгувчилар ўзгалар кулгисидан қўрқадилар.
* * *
Жазосиз қолишдан кучлироқ жазо йўқ.
* * *
Санъатда даҳшатли тубсизлик ниҳон. Агар пулни яхши кўрмаганимизда, шуҳратга интилмаганимизда ва деярли оғриққа айланган ижод чанқоқлигидан қийналмаганимизда, балки санъатнинг бу даҳшати билан курашиш учун кучимиз етмасди.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.