Меню

Қашқадарё

07.08.2020 1519

ИНСОН ҲАЁТ КЕЧИРИШГА ТАЙЁРГАРЛИК ЭМАС, БАЛКИ ЯШАШ МАҚСАДИДА ТУҒИЛАДИ

Сараланган сатрлар

1917 йилда "халқлар тарихидаги энг буюк инқилоб" рўй берди: Россияда подшо ҳукумати ағдариб ташланиб, ҳокимият тепасига ишчи-деҳқонлар келди. Улар барча тенг ҳуқуқли бўлишига ваъда беришди ва бу йўлда бой-зодагонларнинг мол-мулки, ерлари тортиб олинди, бошқарув ўқимаган, саводсиз бўлса-да, йиллар давомида мутеликдан боши чиқмаган кишиларга ишониб топширилди. Рус диёрида кечган воқеалар ўзбек халқига ҳам бегона эмасди: халқимиз 70 йилдан ошиқ вақт давомида ушбу тузум нон-тузини татиди.

Энг қизиғи, "тарихдаги энг буюк инқилоб" юз берган бўлса-да, одамлар барибир бахтли бўлиб қолмадилар. Аммо бу ҳақда ўша пайтда гапириб бўлармиди? Айни ғояларни асарларига сингдиргани, юрак ютиб айтгани учун халқимизнинг не-не ўғлонлари ўлдирилмади, қатағон қилинмади, дейсиз.

1957 йил АҚШ Марказий разведка бошқармаси Италияда рус тилидаги асарни нашр эттирди. Кўп ўтмай бу китоб нусхалари Россияга ҳам етиб келиб, у октябрь инқилоби ва социализм қурилиши моҳиятини бузиб кўрсатган асар сифатида баҳоланади. Қора рўйхатга тиркалган бу китоб рус адиби Борис Пастернакнинг "Доктор Живаго" романи эди.

Романга 1958 йил адабиёт соҳасида Нобель мукофоти беришади. Аммо "юқори"дагилар "Пастернак хоҳласа, мукофотни олсин, лекин ватанга қайтиш ҳақида ўйламасин" деган талабни қўйишади. Охири адиб мукофотдан воз кечиб, давлат раҳбари Никита Хрушчёвга хат ёзибгина қатағонлардан қутулиб қолади. Аммо орадан икки йил ўтар ўтмас бу ёруғ оламдан кўз юмади.

Хўш, "Доктор Живаго" совет ҳукумати, мафкурачиларига нега ёқмаган эди?

Асар "буюк инқилоб"нинг одамлар ҳаётига таъсирини рўй-рост очиб берган эди. Берилган ваъдалар унутилиб, турмуш фаровонлиги нарида турсин, яшашнинг ўзи қил устида эканлиги борича кўрсатилганди.

"Бу давр: одам одамга бўри, - деган қадимги иборанинг тўғри эканлигини тасдиқлади. Йўловчилар бир-бирини кўрганда, бошқа тарафга қараб юриб кетаверарди. Ўзини ҳалокатдан сақлаш учун ўша киши дуч келган одамни ўлдираверарди. Битта-яримта одамхўрлик ҳоллари ҳам юзага чиқди. Цивилизациянинг инсоний қонунлари ўз кучини йўқотди. Уларнинг ўрнини ҳайвоний қонунлар эгаллади", "Бу даврнинг инқилобий адашувидан иборат аср касаллиги эди", "Сен Блокнинг "Биз Россиядаги хавфли йилларнинг болаларимиз" деган мисрасини эслагин", "Бу ерлар Москванинг энг даҳшатли жойлари эди, чунки унда олғир ва жирканч башаралар, ифлосликдан сасиб кетган кўчалар, "ўлик жисмлар" ихтиёрига топширилган харобалар тўлиб-тошиб ётар эди" каби манзаралар "жаҳонда энг яхши шароитда яшаяпмиз", деган ғояни халқлар онгига сингдиришга зўр бериб уринган совет мафкурабозларига маъқул келмагани аниқ.

Ўтган аср адабиётида советларга ёқмаган асарлар кўп эди: инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг "Молхона", "1984" каби китоблари тақиқланган адабиётлар сирасига кирарди. Ҳатто немис ёзувчиси Эрих Мария Ремарк романлари      социализм қуришга халал беради, деб ўқиш ман қилинган экан. Қолганини тасаввур қилаверинг...

"Доктор Живаго" мутолааси жараёнида ўтган аср воқелиги билан танишиш асносида катта санъат намунаси билан ҳамроҳ бўласиз. Дарвоқе, асар 2018 йилда филология фанлари доктори Санжар Содиқ томонидан ўзбек тилига ўгирилганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

* * *

Дунёда ўзи ҳақиқат деб ҳисоблаш мумкин бўлган нимадир бормикин? Ундай нарсалар жуда кам. Менимча, фақат ўлмасликкагина садоқат сақлаш керак, чунки битта угина ҳаётнинг бироз кучайтирилган бошқача номи ҳисобланади.

* * *

Тарих - бу ўлимнинг сирини аниқлаш ва олдини олиш йўлида қилинган кўп асрлик меҳнатлар.

* * *

Дунёда яшаш қандай яхши! Лекин шунинг орқасида қанча азоб-уқубат чекишга тўғри келади.

* * *

Одам ўзини содда қилиб кўрсатмасдан, кўзларини яширмайдиган бўлиб юриши зарур. Бу қачондир ёмонлик билан тугаши мумкин.

* * *

- Лев Николаевич айтишича, инсон гўзалликка берилган сари, саховатдан узоқлашади.

- Сиз ўйлашингизча, бунинг акси бўлиши керакми? Дунёни гўзаллик, мистерия ва бошқалар қутқаради-ку. Розанов билан Достоевский ахир шундай фикрни илгари суришган-ку.

- Ўйлашимча, одамнинг ичида мудраб ётган ҳайвонни дўқ-пўписа билан йўқотиб бўлганда эди, шунда ҳам инсонга йўл кўрсатувчи сифатида саховатли руҳоний эмас, балки циркдаги ҳайвон ўргатувчи ўртага чиққан бўлар эди.

* * *

Ҳаёт худди ўргимчак тўрига ўхшайди: ипидан тортсанг, қутулиб кетадиганга ўхшайсан. Тўрлар орасида ўралашиб қолганингда эса нажот йўқдек туюлаверади.

* * *

Онг - шундай заҳарки, уни шахс ўзига ўзи қўллайди. Онг - бу ташқарига отилиб чиқаётган ёруғликдир. Биз йўлда йиқилмаслигимиз учун онг уни ёритиб туради. Онг - бу олдинда кетаётган паровознинг ёқиб қўйилган чироқларидир. Бу чироқни ичингизга йўналтирсангиз, фалокат рўй беради.

* * *

Уруш даврида бўлганидек, инқилоб вақтида ҳам сизга ҳаёт тўхтаб қолгандек, шахс ҳамма нарсасини бой бергандек, дунёда  бошқа ҳодиса рўй бермайдигандек, кимлардир ўлдириш, ўзгалар эса ўлиш билан шуғулланаётгандек туюлади. Агар биз ҳозирги замон ҳақидаги матнлару мемуарлар ёзиладиган вақтгача яшай олсак, биз уларни ўқиб ўтган беш-ўн йил мобайнида бир асрга тенг турмуш кечирганимизга иқрор бўламиз.

* * *

Марксизм фан даражасига кўтарилиши учун унинг ичида асослар камроқдек кўринади. Фан деганда, оғирлик, вазминлик бўлади. Марксизм ва объективлик? Мен марксизмчалик ўз ичида ўралашиб қолган ва далиллардан узоқ турадиган  бошқа фанни билмайман. Ҳозир ҳамма ўз ишларини тажриба билан солиштиришга берилган. Ҳокимият тепасидаги кишилар эса, ўзларининг бенуқсон эканликлари ҳақидаги масалани тасдиқлаш учун бор кучлари билан ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қилмоқдалар. Сиёсат менга ҳеч нарса бермайди. Мен ҳақиқатга бефарқ кишиларни яхши кўролмайман.

* * *

...куч ишлатиш йўли билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Саховатга саховат орқали эришилади.

* * *

Қанчалик катта бахтки, одам ўзи ва оиласи учун тонгдан-тонггача меҳнат қилади, уй қуради, озиқ-овқат етиштирмоқ учун ерда ишлайди, шахсий  дунёсини яратади. Бунда у аввало Робинзонга ўхшашни истайди, оламни яратган худога тақлид қилади ва онасидан сўнг ўзини қайтадан дунёга келтиради.

* * *

Бўшашган асаблари ва хотирасини аччиқ қора қаҳва ёки тамаки воситасида мустаҳкамламоқчи бўлган шаҳарлик тарки дунё қилган киши тузалишнинг энг яхши йўли оғир муҳтожликда ҳамда мустаҳкам соғлиқда эканини билмайди.

* * *

Асарлар мавзулари, вазиятлари, сюжетлари, қаҳрамонлари билан, яъни бизнинг кўз ўнгимизда кўп томонлама намоён бўладилар. Лекин улардаги энг муҳим томон - вужудларига сингдирилган санъат ҳисобланади. "Жиноят ва жазо" саҳифаларида мавжуд бўлган санъат китобхонни Раскольниковнинг қотиллигидан кўра кўпроқ ларзага солади.

* * *

Ўйлашимча, етишмовчиликлару тентирашлар, тез-тез ўзгаришлар бўлаётганлиги эмас, балки бизнинг кунларимизда баландпарвоз шиорларнинг тилдан тушмаётганлиги, яъни келажак тонги, янги дунё қурилиши, инсоният машъали тўғрисидаги осмонўпар гапларнинг қайта-қайта такрорланаётганидир. Буларни эшитганда аввалига фантазиянинг нақадар кенглигига ва бойлигига қойил қолгандек бўласан киши! Аслида бундай гаплар истеъдодсизлик оқибатида туғилган баландпарвозликдан ўзга нарса эмас.

* * *

Аниқ бўлаяптики, инқилобга илҳом берувчиларга ўзгаришлар қилиш ва мансаб алмаштиришдан бошқа иш қолмаганга ўхшайди. Уларга нон берма, балки бутун ер шари миқёсидаги ўзгаришлар ҳақида гапириш маъқулроқ кўринади. Уларнинг мақсади дунёни қайта қуриш, ўтиш даври тўғрисида сўзлашдан бошқа нарса эмасга ўхшайди. Улар шундан бошқа нарсани ўқимаганлар, ўзга ишни қила олмайдилар. Мана шу абадий тайёргарликларнинг манбаи нимага бориб тақалишини сиз биласизми? Уларнинг ҳаммаси етук қобилиятлар, истеъдодлар йўқлигига боғлиқдир. Инсон ҳаёт кечиришга тайёргарлик эмас, балки яшаш мақсадида туғилади. Ҳаёт эса, ҳазилакам ҳодиса эмас!

* * *

Урушлар, инқилоблар, подшолар, Робеспьерлар - булар тарихнинг ҳаракатлантирувчи, кўпиртирувчи қисмларидир. Инқилобни ҳаракатчан, бир томонлама фанатиклар, чекланган генийлар амалга оширадилар. Улар бир неча соат ёки кун давомида эски тартибларни улоқтириб ташлайдилар. Тўнтаришлар бир неча ҳафта, кўпи билан йиллаб давом этиши мумкин. Кейин эса бир неча ўн йилликлар мобайнида одамлар ўша тўнтаришга сажда қилиб юрадилар.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!