Меню

Қашқадарё

06.06.2022 3026

ИННОВАЦИЯ, ЁШЛАР ВА ТАРАҚҚИЁТ

Анжуман

  Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Ўзбекистоннинг инновацион тараққиётида ёшларнинг ўрни” мавзусида ёш олимларнинг республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман ишида қатнашган вилоят ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов ёш олимларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар моҳияти, танловларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Зеро, илмий янгилиги ва аҳамияти жиҳатидан ўзига хослигини намоён эта олган лойиҳалар мазкур бошқарма томонидан мунтазам равишда рағбатлантирилмоқда.

-Илмий-амалий анжуманда ахборот технологиялари, энергетика, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт каби соҳаларга оид 30 дан зиёд маърузалар ўқилди ва муҳокамадан ўтказилди, - дейди институт Ёш олимлар кенгаши раиси Нодир Қўзиев. – Улар орасида бир неча мавзулар иштирокчилар эътиборини тортди, баъзилари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, минтақа иқтисодиёти ихтисослиги таянч докторанти Нилуфар Халилованинг “Аҳоли  бандлигини таъминлашда ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг минтақавий хусусиятлари”, ўсимликшунослик ихтисослиги таянч докторанти Нилуфар Шабарованинг “Эртанги картошка навларини туганак ва ўсимталаридан жадал ўстириш технологиясини такомиллаштириш”, қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари ихтисослиги таянч докторанти Сардор Ҳамроевнинг “Қайта тикланадиган энергия манбалари асосида қишлоқ уйларининг комбинациялашган иссиқлик таъминоти тизимини ишлаб чиқиш” каби мавзулар долзарблиги жиҳатидан анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Бир сўз билан айтганда, илмий-амалий анжуман ёш тадқиқотчиларнинг ўзаро фикр алмашишлари, янги мавзулар билан танишишлари учун муҳим тадбир бўлди.

А.МУРОДОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!