Меню
Қашқадарё
ИННОВАЦИОН КЕЛАЖАКНИ ЁШЛАР БЕЛГИЛАЙДИ
Маълумки, Давлат дастури доирасида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унинг маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш каби мақсадларда фойдаланилади.
Бу борада вилоятда бажарилажак ишлар хусусида эса вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Шагазатов Қарши давлат университети талабалари, ёш илмий изланувчилари, профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбирда маълумотлар бериб ўтди.
- Қашқадарё воҳаси 4 вилоят, 2 республика билан чегарадош экани унинг салоҳияти нақадар юқори эканини кўрсатади, - деди вилоят ҳокими ўринбосари. – Кўриниб турибдики, ҳудуд тадбиркори олдида каттагина бозор бор. Ана шундай омилларни ҳисобга олиб республикада биринчи бўлиб “Ёшлар инновацион маркази” ташкил қилмоқчимиз. Тўғриси, бизда инновация деганда гўёки оламшумул янгиликлар тушуниб қолинган. Инновацияни янгилик эмас, бор нарсани янгилаш деб тушуниш керак. Яъни янгидан ташкил қилинадиган ёшлар саноат зоналарида фаолият кўрсатишни истайдиган ёшларнинг лойиҳалари жуда оламшумул бўлиши шарт эмас, оддий янгилик билан ҳаётни енгиллаштириш, қулайлаштиришга қаратилган бўлса кифоя. Жамғарма ҳисобидан вилоятга келадиган 74 миллиард сўм шу каби лойиҳаларни рўёбга чиқаришга қаратилади.
Ёшлар саноат зоналарида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материаллари ижарага берилади, интернет билан таъминланади, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга зарур кўмак кўрсатилади. Бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари қурилади.
Мазкур жараёнда асосий масъулият ёшлар зиммасида экани кўриниб турибди. Зеро, инновацион келажакни ёшлар белгилайди. Шундай экан, ташаббуслар, янгича лойиҳалар муаллифлари ёшлар бўлиши керак.
- Хитой фанлар академияси ва Тяньцзинь университети билан ҳамкорлик асосида 1 йил давомида илмий тадқиқотлар олиб бордим, - дейди Қарши давлат университети кимё фанлари бўйича фалсафа доктори, 28 ёшли олим Элёр Бердимуродов. – Мазкур тадқиқотлар давомида яратилган металл коррозиясига қарши қопламалардан айни пайтда Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуасида фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда Малайзия Путра университети билан ҳамкорликда супромолекуляр бирикмалар тадқиқоти устида иш олиб бораяпман. Бу бирикмалар саратон касаллигини даволашда замонавий дори воситаси сифатида ишлатишга мўлжалланган. Юртимизда ана шундай илмий изланишлар, инновациялар қўллаб-қувватланаётгани бу борадаги ишларимизни янги босқичга кўтаришига ишонаман.
Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди. Талабалар ва илмий изланувчиларнинг лойиҳалари билан танишилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.