Меню

Қашқадарё

07.02.2020 2499

ИНГИЧКА ТОЛАЛИ FЎЗА НАВЛАРИ

пахтачиликда иқтисодий самарадорликни ошириш имконини беради

Қарор ва шарҳ

 

Жорий йилда вилоятимизда 6,5 минг гектар майдонда ингичка толали ғўза навлари экилиб, кенг ишлаб чиқариш синови олиб борилади. Ижобий натижаларга эришилган тақдирда етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлаш учун замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналарни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ингичка толали ғўза навлари жуда иссиқ об-ҳаво шароити, сувсизлик, гармсел ва зараркунанда ҳашаротларга чидамлилиги, шунингдек, толасининг узунлиги, пишиқлиги ва текстилбоплиги билан ажралиб туради. Уларни етиштиришнинг иқтисодий самарадорлиги эса бошқа навларникига нисбатан 60 фоиз юқоридир.

Мамлакат ҳукуматининг шу йил 30 январдаги қарорига мувофиқ 2020 йил ҳосилидан бошлаб, ингичка толали ғўза навларини жойлаштириш ва етиштириш нафақат Қашқадарё, балки Сурхондарё (40 минг гектар), Бухоро (5 минг гектар) ва Навоий (минг гектар) вилоятларида ҳам кенг йўлга қўйилади.

Бу борада ташаббус билан чиққан қишлоқ хўжалиги, молия, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари ҳамда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ингичка толали ғўзанинг "истиқболли нав" сифатида экиб келинаётган навларини уларнинг ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда мамлакат ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш таклифини ҳам илгари суришган.

Мазкур чоралар ҳукумат томонидан маъқулланиб, масъул вазирлик ва идоралар зиммасига бир қатор муҳим   вазифалар юклатилган. Улардан бири дастлабки элита-уруғчилик хўжаликларида кўпайтирилаётган ингичка толали ғўзанинг эртапишар, тола ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган навларининг оригинал уруғларини изчил кўпайтириш ҳамда янги ва истиқболли навлар орасидан энг яхшиларини танлаб бориш бўлса, бунда экиш учун тавсия қилинаётган ғўза навларининг нав тозалигига алоҳида эътибор қаратиш уқтирилган. Шунингдек, қарорда етарли миқдорда уруғлик материалларини тайёрлаш, сифатли уруғлик пахта хом ашёси ва чигитларини ишлаб чиқариш бўйича ҳам вазифалар қўйилган.

Ҳукумат томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унга асосан Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида ингичка толали ғўза навлари селекцияси ва уруғчилиги лабораторияси ташкил этилиб,  фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Айни пайтда қарорга мувофиқ ингичка толали ғўза навлари генетикаси, селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологияларини ҳамда ингичка толали пахта хом ашёсини тозалаш ускуналарини такомиллаштириш бўйича давлат илмий дастурлари грант танловларини ўтказиш ва танлов ғолиби бўлган илмий лойиҳаларнинг 2020 йилдан бошлаб молиялаштирилишини таъминлаш кўзда тутилган. Танловларни ўтказишга Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказига бир ой муддат берилган. Худди шунча вақт ичида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида илмий ва амалий ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома тузиш механизми ишлаб чиқилиши лозим.

Умуман олганда, вилоятимизда 2020 йил ҳосили учун жами 135,9 минг гектар майдонга чигит экиш мўлжалланаётган бўлса, шундан 54,3 минг гектарига ғўзанинг эртапишар ("Бухоро-102", "Наманган-77", "Порлоқ-4"), 70,2 минг гектарига ўртапишар ("Бухоро-6", "Бухоро-8"), 6,5 минг гектарига истиқболли ("Сурхон-14", "Сурхон-16"), 4,9 минг гектарига эса янги навлари жойлаштирилади. Пахта хом ашёси ишлаб чиқариш умумий ҳажми Қашқадарё бўйича 400,2 минг тоннага етиши прогноз қилинмоқда.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!