Меню
Қашқадарё
ҚИНFИР ИШГА ҚЎЛ УРГАННИНГ ЎЗИГА ЖАБР
Бугун мамлакатимизда аҳолига электр энергияси ва табиий газ етказиб беришни самарали ташкил этишга эътибор ошган. Тўловини ўз вақтида амалга оширса, ҳуқуқбузарликка йўл қўймаса, истеъмолчи ушбу ресурслардан монеликсиз ва бардавом фойдаланиши мумкин. Шунда таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги шартнома мажбуриятлари тўкис адо этилишига замин яратилади. Аммо ҳамма истеъмолчилар ҳам уларга оғишмай амал қилавермас экан. Электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, мазкур неъматларни суиистеъмол қилишга жазм этаётган кишилар топилади. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги мавжуд қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланилишига чек қўйиш ва ҳосил бўлган дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга нафақат мутасадди ташкилотлар, балки фуқаролар ҳам масъулдир. Мамлакатимизда истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида ундириш долзарб бўлиб турган бир вақтда, баъзи фуқароларимизнинг бу соҳада турли ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этаётганлиги ачинарли ҳол. Ташаббус кўрсатиш ўрнига ўзи ҳам бундай нохуш ҳолатга қўл ураётган кимсалар касрига тизимда бир қанча муаммолар пайдо бўлмоқда. Буни қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин.
ТАЪМИНОТ КОРХОНАСИ “ТУМШУҒИ” ОСТИДАГИНИ НЕГА КЎРМАГАН?
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси Касби тумани бўлими ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокида туманда тезкор тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Айрим ҳолларда ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб келаётган бир қатор уддабуронлар аниқланди.
Жумладан, тумандаги Хўжаҳайрон маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.га қарашли фермер хўжалигида сув насосидан электр энергия тармоғига ҳисоблагичсиз тўғридан-тўғри уланиб фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Шу заҳоти фермер хўжалиги раисига нисбатан далолатнома расмийлаштирилди ва қонунбузар тармоқдан узиб қўйилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу хатти-ҳаракати оқибатида хўжалик томонидан давлатга 302 миллион сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, тумандаги Хўжа Касби маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.А.га тегишли савдо дўкони кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида ушбу шохобчада ҳам юқоридаги каби ҳолатга дуч келинди. Истеъмолчи дўкони туман электр таъминоти корхонаси биносининг ёнгинасида жойлашган бўлиб, ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб келаётганлигига қандай изоҳ беришга ҳам ўйланиб қоласан киши. Ушбу корхона масъуллари қаёққа қараяпти, дегинг келади. Бунинг устига ишбилармон эканини даъво қилган ушбу фуқаро аслида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаганлигига нима дейсиз? Қилгани фойда эмас, зарар етказиш бўлди унинг. Жами қиймати 9,5 миллион сўмга тенг электр энергиясини қонунга зид тарзда ишлатгани учун нуқта тармоқдан узиб қўйилди ҳамда бу борада далолатнома расмийлаштирилди.
И.ЭРГАШЕВ,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта суриштирувчиси
ҚАРЗДОРЛИКНИ “ЙЎҚ ҚИЛУВЧИ” ҲОЖАТБАРОР
Бугунги ҳаётимизни электр энергияси ва табиий газсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ишлатилаётган бу бебаҳо неъматнинг тўловини ўз вақтида қилсак, улардан мосуво бўлиб қолмаймиз. Шуни тўғри англаб етганида, баъзи истеъмолчилар қинғир йўллар изламас эди, бизнингча. Қуйидаги ҳолатлар таҳлили шундай дейишимизга сабаб бўлади.
Қамаши туманида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида коммунал тизимга оид бир қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга зудлик билан барҳам берилди.
Мисол учун, Қамаши тумани Довуд МФЙ Калтатой қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.К. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди. Унда айтилишича, фуқаро 2017 йил 11 октябрь куни ҳудудий электр таъминоти корхонасига яшаш уйида ўрнатилган, онаси номида бўлган эски электр ҳисоблагични ўзининг номига расмийлаштириш мақсадида боради. Шу вақтда Сирожиддин исмли шахс унга ўзини “райсеть” ходимиман деб таништирган ва бу масалада кўмаклашиши, боз устига, юзага келган 820 минг сўм қарздорликни ҳам сўндириб беришга ваъда берган. Ўзини ҳожатбарор тутишга уринган бу шахс “хизмати” эвазига фуқародан 180 минг сўм талаб қилади. Сўралган пулни туман электр таъминоти корхонаси маъмурий биноси ёнида олгандан сўнг, электр ҳисоблагич ҳужжатлари кейинроқ тайёр бўлишини айтади ва жараённи тезлаштириш учун яна 200 минг сўм пул сўрайди.
Қ.К.нинг мурожаати асосида МИБ Қамаши тумани бўлими ходимлари томонидан рейд ташкил қилиниб, тумандаги “Қамаши Файз” деҳқон бозори МЧЖ ҳудудида Сирожиддин Оролов 100 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далил билан ушланди. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари жараёнида яна шулар ойдинлашдики, ҳуқуқбузар бошқа фуқароларни ҳам чув туширган. У ўзини туман электр таъминоти корхонаси ходими сифатида кўрсатиб, ўтган даврда истеъмолчилар - Э.Каримовдан 100 минг сўм, Ф.Юсуповдан 100 минг сўм, Б.Қаршиевдан 100 минг сўм пул олган. Натижада жами 580 минг сўм пулни терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган киши билан бир гуруҳга бирлашиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2017 йил 19 октябрь куни бошқарманинг Қамаши тумани бўлими томонидан Сирожиддин Оролов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, терговнинг тегишлилигига кўра дастлабки тергов органига юборилган.
К.ҲАМРАЕВ,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси суриштирувчиси
ҚАРЗНИ УНДИРИШ МАЖБУРИЙ ТАРТИБДА ИЖРОГА ҚАРАТИЛДИ
Тинч, фаровон мамлакатда, дориломон кунларда ҳаёт кечираяпмиз. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг барчаси эл манфаатига хизмат қилмоқда. Буни чуқур ҳис қилган ҳар бир инсон юрт корига ярашга, Ватан равнақига ҳисса қўшишга интилиши табиий, албатта. Бироқ таассуфки, орамизда қонунда белгиланган бурч ва мажбуриятларига беписандлик билан қарайдиган, ҳаттоки, суд ҳукмига бўйсунмайдиган юртдошларимиз ҳам бор. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда.
Мана бир ҳолат. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди Т.Г. ва А.Н.нинг электр энергиясини истеъмол қилишдан юзага келган мос равишда 2 миллион 511 сўм ва 874 минг сўм қарзини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати чиқаради. Аммо қарздорлар томонидан тўлов амалга оширилмасдан келинган. Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Муборак туман бўлимининг иш юритувига келиб тушгандан сўнг, бўлим масъуллари томонидан қарздорларга бир неча бор огоҳлантириш хатлари юборилган. Шунга қарамасдан қарздорлар тўловни ортга сурган.
Шунга кўра, ижро қарздорларнинг мол-мулкига қаратилиб, фуқаро Г.Т.нинг бир дона қора рангдаги LG русумли телевизори ҳамда бир дона вентилятори, фуқаро Н.А.нинг бир дона қора рангдаги SAMSUNG русумли кичик телевизори ҳамда бир дона кондеционери ва кир ювиш машинаси хатланди. Қарздорларга тўловни амалга ошириш учун 5 кунлик ихтиёрий муддат берилди ва хатланган мол-мулклар Мажбурий ижро бюроси Муборак тумани бўлими маъмурий биносига олиб келинди.
Келгусида хатланган мол-мулклар тегишли тартибда баҳоланиб, савдо дўконига қўйилади ва қарздорлик тўлиқ амалга оширилиши таъминланади.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси Муборак тумани бўлими ходимлари Обод турмуш маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Т.нинг хонадонига электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатини текшириш мақсадида боради. Фуқаро турмуш ўртоғи (эри) уйда йўқлигини билдиради. Аммо бу вақтда у ўз ноқонуний қилмишларини яшириш билан овора эканлиги бюро ходимларининг тезкор тасвирлари орқали маълум бўлди. Гап шундаки, фуқаро умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисобга олиш приборидан ташқари уланиб, ўзбошимчалик билан фойдалангани ва давлатга 611 минг сўмлик зарар етказганлиги аниқланди. Шундан сўнг, Т.Т. хонадони тармоқдан узиб қўйилди ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Л.ГАДЖИЕВ,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси суриштирувчиси