Меню

Қашқадарё

20.06.2017 2258

“ИНФЕКЦИЯ” ОЛДИ-СОТДИСИ

- Буюк аллома Абу Али ибн Сино узоқ умр кўриш ва саломат бўлишнинг шарти сифатида мева ейишни тавсия этган. Инсон организми учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга меваларнинг шарбати ҳам дармондориларга бой.

Табиий шарбатлар С витамини ва аскорбин кислотасининг асосий манбаи ҳисобланади. Унинг кўпчилик тури провитаминга тўйинган. Баъзи шарбатлар таркибида юқори даражадаги В1 ва РР витаминлари мавжуд. Турли-туман шундай ичимликлар таркиби таҳлил қилинганда, уларда бугунги кунда фанга маълум бўлган барча дармондорилар мавжудлиги аниқланган. Витаминларга бой бўлган табиий шарбатлар иммунитетни мустаҳкамлашда ва инсоннинг стрессларга қарши бардошлилигини оширишда ёрдам беради, модда алмашинувини яхшилайди.

Ана шундай сархил ва тотли меваларнинг шарбати, иқлими мўътадил тупроқнинг сувлари ҳам саломатликни тиклашда алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек,  соғлом турмуш тарзи қоидалари, тўғри овқатланиш меъёрлари, кундалик суюқлик истеъмоли тартибларини бажариш ҳам муҳимдир.

Дарҳақиқат, ёз кунларида кўчаларда  салқин ичимликлар кўп сотилади. Булар ичида ўрик шарбати, морс, квас, айрон сингари чанқовбосди ичимликларга талаб катта. Лекин уларнинг тайёрланиш жараёни мавҳум, сотилиши санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Улар айрим фуқаролар томонидан қўлбола усулда тайёрланиб, хавфсизлиги ҳамда сифатини кафолатловчи ҳужжатларсиз савдога чиқарилмоқда. Боз устига идишлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат этилмаган материаллардан тайёрланган, санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бундан ташқари, улар сотиладиган жойларда ҳеч қандай шароит яратилмаган, ичимликлар қуйиб бериладиган идишлар тозалиги ҳам талаб даражасида эмас. Бундай шароитда сотилаётган шарбатларни истеъмол қилиш киши организми учун катта хавф туғдириши мумкин. Чунки уларда ичбуруғ, вирусли гепатит касалликларини қўзғатувчи микроблар бўлиши лаборатория текширувларида ўз тасдиғини топган. Шунингдек, турли кимёвий компонентлардан тайёрланган салқин ичимликлар қуёш тиғи остида сақланганида кумилятив хусусияти юқори бўлган токсик моддалар ҳосил бўлиши ва истеъмол қилинганда эса ошқозон, хавфли ўсма, жигар касалликларини келтириб чиқариши ҳам  илмий тасдиғини топган.

Жаҳон Cоғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлигининг 55 фоизи у кечираётган турмуш тарзига, 18 фоизи турли ирсий касалликларга, 17 фоизи экологик омилларга, 10 фоизи эса тиббий хизмат сифатига боғлиқдир.

Чанқовбосди ичимликларни ишлаб чиқариш, ташиш ва истеъмолга беришда санитария қоидаларига риоя қилинсагина инсон учун хавфсиз  ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёнида фақат қўлланишга рухсат этилган компонетлардан, тасдиқланган рецептура асосида фойдаланиш зарур. Чунки айрим салқин ичимлик тайёрлашда ишлатиладиган кимёвий бирикмалар ҳаммага ҳам ёқавермайди, қолаверса, уларнинг аллергенлик хусусияти юқори. Шу сабабли ишлаб чиқарувчи салқин ичимлик таркибини идиш ёрлиғида тўлиқ кўрсатиши шарт ва шу орқали айрим кимёвий моддалар (таъм берувчи, ранг ҳосил қилувчи ва ҳоказо)га аллергияси бор кишилар бундан бохабар бўлиши таъминланади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, кўча-кўйда қўлбола усулда тайёрланган, қадоқланмаган, турли ҳажмли идишлар (цистерна, бочка)да сотилаётган салқин ичимликларнинг биз учун фойдаси кўпми ё зарари? Ахир, улар микробнинг уяси-ку.

Яна бир муҳим жиҳат – салқин ичимликларнинг маълум ҳароратда, қуёш нуридан пана жойларда сақланиши масаласидир. Салқин ичимликлар учун мўлжалланган идишлар сирланган, қопқоқли, доим тоза ҳолатда тутилиши лозим, агар полимердан тайёрланган бўлса, у албатта салқин ичимлик қадоқлаш учун ишлаб чиқарилган бўлиши шарт, чунки полимер таркибидаги турли моддалар ўзидан нохуш ҳид чиқариши билан бирга айрим заҳарли моддалардан ҳам холи бўлмайди. 

Билишимиз зарур бўлган кейинги жиҳат, бу - фарзандимиз соғлиғи учун қайғуришдир. Айрим кимёвий бирикмалар ёш, ўсувчан организмга салбий таъсир кўрсатади, шу сабабли ёш болаларга кимёвий бирикмалардан тайёрланган салқин ичимликлар истеъмол қилишни тавсия этмаймиз.

Аҳоли истеъмол қилаётган салқин ичимликларнинг сифати ва хавфсизлиги ДСЭНМ томонидан лаборатория текширувидан ўтказилиб турилади, таркиби санитария қоида ва меъёрларига жавоб бермаган тақдирда, ишлаб чиқарувчи корхонага кўрсатмалар киритилиб, йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилади.

Салқин ичимликлар ишлаб чиқаришга рухсат этиш учун улар хавфсизлик ва истеъмолга яроқлилик кўрсаткичи бўйича аккредитациядан ўтган давлат санитария-эпидемиология назорати маркази лабораторияларида таҳлиллардан ўтказилади. Натижалар амалдаги меъёрий қоидаларга мувофиқ, деган хулосага келинганидан кейингина гигиеник сертификат берилади. Сўнг давлат маҳсулот ишлаб чиқарилиши учун талаб этадиган стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назардан давлат стандартизация ва метрология марказида яна бир бор стандарт талабларига лаборатория таҳлилидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати билан маъқулланган бўлиши керак.

Қарши шаҳри кўчаларида махсус цистернада сотилаётган морс ичимлиги лаборатория текширувидан ўтказилганида, уларнинг айримлари микробиологик зарарлангани қайд этилди. Ўрнатилган тартибга кўра, ўтказилган қисқа муддатли текширишда, тайёрлаш технологияси бузилганлиги билан бир қаторда сақлагичда (цистерна) ювиш-зарарсизлантириш ишлари ўтказилмаслиги, маҳсулот тасдиқланган рецепт асосида тайёрланмагани аниқланди. Сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарган мутасаддиларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тегишли тартибда маъмурий чора кўрилди.

Кези келганда таъкидлаш ўринлики, бугун кўчаларда турли мевалардан тайёрлаб сотилаётган қўлбола чанқовбосди ичимликларни истеъмол қилишдан олдин уларнинг санитария-гигиена талабларига мослигига эътибор қаратсангиз, бу ўз саломатлигингиз учун фойдали бўларди. Мабодо истеъмол қилсангизу кейин ўзингизда бирор бир нохушлик сезсангиз ёки умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши каби ҳолатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Зеро, бу борадаги эътиборсизлик  қимматга тушиши мумкин.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!