Меню
Қашқадарё
"ИНДОРАМА АГРО" КОРХОНАСИНИНГ МУЛКИНИ КИМ ЎМАРГАН ЭДИ?
Қилмиш-қидирмиш
Инсон ўз-ўзидан бахтли бўла олмайди. Бу нарса, аввало, унинг танлаган йўли, мақсади ва шу мақсад йўлидаги меҳнати, изланиш ва интилишларига боғлиқ. Олдига эзгу мақсад қўйиб, унга интилган, ҳаракат қилган киши фаровон ҳаёт кечириши, обрў-эътибор топиши мумкин бўлганидек, фақат бугунини ўйлаган, нафс измига тушиб, тўғри йўлдан бўйин товлаган кишининг умри ҳам ўнқир-чўнқирлар ичида кечиши тайин.
1976 йилда туғилган Раҳим Боймиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам ишлаб, ўзининг билими, ҳалол меҳнати билан жамоада эътибор қозониши, катта ютуқларни қўлга киритиши мумкин эди. Олий маълумотли, оилали, фарзандлари бор, иши, уй-жойи тайин, топиш-тутиши жойида бўлган киши учун яна нима керак ахир?! Аммо Раҳим бу нарсалар билангина қаноатланмади, янада кўпроғини истади. Оқибатда эса...
У дастлаб 2008 йилда жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги)да кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбланиб, 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ва яна 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоларига тортилган эди. Бироқ амнистия асосида қутулиб қолганди.
Берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқармаган бу инсон орадан кўп ўтмай яна жиноятга қўл уради.
Бу сафар ҳам яна мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ жиноятларни содир қилганликда айбланиб, жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг 2013 йил 4 декабрдаги ҳукми билан 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилади. Аммо орадан кўп ўтмай яна амнистия жонига ора кирган.
Мана шунча қилмишларидан кейин ҳам Раҳим Боймировга юксак ишонч билдириб, унинг билимига, тажрибасига, аввалги хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, ҳалол ишлашига ишонадиган жамоа топилди. Яъни вилоятимизда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш билан шуғулланаётган "Индорама агро" МЧЖ хорижий корхонаси Раҳим Боймировни ишга таклиф этиб, унга бош агроном вазифасини ишониб топширди.
Бу масъулиятли вазифани ўзига хос имконият тарзида қабул қилган Раҳимнинг хаёлини эса қандай қилиб бўлмасин корхонанинг моддий бойликларини ўғирлаб, ўз чўнтагини тезроқ қаппайтириш фикри эгаллаб олганди. У худди шу мақсадда экинларнинг касалликлари ва зараркунандаларига қарши сепиш учун ишлатиладиган турли кимёвий воситаларни ўмариб кета бошлайди.
Тартибга кўра, корхонанинг чет элдан келган мутахассислари пахта ва ғалла майдонларидаги ҳолатни ўрганиб, сўнг қайси далага қандай кимёвий дори воситаларини сепиш, уларнинг миқдори ҳақида тавсия берарди. Раҳим Боймировнинг вазифаси эса айтилган дориларни рўйхат асосида омборхонадан олиб, далага сепилишини таъминлашдан иборат эди.
Ана шу жойда қўл остидаги ҳайдовчи ва бошқа ишчиларни ўз йўриғига юрита олгани Раҳимга қўл келди. У дориларнинг бир қисмини кейин сепишини баҳона қилиб, уйига олиб кетар, раҳбариятга эса тўлиқ сепилганлиги ҳақида ҳисобот тақдим этарди.
Худди шу йўл билан 2019 йилнинг июль-ноябрь ойлари давомида корхонанинг умумий нархи 255 миллион 149 минг сўмлик кимёвий воситаларини талон-торож қилишга эришди.
Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, деган нақл бор. Раҳим Боймировнинг қилмиши фош бўлиши учун эса тўрт ой кифоя қилди. У корхонадан ўмарганларини тўлиқ қайтаришга мажбур бўлди. Ўртада иш берувчининг ишончини суиистеъмол қилгани, жамоанинг, яқинларининг олдида боши хам бўлгани қолди, холос.
Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг очиқ суд мажлисида Раҳим Боймиров томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ш.ҲАСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси