Меню
Қашқадарё
ИМТИЁЗ ВА ИМКОНИЯТ
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган кўргазмали семинар мазкур устувор мақсадлар ижросига бағишланди. Тадбирда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида аҳамият қаратилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзларини бериш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақланиб қолинди.
- Қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорлик соҳасининг турли йўналишлари бўйича қўшимча енгиллик ва имтиёзлар берилди, шунингдек, шу вақтгача амал қилган айрим имтиёзларнинг муддати узайтирилди, - дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Сирожиддин Эшматов. - Жумладан, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 та фаолият турига, шундан 4 тасини республиканинг барча ҳудудларида ва 8 тасини қишлоқ жойларда амалга оширганлик учун 2020 йилнинг 1 январигача татбиқ этилиши белгиланди, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар учун берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2019 йилнинг 1 январигача узайтирилди.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жорий қилинган янги тартиб-таомиллар, қўшимча ва ўзгартишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
- Мамлакатимизда тадбиркорлик тўлиқ давлат муҳофазасига олинган ва албатта, бундай мақбул шароитда ишлаш фаолиятимиз янада равнақ топишига хизмат қилади, - дейди Қарши шаҳридаги “Лола Жаҳон Маликаси” хусусий корхонаси раҳбари Толиб Ёдгоров. - Сўнгги вақтда корхонамизда ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ошгани бунга мисол бўлади. Биз ҳам давлатимиз томонидан берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб келаяпмиз. Ихтиёримизда қолган маблағни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтираяпмиз. Натижада янги иш ўринлари яратилмоқда. Ўтган йили корхонамизда 2 миллиард сўмликдан зиёд тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқардик. Бугунги кунда цехларимизда 100 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлардир.
Семинарда тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтаришди.
Фирдавсий ЖАББОРОВ