Меню

Қашқадарё

16.08.2016 2117

ИМТИЁЗ, ИМКОНИЯТ ВА ҚУЛАЙЛИКЛАР

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда мазкур фармон ижроси юзасидан 2015 йил 20 июлда қабул қилинган "Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда 2015 йил 20 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулк-ни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун бир қанча имконият ва қулайликлар яратилди.

Амалиётга жорий этилаётган бу каби ўзгаришлар боис вилоятимизда фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт маҳсулотлари учун белгиланган божхона тўловларини тўлашдан озод этиш йўналишида давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар миқдори 2016 йилнинг 1-ярим йиллигида 291 миллиард 380 миллион сўмни ташкил этиб, 2015 йилнинг шу даврига нисбатан (265 миллиард 531 миллион сўм) 25 миллиард 849 миллион сўмга ёки 9,7 фоизга ошди. Бу каби имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар бўйича қўлланилди.

Таҳлилларга кўра, 2015 йилда импорт  товарларига ҳисобланган божхона тўловларининг 76 фоизини имтиёзлар ташкил қилган бўлса, 2016 йилда мазкур кўрсаткич 81 фоизни ташкил этди. Натижада ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қўлланилган имтиёзлар миқдори 2016 йилда 5 фоизга кўп қўлланилиб, 18,2 миллиард сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолди.

Эътиборни экспорт йўналишида яратилган қулайликларга қаратадиган бўлсак, жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторида республикамизда ҳам 1997 йилдан буён экспорт божхона божи бекор қилинганини алоҳида қайд этиш зарур.

Таъкидлаш жоизки, божхона назорати муддатини уч йил билан чеклаш, шунингдек, товарлар божхона назоратидан ўтказилгандан бир йил кейин божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш амалиётини тақиқлашни назарда тутувчи ҳуқуқий нормаларнинг амалиётга жорий этилиши тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишчанлик муҳити яратилишига хизмат қилмоқда.

Рухсат бериш тартиб-таомилларининг камайтирилиши натижасида божхона расмийлаштируви муддати 10 кундан 3 кунга қисқартирилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан 2016 йилнинг биринчи ярми давомида 107,04 миллион АҚШ долларилик маҳсулот дунёнинг бир қатор давлатларига экспорт қилинди.

Экспортбоп маҳсулотлардан пахта толаси ва ип-калава 73,95 миллион АҚШ долларини, калий ўғити 10,17 миллион, полиэтилен грануласи 16,31 миллион ва суюлтирилган газ 1,91 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ Давлат божхона қўмитаси томонидан "Электрон декларациялаш" ахборот тизими амалиётга жорий этилган бўлиб, у орқали тадбиркорлар томонидан декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш йўлга қўйилди.

Товарларни электрон декларациялаш  ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланиб, 2013 йилда уларнинг сони вилоятда жами ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг 41,8 фоизини ёки 4252 тани ташкил этган бўлса, 2016 йилда расмийлаштирилган 5893 та божхона юк декларацияларининг барчаси интернет портали орқали 100 фоиз электрон   тарзда расмийлаштирилди.

Амалиётга электрон декларациялаш тизими жорий этилиши натижасида импорт товарларининг божхона расмийлаштируви жараёни 8,5 кундан 1,8 кунга қисқарди.

Умуман олганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш учун юртимизда яратилган кенг шароит ва имкониятлар, имтиёзлар соҳа ривожида муҳим ўрин тутиб, пировардида мамлакатимиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Олим ҚОДИРОВ, вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!