Меню

Қашқадарё

05.06.2018 2061

ИМПОРТ ҚАРИЙБ ИККИ БАРОБАР ҚИСҚАРДИ, ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОШДИ

Экспорт кўлами кенгайиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар рақобатбардош ва харидоргир эканидан ҳамда уларга дунё бозорида талаб мавжудлигидан далолат. Импорт ҳажмининг катта экани эса бунинг тескариси, яъни муайян ҳудуд ичида шундай маҳсулот ва хизматлар тақчиллиги, оқибатда мазкур эҳтиёж ташқаридан қопланаётганини кўрсатади. Демак, биринчиси, аниқроқ айтганда, хорижга товар сотишга қаратилган фаолият маҳаллий иқтисодиёт ривожини, ишлаб чиқариш қувватлари барқарор ишлашини, пировардида, одамлар даромади мунтазам кўпайишини таъминлайди.

Вилоят божхона бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи чораги давомида вилоятимиз ташқи савдо айланмаси ҳажми 141 миллион 539 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Ҳеч шубҳасиз, дунё бозорига чиқиш учун бизда катта ресурс, улкан салоҳият мавжуд. Ҳудудда фаолият юритаётган йирик корхоналар, кичик бизнес вакиллари, хусусий тадбиркорлар таклиф этаётган маҳсулотлар рақобатга дош бера олади, уларга хорижда кўплаб харидор топиш мумкин. Сўнгги вақтда бу борада ижобий ўзгаришларга эришилаяпти ҳам.

Тегишли рақамларга назар ташласак, 2018 йилнинг илк чорагида воҳамиздан 89 миллион 447 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспортга йўналтирилган. Бултур мазкур кўрсаткич қарийб 59 миллион АҚШ долларига етганди. Кўриниб турганидек, ўсиш суръати салмоқли, яъни аввалги даврга нисбатан 30 миллион 460 минг долларга кўп маҳсулот чет эллик харидорларга етказиб берилган.

Эътибор қилсак, ҳудудий экспорт таркибида толанинг улуши юқори. Ваҳоланки, бугунги шароитда хомашё сотиш билан мақтаниш ўринсиз. Балки уни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида ҳамкорларга таклиф этиш кўпроқ фойда келтиради. Шунга мувофиқ, ҳудуд текстиль саноатида янги қувватларни ишга тушириш эвазига даромадни ошириш кўзланган.

Тегишли ҳисобот даврида экспортдаги маҳсулдорлик юқори бўлишига ташқи иқтисодий фаолиятда янгидан иштирок эта бошлаган субъектлар ҳам муносиб ҳисса қўшди. Қарши туманидаги пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган “LT textile international” (9 миллион 862 минг доллар) хорижий корхонаси, Қарши шаҳридаги ламинат ишлаб чиқарувчи “Wood decor production” (3 миллион 264,8 минг доллар) ва терини ошлаш билан шуғулланаётган “Qarshi  leather” (2 миллион 143,1 минг доллар) қўшма корхоналарини шулар сирасига киритиш мумкин.

- Мазкур чоракда вилоятимиз экспортида қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари ҳам асосий ўрин эгаллади, - дейди вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Собир Холмуродов. – Ушбу муддатда воҳамиз ҳудудидан нетто оғирлиги 2239,15 тонна, фактура қиймати 1 миллион 845,77 минг АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилган. Жараёнда 10 дан зиёд тадбиркорлик субъекти қатнашди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европанинг айрим мамлакатлари асосий импортерлар бўлишди.

Дарҳақиқат, юртимиз заминида етиштирилган экологик тоза, турли витаминларга бой ва тотли мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари ва дуккакли экинларга жаҳонда талаб ошаяпти. Мамлакатимиз ишбилармонлари, деҳқонлари эса фурсатни қўлдан бой бермасликка, бу устунликдан юқори натижа чиқаришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Аҳолидан, фермер хўжаликларидан йиғиб олинган маҳсулотлар ҳўл ва қуритилган ҳолда ёки қайта ишланиб, хорижлик истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

“Биг агро” масъулияти чекланган жамиятининг бу борадаги фаолияти ҳам эътиборга молик. Ушбу агрофирма дунёда анча талабгир бўлган, ўзимизда етиштириш имкони мавжуд экинларни парваришлаб, мўл ҳосил олмоқда. Маҳсулотни ишлаб чиқаришдан то экспортга йўналтиришгача бўлган барча жараён кластер усулида ташкил этилган. Ушбу тадбиркорлик субъектига Миришкор туманидан катта ер майдони ажратилган. Агрофирма ўзининг логистика марказига эга.

- 100 гектардан ортиқ жойда айсберг салатбаргини етиштирдик, - дейди агрофирма иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов. – Уруғларни февраль ойида эккандик. Яқиндан ҳосил йиғиб олишга киришдик. Маҳсулдорлик гектарига 15 тоннадан ошишини мўлжал қилганмиз. Ҳозирда узиб, сараланган ва қутиларга жойланган маҳсулотни юклаб, босқичма-босқич экспортга жўнатаяпмиз. Бу борада россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Ушбу мамлакатдаги замонавий тамаддихоналар айсберг салатбаргининг асосий харидори саналади.

Айтиш жоизки, бу каби истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши вилоятимиз экспорт имкониятларини янада оширишга хизмат қилиши билан бирга, кўплаб одамларнинг доимий иш ўринлари билан таъминланишига ҳам кўмак беради. Яккабоғ туманидаги экспортчи корхона - “Кумуш куз файзи” масъулияти чекланган жамияти илгари сурган бизнес ташаббусда ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам. Унинг самарали амалга ошиши эса корхонанинг экспорт салоҳияти ортишига имкон беради.

- Хўжалигимиз паррандачиликка ихтисослашган бўлиб, мана бир неча йилдирки, ички ва ташқи бозорга тухум чиқариб келаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Аброр Камолов. – Ўтган йили 14 миллион дона тухум ишлаб чиқардик. Унинг бир қисмини аҳолига сотдик. Шунингдек, жами қиймати 546 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилдик. Афғонистон ва Тожикистондаги фирмаларга маҳсулот етказиб бердик. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам ташқи иқтисодий фаолиятимизни жадал давом эттирдик ва 88 минг долларлик маҳсулотни хориж бозорларига йўлладик. Айни пайтда паррандачилик мажмуамизда 286 минг бош товуқ боқилаяпти. Бу қувват амалда маҳсулотимизга бўлган талаб кўрсаткичларига мос келмайди. Шу боис ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишни мақсад қилганмиз.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда 12 минг бошга мўлжалланган жўжахона барпо этилаяпти. Янги қурилаётган товуқхонада эса 49 минг бош парранда боқишга шароит яратилади. Улар замонавий ускуналар ёрдамида парваришланади. Бунинг учун қарийб 200 минг доллар сарфлаб, хориждан янги товуқ боқиш линияси олиб келинади. Қолаверса, маҳсулотни яхши сақлаш учун махсус музлатгич қуришга ҳам киришилган. Бу лойиҳани қисқа муддатда ва сифатли амалга ошириш учун тижорат банкидан 800 миллион сўм миқдорида кредит олинган.

Маълумки, вилоятимизда нафақат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, балки ноозиқ-овқат саноати маҳсулотлари экспорти билан шуғулланиш борасидаги имконият ҳам юқори баҳоланади. Бинобарин, тармоқ корхоналари ҳам экспортбоп харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришда юқори самара кўрсата олаяпти. Жумладан, Қамаши туманидаги “Муродали фарм импекс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Асосан текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ўтган йили 1 миллион 607 минг доллар қийматидаги экспортни амалга оширган.

- Йилига 1000 тоннага яқин маҳсулот тайёрлаш имконига эгамиз, - дейди ушбу тадбиркорлик субъекти раҳбари Муродали Фармонов. – Унинг тури эса 4-5 хилга етади. Пахта момиғи, нотўқима мато, бўз кабиларни шулар қаторида санаш мумкин. Бу маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда ҳам бирдек талаб бор. Россия ва Қозоғистондаги бизнес-ҳамкорларимиз билан алоқаларни йўлга қўйганмиз. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатида уларга жами 414 минг АҚШ доллари қийматидаги текстиль маҳсулоти экспорт қилдик. Йил охиригача эса бу кўрсаткични 1 миллион 300 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Таъкидлаш керак, вилоятимиз ташқи савдо айланмаси биринчи чоракда 2017 йилнинг мос даври билан таққосласак, 20 миллион 655 минг АҚШ долларига пасайган. Экспорт ҳажми ортган бир пайтда бу қандай рўй берди, дерсиз. Бунга асосий сабаб импорт миқдорининг 2017 йилнинг тегишли даврига нисбатан қарийб икки баробар, яъни 51 миллион 119 минг АҚШ долларига камайгани билан боғлиқ. Демак бу ижобий ва шу билан бирга мақсадга мувофиқ ҳолат. Буни импорт товарлар ҳажмини имкон қадар чеклаш, юртимизга фақатгина ички бозорда муқобили йўқ маҳсулотларни, кўпроқ замонавий технологияларни олиб кириш, бундай товарларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси, десак адашмаймиз.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!