Меню
Қашқадарё
ҲИМОЯ - БУ ФАҚАТ ҚЎЛГА ҚУРОЛ ОЛИБ, ЧЕГАРАДА ҲУШЁР ТУРИШ ДЕГАНИ ЭМАС
Ватанни ҳимоя қилиш - бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас экан, юртимизнинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган пурҳикмат анъаналарни, бағрикенг, саховатли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимиз, динимиз, миллий қадриятларимиз, ёшларнинг дунёқарашини, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-гиёҳигача, она ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз керак.
Ватан - муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилиб: "Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни - унинг Ватанини ифода этади.
Ҳакимлар айтадилар: "Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуриши, биродарларини соғиниши ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади". Шундай экан, инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражасида ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ватан ҳимоясидан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Қуръони каримда бани Исроил қавми мисолида қуйидагича баён этилган:
"Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг Пайғамбарига: "Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик", - дейишди. "Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз", - деди (Пайғамбар). Улар: "Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?", - дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир" ("Бақара", 246).
Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Ватан учун курашиш, унинг озодлиги, чегараларининг дахлсизлигини қўриқлаш муқаддас бурчдир.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу ҳақда Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири - Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси - Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини", деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбийлар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар - ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳамма ўз вазифасини ҳалол, виждонан бажарса, шунинг ўзи ҳимоядир.
Қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Ҳазрати Сарвари олам (а.с.) айтганларидек: "Инсонларнинг яхшиси - инсонларга манфаатлисидир".
Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз (а.с.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш энг муҳим вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, ҳарбийларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмонанд диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби