Меню

Қашқадарё

24.04.2018 3804

ИМОМ АЛ-БУХОРИЙ КЕШ ВА НАСАФДА БЎЛГАНМИ?

Имом ал-Бухорий азалдан илм-фан ва маданият маркази бўлган Бухорода таваллуд топган. У 10 ёшларида араб тили ва ҳадис илмини қунт билан ўрганишга киришган. 16 ёшида акаси ва онаси билан Ҳаж сафарида бўлган. Зиёрат асносида Балх, Бағдод, Куфа, Басра, Дамашқ, Маккаю Мадина каби кўплаб шаҳарларни ҳам кезиб чиқади. Манбаларда Имом ал-Бухорий ҳазратлари Кеш ва Насафда ҳам бир муддат бўлганлари баён этилади.

Бунга сабаб шуки, Кеш ўз даврида илм-маърифат маркази ҳисобланган. Буни шаҳарнинг "Қуббатул илм вал адаб" - илм ва одоб гумбази, дея таърифланганидан ҳам билиш мумкин.

Кўплаб машҳур олиму фузалолар қаторида Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам Кеш шаҳрини бир муддат ватан тутганлар. Бу ҳақда "Зафарнома"да шундай дейилади: "Баъзи китобда манқул турурким, Кеш шаҳри бурун уламои исломнинг ери эрмиш ва бузругвор муҳаддислардин уч имом анда ватан қилгон турурлар: бири Абу Муҳаммад (Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид ибн) Наср (ибн Ҳумайд) ал-Кашший ва яна бири (Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Дорамий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, разийаллоҳи анҳум". 

Мазкур фикрлардан кўринадики, шаҳри Кеш вақтида ислом уламолари, етакчи вакиллари тўпланган, йиғиладиган жой бўлган.

XIII аср охири - XIV аср бошларида Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан фақиҳлар орасида эса насафликлар салмоқли ўрин эгаллайди. Насафшунос олим, Туркиянинг Эржиес университети профессори Тамал Яшилюртнинг ёзишича, Усмонли турк олимлари тафсир, ҳадис ва адаб илмларини эгаллаш учун Сурия, Ироқ, Миср каби давлатларга борган бўлса, фиқҳ, калом ва фалсафа каби илмларни эгаллаш учун Насаф, Самарқанд ва Бухорога келишган.

Кўплаб алломалар қатори Имом ал-Бухорий ҳам Насаф шаҳрига келиб, у ердаги Боён (Поён) маҳалласида истиқомат қилганлар. Насаф шаҳри тарихи ва бу ердан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда қомусий билимлар соҳиби Абдулкарим ас-Самъонийнинг (1113-1167) "Ал-Ансоб" асари алоҳида ўрин тутади. "Насаф - Мовароуннаҳр шаҳарларидан. Аввалги номи - Нахшаб. Бу шаҳарда қарийб икки ой турдим ва у ернинг кўп олимларидан таълим олдим. Бу шаҳардан ўз фанининг кўп мутахассислари етишиб чиққанлар. Уларнинг саноғига етиш қийин", деб ёзади ас-Самъоний.

Шунингдек, у ўз асарида Имом ал-Бухорий бир муддат Насафда яшаганликлари тўғрисида ҳам айтади: "Боён (Поён) Насафнинг маълум ва машҳур маҳаллаларидан. Бу маҳаллада Имом ал-Бухорий бўлганлар. Мен бу қишлоқда кўп бўлдим ва Имом ал-Бухорий намоз ўқиган масжидда намоз ўқидим".

Имом Бухорий Насафда яшаганларида Оброн қишлоғилик Абу Муҳаммад Жабрил ибн Авн  у зот билан бирга бўлганлар. Бу ҳақда ас-Самъоний шундай ёзади: "Абу Муҳаммад Жабрил ибн Авн ал-Офуроний исломнинг пешқадам олимларидан. Имом ал-Бухорийнинг дўстларидан. Имом ал-Бухорий Насафда яшаганларида бу киши у зот  билан бирга бўлганлар".

Насаф шаҳрининг Жўйбори маҳалласида яшовчи  Абу Бакр Муҳаммад ибн Суррий ал-Бухорий билан учрашганлари "Ал-Ансоб"да шундай эътироф этилади: "Абу Бакр Муҳаммад ибн Суррий ал-Жўйборий Насафнинг Жўйбор       маҳалласидан. "Ҳам" лақаби билан танилганлар. Мен бу маҳаллада бўлганман. Бу киши солиҳ шайх ва ғассол (ўликларни ювувчи) бўлганлар. Имом ал -Бухорий билан учрашганлар".

Ал-Бухорий Насафга келганларида Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ал-Ажирнинг уйида бўлганлар. Бу ҳақда "Ал-Ансоб"да:  "Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ал-Ажир Насаф аҳлидан. Имом ал-Бухорий Насафга келганларида шу кишининг уйларида бўлганлар", дейилади.

Демакки, манбаларнинг тасдиқлашича, улуғ муҳаддис Имом ал-Бухорий ўз даврида Кеш ва Насаф шаҳарларида бўлиб, бу ердаги аҳолини  ўзларининг  илм зиёларидан баҳраманд қилганлар.

Руҳиддин АКБАРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!