Меню

Қашқадарё

30.05.2022 1955

ИММУНИЗАЦИЯ, ВАКЦИНАЦИЯ ВА ТАРҒИБОТ

Матбуот анжумани

  Қарши шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда иммунизация ва вакцинация жараёнлари, Миллий профилактик эмлаш тақвими ва бу борада аҳолига ишончли маълумотларни етказиш юзасидан соҳа экспертлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.

Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни сил ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда.

Муҳими, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этмоқда. Бунинг самараси ўлароқ юртимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олинмади.

Шундай бўлса-да, давлатимизнинг жуда катта маблағлари эвазига яратилаётган бу имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатлами бирдек тушуниб етаётгани йўқ. Вақтинчалик безовталанишдан чўчиб, эмлашдан бўйин товлаш, ўзаро гурунгларда бутунлай тескари тарғибот олиб бориш ҳоллари учраётгани жуда ташвишланарли ҳол. Бунинг олдини олиш учун тарғибот ишларини тўғри юритиш зарур.

Тадбирда мавзу юзасидан ОАВ ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Бу борадаги тарғибот самарадорлигини ошириш йўлида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

А.ДАВРОН

Суратларда: матбуот анжуманидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!